Ўзбекистон | 15:51 / 03.07.2023
20251
7 дақиқада ўқилади

Банкдан то заргарлик фирмасигача — пойтахт ҳокимлигининг бизнес корхоналари

Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўплаб тижорат корхоналарининг таъсисчиси ҳисобланади. Уларнинг ўндан ортиғи сўнгги 5 йилда, аниқроғи Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳокимлик даврида ташкил этилган. Давлат бошқарув органининг банк ва бизнес корхоналарига бу шаклда эгалик қилиши манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

Куни кеча 100 фоизлик улушига Тошкент шаҳар ҳокимлиги эгалик қиладиган “Yunusobod business city тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ходими 300 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушланди.

Kun.uz мазкур иш ортидан пойтахт ҳокимлиги таъсис этган тадбиркорлик субъектлари билан қизиқиб кўрди.

Очиқ манбадаги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўплаб корхоналарда улушдор. Улар орасида банк, маиший электр жиҳозлари, ҳатто заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бор.

Сўнгги 5 йилда ҳокимлик таъсисчилигида 15дан ортиқ тижорий корхоналар ташкил этилган.

Жумладан, ҳокимлик 2018 йил 29 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган “Poytaxt bank”АЖга 100 фоиз улуш билан эгалик қилади.

“Poytaxt bank”нинг асосий фаолияти Тошкент шаҳрида кўп қаватли турар жой биноларининг қурилиши билан боғлиқ жараёнларда юридик ва жисмоний шахсларга банк хизматларини кўрсатишдан иборат. 

2019 йил 19 августда давлат рўйхатидан ўтказилган “Gold Moon Tashkent” МЧЖнинг эгаси ҳам пойтахт ҳокимлиги ҳисобланади. Фаолият тури заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш бўлган корхонага Жасур Рузаев раҳбарлик қилади.

“Gold Moon Tashkent” МЧЖ томонидан Италия технологиялари асосида “Fonon” номида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи завод қурилган. Расмий сайтида таъкидланишича, компания ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб дўконлар тармоғига эга. “Интеллектуал мулк” тизимидаги маълумотларга кўра, Fonon савдо белгисини рўйхатдан ўтказишга “Technology Development” МЧЖ ариза берган. 2018 йил апрелда ташкил этилган бу корхонанинг электрон манзили 2021 йил ҳолатига @artelgroup.org доменида рўйхатдан ўтказилган эди (ҳозирда ўзгарган).

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эгалик қилаётган навбатдаги МЧЖ 2019 йил 10 июнда ташкил этилган “Texnopark” корхонасидир. Бу МЧЖ маиший электр асбоблари ишлаб чиқариш фаолият тури билан шуғулланади. Раҳбари – Сарвар Аҳадов. У муқаддам собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалик қилган “Dream Production” қўшма корхонасини бошқарган.

Ҳозирда 5 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қиладиган “Texnopark” асосан электрон газ ҳисоблагичлари, маиший музлаткичлар, саноат кондиционерлари ва совитиш тизимлари, лифтлар ва эскалаторлар, сув насослари, қолиплар ва штамплар, эшик ва дераза ромлари учун фурнитура ва аксессуарлар, панел радиаторлари, металл конструкциялар, кир ювиш машиналари, сендвич панеллар, қуёш сув иситиш коллекторлари, базалт тошдан ясалган иссиқлик изоляцион материаллар ишлаб чиқаради. Ушбу маҳсулотлардан аксариятининг брендлари Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли. 

Ходими 300 минг АҚШ доллари билан ушланган “Yunusobod business city тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси” ДУК ҳам шаҳар ҳокимлигига қарашли. У 2019 йил 14 январ куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Корхонага Умид Умаров раҳбарлик қилади. У аввалроқ “Tashkent city” дирекциясининг юридик бўлимини бошқарган. 

Эътиборли томони, “Yunusobod business city” ДУК раҳбари Умид Умаров бир вақтнинг ўзида шаҳар ҳокимлигининг шу каби яна 2 та дирекциясига раҳбарлик қилиб келади. Булар – “Olmazor business city” ва “Yangihayot industrial texnoparki” дирекцияларидир. 

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 437-моддасига кўра, ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (бу қоида ҳукуматнинг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган низомда ҳам бўлган).

Устав фонди 5 млрд сўм бўлган “Yangi O‘zbekiston bog‘i obyektlarini saqlash va ekspluatatsiya qilish direksiyasi” унитар корхонасига Дилшод Абдурасулов раҳбарлик қилади. Корхона 2021 йил сентябр ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида давлат рўйхатидан ўтказилган. 

Феруз Каримов ҳам пойтахт ҳокимлиги таъсисчилигидаги иккита унитар корхонага раҳбарлик қилади. Улардан бири – “O‘zbekiston” xalqaro anjumanlar saroyi binosi va atrofidagi hududidan foydalanish bo‘yicha ixtisoslashtirilgan direksiya” 2009 йилда, иккинчиси – “Yangi O‘zbekiston ko‘chasi” ishbilarmonlik markazini qurish va ekspluatatsiya qilish direksiyasi” ДУК эса 2021 йилда ташкил этилган. 

Устав фонди 5 млрд сўм бўлган яна бир корхона – “Sergeli industrial park kichik sanoat zonasini boshqarish direksiyasi”га ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчи ҳисобланади. Жасур Ҳакимов раҳбарлик қилаётган унитар корхона 2018 йил 10 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. 

Шунингдек, 2022 йил 18 май куни ташкил этилган, фаолият тури “тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш” деб кўрсатилган “Toshkent shahar issiqlik elektr markazi” унитар корхонасига Ринат Алистратов ҳамда “Toshkent shahar kichik va yoshlar sanoat zonalarini boshqarish direksiyasi”га Улуғбек Эшмуродов раҳбарлик қилади.

Бундан ташқари, 2018 йил ноябрда Тошкент шаҳар ҳокимлиги муниципал активларни бошқариш марказининг 37,9 фоиз улуши билан “Grand Road Tashkent” МЧЖ ташкил қилинган. Унинг 62,1 фоиз улушига Grandway in компанияси эгалик қилади.

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳридаги кўплаб йўллар қурилиши ва реконструкция ишларини мазкур МЧЖ амалга оширган, уларнинг айримлари лойиҳа пайтидаёқ шаҳарсозларнинг танқидига учраган. Пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор экани айтиладиган компания бир неча бор тўғридан тўғри (тендерсиз) давлат буюртмаларини қўлга киритган.

Маълумот учун, 2018 йил 26 апрелдан Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев аномал совуқ туфайли Тошкент шаҳрида юз берган энерго инқирознинг асосий сабабчиларидан бири деб кўрилди ва 2023 йил 16 январ куни ишдан олинди.

Ҳокимлик маҳаллий давлат бошқарув органи ҳисобланади. Конституция ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ фаолият юритадиган ҳокимликнинг турли-туман корхонaларга эгалик қилиши соҳаларда манфаатлар тўқнашуви ва коррупцион ҳолатларнинг юзага келиш хавфини ошириши мумкин.

Мавзуга оид