Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланмаяпти. Белгиланган муҳлатдан 5 ой ўтиб кетди
Минимал истеъмол харажатлари 18 ойдан бери янгиланмаяпти. Бу миқдор узоғи 20 январгача эълон қилиниши керак эди. МИХ миқдорининг оширилиши бевосита пенсия ва нафақалар миқдорига ҳам таъсир қилади.
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси расман минимал истеъмол харажатлари (МИХ) билан ўлчанади.
МИХни аниқлаш тартиби 2021 йил 27 августдаги ҳукумат қарорида белгиланган. Унга кўра, Статистика агентлиги минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳисобот йилидаги инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши керак.
Охирги марта МИХ 2022 йил январда 498 минг сўм этиб белгиланганди. Шундан бери ўтган 18 ойда йиғилган инфляция ижтимоий тўловларга индексация қилиниб, минимал истеъмол харажатлари миқдори янгилангани йўқ.
Статагентлик ахборот хизматининг Kun.uz'гa маълум қилишича, яқин кунларда МИХнинг янгиланган миқдори эълон қилинади. Агентлик расмийси нима сабабдан шу пайтгача янги миқдор эълон қилинмагани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.
Аввалроқ, мамлакатдаги камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга пасайгани эълон қилинганди. Камбағаллик чегарасини белгилашда расман минимал истеъмол харажатлари ўлчов сифатида олинишини ҳисобга олсак, бу статистик рақамларни шакллантиришда бир йил олдинги 498 минг сўмлик миқдор билан ҳисоб-китоб қилиганми ёки тахминий янги миқдор олинганми, бу номаълум.
Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг аҳамияти нимада?
Минимал истеъмол харажатлари – моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш мезони ҳисобланади. МИХ орқали камбағаллик чегараси белгиланади. Моддий имконияти шу чегарага етмаган ёки ундан паст оилаларига давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак берилади.
Масалан, 4 кишидан иборат оиланинг бир ойлик харажатлари 1 млн 992 минг (2022 йилнинг 1 январь ҳолатига) сўмдан кам бўлса, бу оиланинг харажатларини 1 млн 992 минг сўм миқдорига етказишни давлат зиммасига олган.
Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасига асосан, пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдам турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган минимал истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
- моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларга муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатиш.
Маълумот учун, 2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг май ойида эълон қилинганди. Бу миқдор 2022 йилнинг январида 13,2 фоизга оширилиб, 498 минг сўмга етказилган.