«4 триллион долларлик улуш» – Ислом молияси ва унинг аҳамияти ҳақида мутахассислар билан суҳбат
Ислом молиясининг афзал томонларидан бири инқироз даврларида зарарни фақат бир тарафга илиб қўймасдан, бошқа томонлар билан бўлишишидир. Аслида бу тизим янги пайдо бўлган эмас, балки ўзига қадар мавжуд бўлган молиявий жараёнларнинг хатосини тўғрилаган холос, дейди Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон. Ҳуқуқшунос Ҳусайн Ражабов эса жаҳон тажрибасида Исломий банклар диний ташкилот эмас, балки анъанавий молия тизимнинг муқобили сифатида кўрилишини билдирди.
Ўзбекистонда сўнгги йиллар Ислом молиявий муассасаларини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Хусусан, банкларда исломий дарчалар ва микромолия ташкилотлари очилмоқда. Бундан ташқари, Исломий банклар фаолиятини йўлга қўйиш учун замин бўладиган қонунчилик ишлаб чиқилмоқда. Қувонарли тарафи, бундай ишлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, соҳа ривожи учун алоҳида эътибор ажратилмоқда.
Kun.uz мухбири – Ислом молияси бўйича AAOIFI сертификати соҳиби, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон ҳамда Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Ҳусайн Ражабов билан суҳбатлашди. Мутахассислар Ислом молия тизими ва унинг дунё иқтисодидаги ўрни, Ўзбекистонда Исломий банклар очиш, қонунчиликда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритади ва уларга ўз тавсияларини берди.
— Ислом молияси ўзи нима? Ислом молияси деганда, нимани тасаввур қилиш керак?
Маҳмуд Усмон:
— Ислом молиясига кенгроқ ва торроқ маънода қараш мумкин. Кенгроқ олганда, ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсларнинг молиявий муносабатлари, ҳар қандай моддий қийматга эга бўлган нарсалар киради. Торроқ маънода инвестицияни яратиш ва ўрганишдаги асосларнинг исломий қоидаларга қурилиши Ислом молияси бўлади. Бир нарсани эътиборга олиш керак. Ислом молияси янги пайдо бўлган муқобил эмас, балки ўзига қадар мавжуд бўлган молиявий жараёнларнинг хатосини тўғрилади, холос. Масалан, тижоратда низога олиб борувчи мажбурлик элементи, рибо билан боғлиқ масалалар бор эди. Ислом мана шу муносабатларни тўғрилади. Яъни тақиқланган элементлардан тозаланган шаклдир.
— Ҳозирги вақтда дунё иқтисодиётида Ислом молиясининг ўрни ва у қандай ўсиб боряпти?
Ҳусайн Ражабов:
— Ислом молияси ривожланиш тарихи 40-45 йилни ўз ичига олади. Лекин шунга қарамасдан, ҳозир Ислом молиясининг активлари 4 трлн долларга етган. Тўғри, глобал молиявий тизимда бу 2 фоизни ташкил этади, лекин қисқа вақт ичида ривожланиш тез бўляпти. Ҳозирда ислом молиясининг йиллик ўсиши 15-20 фоизни ташкил этяпти. Бутун дунёда 500 дан ортиқ исломий банклар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари бошқа молиявий ташкилотлар 2 мингга яқин. Нафақат исломий давлатлар, балки номусулмон бўлган Япония, АҚШ, Англия каби давлатларда исломий банклар бор.
Маҳмуд Усмон:
— Дунёда 2 млрдга яқин мусулмонлар бор пайтда нега исломий молия улуши 2 фоиз, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг жавоби тарихга тақалади, яъни ҳозирги молия тизими шаклланаётган пайтда аксарият мусулмон давлатлари мустамлака бўлган ва Ислом молиясини шакллантиришга имкон бўлмаган. Умуман, технологиялар ривожланиши, товар айирбошлаш осонлашиши, алоқа воситалари такомиллашиши даврида ҳам исломий давлатларда имконият кам эди. Ислом молияси деган тушунча ўртага чиққан пайтда жахон молияси аллақачон оёқ ва турган, шаклланиб бўлган эди. Ислом молияси кириб келганда, ё янги молиявий муассасалар очиш, ё мавжуд молиявий ташкилотларни ўзгартириш ва ё мавжуд ташкилотларда ислом молияси дарчалари ташкил этиш масаласи пайдо бўлди. Бундан ташқари, амалдаги жаҳон молия тизими қанчалик савдо-иқтисодий, пул айирбошлаш масалаларида мос келади, қабул қилади, деган масала ҳам бор эди. Айни шу омиллар секинлаштирувчи омил бўляпти. Лекин, президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом молиясини Ўзбекистонга олиб кириш, баъзи қонунчилик ҳужжатларини мослаштириш хақидаги гаплари ислом молиясининг қанчалик тез ўсиб бораётганига мисол бўла олади.
— Маълумотларга кўра, 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозида энг кам талафот кўрган ва чидамли бўлган молия тизими сифатида исломий банклар кўрсатилган экан. Нима учун бундай кам талафотлар билан чиққан бу тизим? Тизимнинг қандай ҳимоя механизмлари бор?
Маҳмуд Усмон:
— Муҳим савол бу. Ислом молияси тизимининг энг афзал томони инқироз даврларида зарарни бошқа томонлар билан бўлишиши, фақат мижозлар бўйнига илиб қўйилмаслиги.
Яна бир мисол келтираман. Дейдик, бир уй сотиб олишда бўлиб тўлаш учун олади бир шахс, кейин у уйини сотмоқчи бўлади ва баландроқ нарх айтади, сотиб олган одам ҳам шундай қилиши мумкин. Яъни ҳали пули тўланмаган, шахс қўлида пул бўлмаган ҳолда сунъий равишда нарх ошиб бораверади ва сотиб олиш имконияти пасайиб кетади бошқаларда, натижада инқироз бўлади. Ислом банклари эса уй қачонки тўлиқ ўзиники бўлганда сотишга рухсат беради ва сунъий нарх ошишига йўл қўймайди.
Анъанавий банк тизимида банклар мижозга пул беради бирор бизнес бошлаши учун. Ва ўша пулини қайтариб олади, лекин мижознинг бизнеси бўлдими ёки бўлмадими иши йўқ, бундай ҳолатда мижознинг иши ўхшамаган бўлса, у зарар кўриб қолади. Ислом банклари эса мижозга шериклик таклиф этади ва мижоз бошламоқчи бўлган ишни ўзи ҳам ўрганиб чиқиб, хулоса беради. Яъни банк кредит берувчи эмас, инвестор сифатида қатнашади, мижоз фойда кўрса банк хам фойда кўради, зарар кўрса, банк хам зарар кўради. Натижада жамиятда бир тоифа инқироз туфайли иккинчи тоифага ўтиб қолиши кузатилмайди.
— Мутахассислар исломий молия марказлари сифатида Дубай, Лондон, Куала Лампур, Манама шаҳарларини санаган. Булардан учтаси аҳолиси мусулмон давлатларда жойлашган, буни тушуниш мумкин. Нега Лондон бор бу рўйхатда, қандай эришди бунга?
Ҳусайн Ражабов:
— Ҳозирда Лондонда камида 6 та исломий банклар бор, бундан ташқари, исломий дарчалар ҳам бор. Биринчи сабаби, Буюк Британия қонунчилиги мослашувчан. Ҳуқуқий томондан ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. Фақат солиқ тизимига ўзгартириш киритган анъанавий банклар ва исломий банкларга тенг муҳит яратиш учун. Мана шундай муҳит яратилиши ислом молияси ривожланишига катта шароит яратган.
Яна шуни айтиб ўтиш керак. Исломий банклар бу диний ташкилот ҳисобланмайди. Шунинг учун Буюк Британияда бундай банклардан мусулмон бўлмаган кишилар хам фойдаланади. Ўзбекистонда хам бу молия тизимига диний деб қарамасдан, анъанавий молия тизимига муқобил тизим сифатида қараш керак. Исломий банклар диний масалалар билан билан шуғулланувчи муассаса эмас, балки диний талабларга тўғри келадиган молия тизими ва Марказий банкка бўйсунади улар ҳам. Ғарбда ислом хуқуқига хам бир хуқуқий тизим сифатида қаралади, шунинг учун ҳам ислом молия тизимига диний тус берилмайди.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов.
Ушбу мақола ва видеоматериал Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.
Мавзуга оид
18:47 / 20.05.2024
Ислом молияси воситалари – ташқи қарз юкини юмшатиш йўли
13:50 / 17.10.2023
ITFC Ўзбекистонга инвестицияларини йил охиригача 700 млн долларгача оширишни режалаштирмоқда
21:21 / 04.09.2023
Ислом молияси, тадбиркорларнинг ишонч рейтинги ва халқаро брендлар. Президент қароридаги янгиликлар
13:19 / 04.07.2023