Жаҳон | 22:32 / 22.06.2023
41705
2 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг сайловдаги асосий рақиби 110 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин 

Камол Қиличдорўғлига қарши аллақачон 28 та даъво қўзғатилган. Барча даъволар йиғиндисига кўра, у 110 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Фото: EPA/ТАСС

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг президентлик сайловида асосий рақиби Камол Қиличдорўғли дахлсизликдан маҳрум қилингани муносабати билан судланиши мумкин. 

Cumhuriyet газетасининг ёзишича, сайловда ютқазган Қиличдорўғли парламентга кира олмади, чунки ижро ҳокимияти раҳбари бўлган президентликка номзод бир вақтнинг ўзида депутатликка номзод бўла олмайди. Шу сабабли у «иммунитети» - дахлсизлигини йўқотган. 

Қиличдорўғлининг адвокати Жалол Челикнинг маълум қилишича, ҳозиргача Қиличдорўғлига қарши 28 та даъво қўзғатилган ва улар Анқара прокуратурасига тақдим этилган. Унинг тушунтиришича, ўтмишдаги баъзи ишлар Қиличдорўғлининг дахлсизлиги туфайли тўхтатилган эди, энди эса яна очилиши мумкин. 

Журналистлар таҳлилига кўра, Қиличдорўғлининг ҳозир судда бўлган барча маълум ишлари тўпланса, 110 йиллик қамоқ жазосига олиб келиши мумкин. 

Шу билан бирга, Қиличдорўғлига қарши даъволарнинг аксарияти амалдаги президент Эрдўғанни ҳақорат қилиш билан боғлиқ ва унинг адвокатига кўра, парламент минбаридаги чиқишлар терговга тортилмайди. 

Шу билан бирга, нашрнинг қайд этишича, бу суд жараёнлари Қиличдорўғли учун сиёсатдан четлатилишига олиб келиши мумкин. Таъкидланишича, ҳатто бир йилдан ортиқ ҳар қандай қамоқ жазоси сиёсий тақиқни англатади. 

14 май куни Туркияда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Биринчи тур натижаларига кўра, номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмади. Сайловчиларнинг 49,52 фоизи Эрдўғанга, 44,88 фоизи унинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғлига овоз берди. 28 май куни Эрдўған ва Қиличдорўғли сайловнинг иккинчи босқичида «тўқнаш келди» ва Эрдўған 52,24 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, Қиличдорўғли 47,76 фоиз овоз тўплади. 

Сайлов натижаларига изоҳ берган Қиличдорўғли, мамлакатдаги сайлов жараёнини сўнгги йиллардаги энг адолатсизи деб атади. 

Мавзуга оид