Иқтисодиёт | 19:57 / 07.07.2023
92964
10 дақиқада ўқилади

Россия рубли курси кундан кунга пасаймоқда: бунга сабаб нима ва таназзул қайси нуқтада тўхташи мумкин?

Россия рублининг қадри тушиб бормоқда. Бир йилгина аввал экспертлар томонидан дунёнинг энг қадри баланд валютаси деб топилган рублнинг аҳволи бугунги кунларда ҳавас қиларли эмас. Бунга нималар сабаб бўлди?

Антон Новодережкин / Коммерсант / SIPA / Vida Press

Рублнинг курси бир ойдан зиёд вақт — 26 майдан буён тўхтовсиз пасайиб бормоқда. Экспертлар асосий сабаб сифатида савдо баланси билан боғлиқ муаммоларни кўрсатишмоқда.

Россия — экспортчи давлат ҳисобланади. Шу сабабли сотилган нефт ва газ учун ҳар бир кириб келаётган доллар ҳисобига кўпроқ рублга эга бўлади, бинобарин бюджетда ҳам пул кўпроқ бўлади. Бироқ, айнан газ экспорти бўйича катта муаммолар кузатилмоқда, айниқса Европа Россия углеводородларидан воз кечгани сабабли.

2022 йилда вазият ҳозиргига бутунлай тескари эди. Украинага қарши кенг миқёсдаги босқин уюштирилгач, ғарб санкциялари жорий этилиб, Россияга импорт кескин камайди, бироқ Европа аномал равишда юқори нархда нефт ва газни Россиядан харид қилишда давом этди. Натижада мамлакатда ортиқча валюта тўпланиб қолди, логистика занжирлари узилгани сабабли унга талаб жуда паст эди: иқтисодиётнинг янги реалликларида хорижий валютага қаердан қандай қилиб товар сотиб олишни ҳали ҳеч ким билмасди. Шу сабабли бир йил аввал доллар курси қандайдир оралиқларда 55 рублгача тушиб кетди.

Мутахассислар ва масъуллар нима дейди?

Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллинанинг айтишича, январ ойидан май ойигача экспорт ҳажми 40 фоизга қисқариб, қайтага импорт 15 фоизга ўсган. Бу дегани мамлакатга экспортдан доллар камроқ тушмоқда, ғарб товарларига «параллел импорт» йўлга қўйилгач, долларга талаб орта бошлаган.

Кўпинча Россияда рубл қурби пасая бошлагач, Набиуллина ва бошқа амалдорлар бозорни ўзларининг сўзлари билан тинчлантиришга ҳаракат қилишади. Агар бу ҳам таъсир қилмаса, бошқа воситалар ишга солинади. Масалан, рубл харид қилиш, долларни сотиш.

«Бизда қисқа муддатли тебранишларни силлиқлаш учун воситалар бор, лекин фикримизча эркин сузиб юрувчи курс ташқи ўзгаришлар ва шоклар иқтисодиётга камроқ зарар етказишини таъминлайди», — деган Набиуллина.

Эльвира Набиуллина рубл курси қулашини «ташқи савдо динамикаси» билан изоҳлади
Фото: ALEXANDER DEMIANCHUK / TASS

Бу гапи билан Набиуллина бозорга иккита сигнал берди. Биринчидан, курс сиёсатида жиддий ўзгариш бўлмайди. Иккинчидан, агар рубл курси батамом тушиб кетадиган бўлса, РФМБ рубл тебранишларини силлиқлашга тайёр.

«Сбер» банки раҳбари Герман Грефнинг фикрича, рубл курси ўтган йилги экстремал кичик натижаларгача тушиб кетмасдан мустаҳкамланади.

«Курс — бу сувдаги пўкакка ўхшайди. Бу пўкак борлигига ҳам шукр: биз давлат иқтисодиётининг муаммоси қаердалиги, нарх шаклланишида қаерларда таъсир бўлаётганини кузата оламиз. Ҳозир пўкак юқорига сапчиган, иқтисодиётнинг барча соҳалари янги реалликларга кўникиб олгач, янги барқарорлик юзага келади. Ҳозир курс оптимал даражада дея олмайман, бироқ у мустаҳкамланади ва ўтган йил март ойидаги экстремал паст даражаларгача тушиб кетмайди, деб ўйлайман», — деган Греф.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сўз ўйини қила бошлади. У рубл курси аввал ҳам тушгани, шундан сўнг кескин мустаҳкамланишлар рўй берганини эслашни таклиф қилди.

«Бундай кўтарилишларда чайқовчилик ўйинларининг ҳам ҳиссаси доим бўлади, уларни инобатдан қочирмаслигимиз керак», — деган Песков.

Бу баёнотлар фонида евро курси 104 рублдан ортган, доллар эса қарийб 94 рублга қараб кетмоқда. Таҳлилчилар фикрича, Евгений Пригожиннинг амалга ошмаган давлат тўнтариши ҳам бунга ўз таъсирини кўрсатган.

Ўзи нега рублнинг қурби пасаймоқда?

Набиуллина рубл курси динамикасига таъсир ўтказувчи энг аҳамиятли омил сифатида ташқи савдони тилга олди.

Бу ҳақда жуда кўп таҳлилчилар ёзишган. Ўтган йил ёзида ва кузида рубл курси мустаҳкам бўлишига сабаб — санкциялар туфайли мамлакатга товарлар жуда кам олиб кирилаётганди, бироқ нефт ва газнинг жаҳон бозорларидаги юқори нархлари туфайли валюта оқими анча барқарор эди.

Ҳозирги вазият бунинг мутлақо акси: импорт қўшни давлатлар ҳисобига анча мунча тикланган, экспорт эса санкциялар ва жаҳон бозорларидаги нефт-газнинг арзон нархи туфайли қулаган. Табиийки, мамлакатдан чиқиб кетаётган валюта миқдори кириб келаётганидан юқори. Иқтисодчилар буни «фундаментал омиллар» деб аташади.

«Россияда ташқи савдо профицити қисқариб бормоқда ва бу миллий валюта курсига албатта таъсир ўтказади»,деган BBC мухбирига «Алфа-банк» бош иқтисодчиси Наталия Орлова.

Бироқ иқтисодчилар рубл жуда тезкорлик билан кучсизланаётганидан ҳайрон.

«Ташқи савдо профицити қисқараётгани рост, лекин бу қадар шиддат билан эмас, валюта кучсизланиши эса шиддатли», — дея ҳайронлигини яширмаган Орлова.

Яна бир иқтисодчига кўра, кучсизланишнинг сабабларидан бири «молиявий оқимларни бегона кўзлардан яшириш»дир.

Орлова ҳам рубл қурби пасайишини капиталнинг оқиб чиқиши билан боғлади: аҳоли ёки компаниялар «ўз пулларини хорижга олиб чиқиб кетишни ёки хориждан экспорт тушумига эга бўлсалар, ўша ерда қолдиришни афзал кўришмоқда».

Bloomberg агентлиги баҳолашига кўра, 2022 йил бошидан 2023 йил майига қадар россияликларнинг хориждаги депозитлари сони икки баробардан зиёдга ўсган ва 43,5 млрд долларга етган.

«Агар аввал Россияга тўғридан тўғри инвестициялар ҳажми 25 млрд доллар, портфелли инвестициялар ҳажми 2019 йилда 18 млрд доллар бўлган бўлса, ҳозир бу катталиклар манфий. Шундай қилиб, норезидентлар миллий валюта қадрсизланишини тўхтата олишмайди», — дейди иқтисодчи Родион Латипов.

Ҳодиса мавсумий характерга эга бўлиши ҳам мумкин. Одамлар чет элларга дам олишга йўл олишган. Уларнинг рубл карталари чет элларда ишламайди. Улар савдо-сотиқ қилиш учун пулларини долларга айлантириб четга ўтказишга мажбур.

Яна бир омил — бюджет харажатлари. РФ ҳукумати йилнинг биринчи ярмида ўта фаол харажатлар қилган ва иқтисодиётда нақд рублнинг улуши ортиб кетган, бу ҳам курсга босим қилади.

