Ўзбекистон | 14:28 / 07.07.2023
10303
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: одамлар рози бўлса, массивлардаги эски уйлар янгилаб берилади

2025 йилга қадар 25 та шаҳарнинг, 2030 йилгача эса барча аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш тўлиқ якунланади.

Фото: ЎзЛиДеП

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда иштирок этмоқда. Номзод ўз сайловолди дастуридан ўрин олган қурилиш соҳасини ривожлантиришга оид режаларига тўхталди.

Келгуси етти йилда мамлакатимиз бўйича 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш бўйича катта марраларни белгилаб олганмиз. Бунда “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 100 тага етказилиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйлар барпо этилади. Бунга қўшимча равишда 700 мингта хусусий уй-жойлар барпо этилади”, деди номзод.

Номзоднинг келтиришича, биргина Тошкент вилоятидаги жами 5 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг ярми бундан 50 йилдан олдин қурилган. Шу боис, йил якунигача ушбу уйларнинг жорий ҳолати, жумладан зилзилага чидамли эканлиги тўлиқ ўрганилади.

Умуман, аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг розилиги билан хизмат муддатини ўтаб бўлган массивларни янгилаш бўйича ишлар амалга оширилади.

Албатта, бу жиддий масала. Шунинг учун реновациянинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиши керак. Шу мақсадда, Реновация дастурлари фақат ва фақат одамларимизнинг розилиги ва кенг жамоатчилик фикрини олган ҳолда қабул қилинади”, деди Мирзиёев.

Шунингдек, 2025 йилга қадар 25 та шаҳарнинг, 2030 йилгача эса барча аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш тўлиқ якунланиши ҳам айтилди.

Бош план”ларни ишлаб чиқиш жараёнлари аҳоли ва тадбиркорлар учун очиқ-ошкора ва шаффоф бўлади. Бунинг учун алоҳида портал ишга туширилиб, уларнинг ташаббус ва таклифлари албатта инобатга олинади. Бу мақсадларга келгуси етти йилда 2 триллион сўм йўналтирамиз”, деди номзод.

Сардор Раҳмонқулов
Тайёрлаган Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид