Жаҳон | 11:39 / 23.06.2023
4623
2 дақиқада ўқилади

Россияликларга рўйхатдан ўтмаган нодавлат ташкилотларда ишлаш тақиқланади

Давлат думаси томонидан биринчи ўқишда маъқулланган қонун лойиҳалари пакети Адлия вазирлиги реестрига киритилмаган хорижий нодавлат ташкилотлари фаолиятида иштирок этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий қилади.

Фото: KP

Россия Давлат думаси Россиядаги хорижий ёки халқаро ноҳукумат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини тартибга солувчи учта қонун лойиҳасидан иборат пакетни биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда 22 июнь, пайшанба куни парламент қуйи палатаси сайтида маълум қилинди.

Қонун лойиҳаларидан бири «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги федерал қонунга, иккинчиси - Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, учинчиси - Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритади. Ушбу тузатишларга кўра, агар ушбу ташкилотлар Адлия вазирлиги реестрига киритилмаган бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида иштирок этиши тақиқланади. Акс ҳолда, маъмурий ва жиноий жавобгарлик юзага келиши мумкин.

Маъмурий кодексга ўзгартиришлар жисмоний шахслар учун 5000 рублгача, мансабдор шахслар учун 50000 рублгача ва юридик шахслар учун 100000 рублгача жарима солишни назарда тутади. Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 50 000 рублгача жаримага тортилади ва Россиядан чиқариб юборилади. Жиноят кодексига киритиладиган ўзгартишларга кўра, икки йилгача (рўйхатдан ўтмаган хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида иштирок этганлик учун) ёки уч йилгача (бундай ННТ фаолиятини ташкил этганлик учун) озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. 

Ҳужжатларнинг ташаббускорлари қонун лойиҳалари қабул қилинишини «давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва унинг суверенитетини ҳимоя қилиш» билан асослади. «Хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари инсонпарварлик мақсадлари ниқоби остида ва кўпинча чет эл агентлари билан яқин ҳамкорликда мамлакатимиз конституциявий ва иқтисодий асосларига путур етказиш устида ишламоқда», — деди қонун лойиҳалари ҳаммуаллифларидан бири, Давлат думасининг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси Василий Пискарев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид