Ўзбекистон | 19:47 / 07.07.2023
5168
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Москва ва Санкт-Петербургга парвозлар сонини икки баробарга оширишни таклиф қилди 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси пойтахтлар ўртасидаги ҳафталик рейслар сонини икки баробарга ошириб, 25 тадан 50 тага етказмоқчи. 

Фото: РИА Новости

Ўзбекистон Фуқаро авиацияси агентлиги (Ўзавиация) Россия авиация маъмуриятига мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатновини кўпайтиришни таклиф қилди. Гап Москва ва Тошкент, шунингдек, Санкт-Петербург ва Тошкент ўртасидаги рейслар сонини ошириш ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда «Ведомости»га Россия авиакомпанияларидан биридаги манба маълум қилган. Россия транспорт вазирлиги вакили ҳаво қатновини кўпайтириш таклифи «кун тартибида» эканини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, мамлакатлар ўртасидаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси пойтахтлар ўртасидаги ҳафталик рейслар сонини икки баробарга ошириб, 25 тадан 50 тага етказмоқчи, Санкт-Петербург ва Тошкент ўртасидаги парвозларни ҳафтасига 7 тадан 14 тага ошириш таклиф этилмоқда.

Россия авиакомпанияларида Ўзбекистон ҳаво ҳудудида парвоз қилиши мумкин бўлган икки томонлама рўйхатга олишдан «тозаланган» самолётлар етишмаяпти. Шу боис, мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатновини кенгайтириш бўйича ижобий қарор ўзбек авиакомпанияларига қўл келиши мумкин.

Нашрнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга рейсларга талаб анча юқори: 2023 йил биринчи ярмида Москвадан йўловчи қатновлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 95 фоизга, йўловчи ташиш ҳажми эса 89 фоизга ошган.

Мавзуга оид