Жаҳон | 15:14 / 08.07.2023
12010
3 дақиқада ўқилади

WSJ: «ФСБ»нинг махсус бўлинмаси Россиядаги америкаликларни кузатмоқда

Россияда журналист Эван Гершкович ва АҚШ собиқ денгиз пиёда аскарлари Пол Уилан ҳамда Тревор Риднинг қўлга олинишида «ФСБ»нинг аксилразведка операциялари департаменти иштирок этган, деб ёзади WSJ. 

Фото: ФСБ

«ФСБ»нинг Аксилразведка операциялари департаменти (АРОД) деб номланган махфий бўлинмаси бир неча йиллардан бери Россияда юқори мартабали АҚШ фуқароларини кузатиб, уларнинг уйларига эшитиш мосламаларини ўрнатган, элчихона ходимлари орасидан маълумот берувчиларни ёллаган ва АҚШ денгиз пиёда аскарларидан махфий маълумотларини билиш учун ёш аёллардан фойдаланган. Бу ҳақда 7 июль, жума куни чоп этилган The Wall Street Journal онлайн-нашрининг суриштирувида айтилади

Газетанинг номи ошкор этилмаган америкалик ва бошқа ғарб дипломатларига таяниб ёзишича, айнан АРОД The Wall Street Journal газетасининг Россиядаги мухбири Эван Гершкович, шунингдек, Россиядаги яна икки америкалик, собиқ денгиз пиёда аскарлари Пол Уилан ва Тревор Ридни қўлга олишда ёрдам берган. Журналистларнинг таъкидлашича, АРОД-1 бўлинмаси ходимлари америкаликлар ва канадаликларни кузатиш учун жавобгардир. 

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, кўпинча АРОД ходимлари кузатилаётган шахсга унинг кузатув остида эканлигини тушунтириш учун атайлаб из қолдиради. Нашрнинг таъкидлашича, бундай «ташриф қоғозлари» масалан, ҳожатхона ўриндиғидаги ўчирилган сигарета бўлиши мумкин, дейилади маълумотда. 

«АРОДдан америкалик журналистларни кузатиш, россиялик ахборот етказиб турувчиларни уларнинг таҳририятига жойлаштириш ёки ёллаш ҳамда уларнинг хабарлари ҳақида батафсил эслатмаларни олиш учун фойдаланилган», деб ёзади WSJ АҚШ расмийлари ва махсус хизматлар мавзусига ихтисослашган россиялик журналист Андрей Солдатов маълумотларига таяниб.

WSJ маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 29 мартида айнан АРОД нашр ходими Эван Гершковични қўлга олиш бўйича операцияни амалга оширган. Бу ҳақда Россия президенти журналист ушланишидан олдин ва кейин маълумот олган, деб хабар берди WSJ манбалари. Бундан ташқари, у «ФСБ»нинг АРОДни назорат қилувчи аксилразведка хизмати раҳбари Владислав Меншиков билан учрашган ва операция тафсилотлари билан қизиққан. 

Шу билан бирга, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков апрел ойида Путиннинг америкалик журналистнинг қўлга олинишига алоқадорлиги ҳақидаги тахминларни рад этди. 

WSJ мақоласи муаллифлари бир қатор идоралардан ўзларининг суриштирув маълумотларига изоҳ беришни сўради. «ФСБ» ва Кремл матбуот хизмати уларнинг илтимосига жавоб бермади. АҚШ Давлат департаменти ва АҚШнинг Москвадаги элчихонаси изоҳ беришдан бош тортди. Эван Гершковичнинг адвокатлари ҳам шундай қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид