Ўзбекистон | 22:06 / 24.06.2023
20864
5 дақиқада ўқилади

Ислом молияси Ўзбекистонга йилига 10 млрд долларгача жалб қилиши мумкинлиги айтилди

Ўзбекистонликларнинг қарийб 20 фоизи диний сабабларга кўра анъанавий кредит маҳсулотларидан фойдаланмайди, ислом молиясини йўлга қўйиш мамлакатга йилига 10 млрд долларгача жалб қилиши мумкин, деди Тошкентдаги молиявий форумда Apex bank раиси Баҳром Нўмонов. Ҳаёт банк раиси Зоҳид Алимов ва халқаро эксперт Хондамир Нусратхўжаев ислом молияси шаффофлик, этика ва рискларнинг адолатли тақсимланиши билан ажралиб туришини таъкидлади.

Фото: ПЛАС-Форум

21-22 июн кунлари Тошкент шаҳрида “Финтех, банклар, ритейл” ПЛАС– форуми бўлиб ўтди. Ундаги сессиялардан бири Марказий Осиёда ислом молияси ва унинг истиқболларига бағишланди.

Форумда сўз олган Apex bank бошқаруви раиси Баҳром Нўмоновнинг фикрича, ислом молиясининг татбиқ этилиши Ўзбекистонга ҳар йили 10 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиши мумкин. Аҳолининг аксарияти мусулмонлар экани ҳисобга олинса, исломий молиялаштириш маҳсулотларига талаб ортиб боради.

“Бутун дунёда ислом молиясига бўлган эҳтиёж ортиб боряпти. Хусусан, айни пайтда жаҳонда ислом молиясининг жами активлари қарийб 4 триллион долларни ташкил этади. Ўзбекистонда фуқароларнинг қарийб 20 фоизи диний сабабларга кўра анъанавий кредит тизимидан фойдаланмайди. Мамлакатда исломий молиянинг ривожланиши ҳар йили Ўзбекистонга 10 миллиард долларгача жалб этиши мумкин”, – деди Нўмонов.

У айни пайтда мамлакатда исломий молиявий маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун тартибга солувчи қумдон ишлаётганини қўшимча қилди.

“Вазирликлар ва Марказий банк исломий молия фаолияти учун қонунчилик базасини яратиш устида ишламоқда”, – деди Apex bank раиси.

Ҳаёт банк бошқаруви раиси Зоҳид Алимов ҳам Ўзбекистонда исломий молияга бўлган талаб юқори эканини айтди.

“36 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда исломий молиялаштиришнинг катта истиқболи бор, чунки аҳолининг 90 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Исломий молиянинг жозибадор жиҳатлари бу – тизимнинг шаффофлиги ва этикаси, кредитлаш жараёнларини тақиқлаш ҳамда хатар ва фойданинг адолатли тақсимланиши ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистонда исломий молия тизимининг фаолият юритишига имкон берувчи қонунчилик устида иш олиб борилмоқда”, – деди у.

Ислом молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти кенгаши аъзоси Хондамир Нусратхўжаев ислом молиясини “замонавий молиявий иқтисодиётнинг детокси” деб атади. Унинг тушунтиришича, ислом молиясининг асосида инсон қадр-қиммати ва мулкининг дахлсизлиги ётади.

“Бу тизимда кредит фоизсиз бўлиши, молиявий рисклар адолатли тақсимланиши керак. Бундай ёндашув ҳар қандай дунёвий мамлакатга молиявий инклюзивлик беради”, – деди у.

Унинг таъкидлашича, айнан молиявий инклюзивлик бағишлагани учун ҳам ислом молияси бутун дунёда ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистонда ислом молияси

Ўзбекистон расмийлари банк сектори ва ташқи савдони ривожлантириш мақсадида ислом иқтисоди бошқаруви ва ислом молиявий институтларини жорий қилиш нияти ҳақида 2017 йилдан буён айтиб келади.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Ипак йўли банки Ислом тараққиёти корпорациясидан 2006 йили 2 миллион, 2010 йил 5 миллион, 2017 йилда эса 14 миллион доллар маблағ олган.

2018 йил июл ойидан бошлаб яна икки банк: Trastbank ва Invest Finance Bank Ислом тараққиёти корпорацияси билан молиявий ҳамкорликни йўлга қўйди. Кўп ўтмай, Ислом тараққиёти корпорацияси Ўзбекистондаги 6та институт: Капиталбанк, Асакабанк, Туронбанк, Ҳамкорбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Asia Alliance bank билан шаръий-молиявий масалалар бўйича шартнома имзолади.

2021 йилда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов банкларда ислом дарчаларини очиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.

2021 йил 1-4 сентябр кунлари Тошкентда Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Саммитда ИТБ гуруҳи ва ўнта аъзо мамлакат ўртасида умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг 30 та молиявий келишув имзоланди. Шундан 330 миллион долларга тенг маблағ Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб сарфланиши келишилди.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳининг йиғилишида Ўзбекистон учун Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси тузилган, шу билан бирга, ИТБнинг тўлов тизими ишга тушди.

2022 йилда ислом молияси бўйича нуфузли халқаро ташкилот – Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудиторлик ташкилоти Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатган.

Шунингдек, 2022 йил 20 апрел куни имзоланган “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунда, микромолия ташкилотлари ислом молияси тамойиллари асосида қарзлар бериши мумкинлиги белгиланди.

Мавзуга оид