6 июл куни рубл курси бир йиллик максимумни янгилади
Фото: NATALIA KOLESNIKOVA / GETTY

Пригожин исёнининг нима алоқаси бор?

Рубл жиддий тарзда қадрсизланиши Евгений Пригожиннинг ниҳоясига етмаган исёнидан сўнг бошланган. Эҳтимол айнан шу воқеа иқтисодиётга ишончни пасайтирган бўлиши ҳам мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, аҳоли ва бизнес кейинчалик нима бўлишини билмайди ва ҳар эҳтимолга қарши ўз пулларини хориждаги банкларга чиқара бошлаган.

Иқтисодчилар бу ҳақда тўғридан тўғри айтишмаяпти, бироқ масалан Bloomberg агентлиги бу ҳақда ёзмоқда. Агентлик Россия валютасини ривожланаётган давлатлар валюталари ичида энг кучсизи деб ҳисобламоқда. Агентлик исённи валюта қурби пасайишининг триггери, деб атаган BCS Financial Group бош иқтисодчиси Наталя Лавровага ҳавола қилмоқда. Бироқ Лаврова триггер бошқа омиллар биргаликда юзага келганини айтган.

«Вагнер» ХҲКнинг ҳарбий исёни мамлакатдан валюта оқиб чиқиб кетиши жараёнини тезлаштириб юборган бўлиши мумкин. Давлат тўнтариши таҳдиди аҳолини ўз омонатлари учун ишончлироқ активлар излаб топишга мажбурлайди — эски усулда бойликларини доллар ва еврога ўтказа бошлашади.

«Сиёсий вазият билан боғлиқ хавотирлар Россия аҳолисининг хорижий валютага бўлган талабини ошириб юборган бўлиши мумкин, бу эса рублга чайқовчиларча босим ўтказади», — дейди Freedom Finance Global етакчи таҳлилчиси Наталя Милчакова.

Рубл курси билан энди нима бўлади?

Молиявий фаолият билан шуғулланувчи БКС инвестиция компанияси ўз ҳисоботларида рублнинг «депрессив даражаси» ҳақида ёзиб, «ҳиссиётга йўғрилган портлаш» ўтиб кетиши ва рубл курси мустаҳкамланишини проноз қилмоқда. «Рублнинг реакцияси ҳам кучли ва шиддатли бўлиши мумкин», деб ёзган таҳлилчилар бироқ, сўнгги пайшанбадаги пасайишлардан сўнг аниқ прогноз қилишмаган.

«Июл-август ойларида вазият барқарорлашиб, мустаҳкамланиш бошланишини у қадар эҳтимолли эмас», — дейди Орлова. Унинг фикрича, қадрсизланиш тезлиги пасайиши мумкин, бироқ июл ойида ҳам, августда ҳам жараён давом этади, энг камида мавсумийлик омили туфайли.

«Иқтисодиётнинг жорий аҳволи эътиборидан менимча 1 долларга 90-95 рубллик курс фундаментал асосланган курсга яқиндек кўринади», — дейди Орлова.

Таҳлилчилар анчадан буён рублнинг тебранишлари кучайиб бораётганидан огоҳлантириб келишади. Бу Россия бозоридан хорижий ўйинчилар чиқиб кетгани билан боғлиқ — бозорда ўйинчилар ва пуллар миқдори қанчалик кам бўлса, миллий валюта курси шунчалик беқарор бўлади.

«Сбер» банки ҳозирча 2023 йил охиригача доллар курси 75–78 рубл бўлиши борасидаги прогнозини ўзгартиргани йўқ.

«Финам» таҳличиси Андрей Масловнинг фикрича, йил охиригача рубл курси 1 долларга 80–87, 1 еврога 88–95 рубл оралиқда бўлади.

«Росбанк» учинчи чорак охиригача доллар курси 87 рубл бўлишини кутмоқда.

Буларнинг барчасига молия тизими барқарорлашувидан сўнг, ортиқ сиёсий тебранишларга йўл қўйилмасагина эришиш мумкин. 

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид