Жаҳон | 17:29 / 23.06.2023
41395
6 дақиқада ўқилади

«Тарих такрорланмоқда»: Жеймс Кэмерон «Титан» ҳалокатига масъулиятсизлик сабаб бўлгани ҳақида

Ҳолливуд режиссёри, «Титаник» ҳақидаги филмни суратга олган ва катта чуқурликка кўп бор шўнғиган Жеймс Кэмерон BBC учун интервюсида «Титан» батискафи йўқолиб қолган дастлабки хабардан кейиноқ энг ёмон иш содир бўлгани ҳақида гумон қилганини айтди. Режиссёр шунингдек шўнғишни ташкиллаштирган OceanGate компанияси «Титаник»ка экспедициялар хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантирилганини маълум қилган.

Режиссёр Жеймс Кэмерон «Титаник» қолдиқларини кўриш учун 33 бор сув тубига шўнғиган

Бортида беш киши бўлган «Титан» батискафи якшанба куни тонгда миссия бошланганидан 1 соат-у 45 дақиқа ўтганидан кейин ғойиб бўлиб қолди. Қидирув амалиёти 22 июн куни кечгача давом этди, ҳодисанинг тўртинчи куни «Титаник» ҳалокатга учраган нуқта яқинида батискаф қолдиқлари аниқланди. Экспертларнинг ҳисоблашича, аппарат сув босими остида парчаланиб кетган ва экипажнинг барча аъзолари ҳалок бўлишган.

Ўзи ҳам «Титаник» остовини (қобирғаси) кўриш учун 33 бор сувга шўнғиган Кэмероннинг айтишича, рўй берган ҳодиса картинаси унга аввалбошдан тушунарли бўлган.

«Мен нима бўлганини ичдан ҳис қилдим. Агар сувости кемаси электроникаси ишламай қолса, шу билан бир вақтда унинг алоқа тизими ва кузатув транспондери ишдан чиқса — сувости кемаси йўқолади», — дейди Кэмерон.

Режиссёр сувости кемалари билан шуғулланувчи танишларига қўнғироқлар қилгани ва унда бир соатдан кейин нима бўлгани ҳақида аниқ тасаввур ҳосил бўлгани ҳақида айтиб берган. «Улар шўнғишган, уларнинг мақсади 3800 метрга тушиш бўлган, 3500 метр чуқурликда улар билан алоқа йўқолган ва кузатиш тизими ўчган. Мен дарҳол айтдимки, икки тизим ҳам йўқолиши фақат қандайдир улкан фалокат натижасида рўй бериши мумкин», — дея эслайди Жеймс Кэмерон.

Унинг сўзларига кўра, биринчи келган фикр капсула ҳаддан ташқари кучли сув босими туфайли пачоқланиб кетиши ҳақида эди.

Айни вақтда «Титан» ҳалокати бўйича асосий версия ҳам шу бўлиб турибди. Экспертлар бу ҳодисани тасвирлашда имплозия (ичкарига қаратилган портлаш) атамасидан фойдаланишади.

Пайшанба куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари расмий вакили журналистларга «Титан» сув юзаси билан алоқани йўқотганидан кўп вақт ўтмай, ҳарбий-денгиз флоти «имплозияга хос акустик аномалия [яъни шовқин]»ни қайд этгани ҳақида хабар берган.

Бу маълумот АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати гуруҳига етказилган, натижада қидирув ҳудуди радиусини торайтиришган.

Кэмерон ўтаётган ҳафта унинг учун «тақиллашлар, кислород ва бошқа барча тахминлар аралашиб кетган ва узоқ давом этган даҳшатли спектакл сифатида ёдда қолади».

«Мен батискаф ўз жойлашуви ҳақида охирги маълумотларни юборган нуқта атрофида эканини билардим. Уни айнан ўша ердан топишди», — дейди режиссёр.

У «Титан»ни пайшанба куни масофадан бошқарилувчи Victor 6000 сувости аппаратини жалб этишларидан кўп вақт ўтмай топишганига эътибор қаратган.

«OceanGate огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирган»

OceanGate компаниясининг «Титан» аппарати (архив фото)

Кэмероннинг сўзларига кўра, «Титаник» фожиасини кузатиш учун тушган «Титан»нинг ҳалокатга учрашида «даҳшатли киноя» бор. Бунгача режиссёр телевизион интервюда «Титаник» капитани бир неча бор айсберглар хавфи ҳақида огоҳлантирилгани, аммо у бу огоҳлантиришларга эътибор бермагани ҳақида гапирганди.

Энди, режиссёрнинг таъкидлашича, тарих такрорланмоқда, чунки «Титан» тегишли бўлган OceanGate компанияси «ҳалокат томон йўлда кетаётгани» тўғрисида огоҳлантирилганди.

«Афсуски, огоҳлантиришларга эътибор бермаслик туфайли яна бир шундай ҳалокат рўй берди», — дейди Кэмерон.

Ҳолливуд режиссёри OceanGate компанияси уюштирган сувости экспедициялари хавфсиз бўлмагани ҳақида гапирган илк одам эмас. New York Times нашри ихтиёрида мавжуд бўлган, Денгиз технологиялари жамияти (MTS) томонидан OceanGate’га йўлланган мактубда ҳам «компаниянинг экспериментлари салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги» айтилган.

Жеймс Кэмероннинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда компания бир қанча ходимларни ишдан бўшатганди.

Бошқа иш бўйича суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, OceanGate собиқ ходимларидан бири батискафда сувга шўнғиш хафвсиз эмаслиги ҳақида 2018 йилдаёқ огоҳлантирганди.

Шунингдек OceanGate техник мезонлари борасидаги хавотир компаниянинг денгиз операцияларини назорат қилиш бўйича директори Дэвид Лохриж имзоси қўйилган инспекция ҳисоботларидан бирида ҳам мавжуд.

Жеймс Кэмерон ўзининг сувости дунёсига муҳаббати билан танилган. У «Титаник» ҳалокатга учраган жойга шўнғишдан ташқари, дунё океанларидаги энг чуқур нуқта бўлмиш Мариана ботиғига (11 минг метрдан ортиқ) ҳам тушган. У ишлаган сўнгги филм «Аватар: Сув йўли» (Avatar: The Way of Water) филмидаги воқеаларнинг аксар қисми сув остида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид