Ўзбекистон | 10:10 / 10.07.2023
4518
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги раҳбар тайинланди

Анди Аранитаси 1 сентябрдан бошлаб ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ва раҳбари бўлади. ЕТТБ ваколатхонасини 2017 йилдан бери Алкис Дракинос бошқариб келаётганди.

Фото: ЕТТБ

Анди Аранитаси Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ва раҳбари этиб тайинланди. У 1 сентябрдан ўз вазифасини бажаришга киришади, деб хабар берди банк матбуот хизмати.

Албания ва Британия фуқароси Анди Аранитаси банк, ишлаб чиқариш, телекоммуникация, агробизнес, кўчмас мулк, туризм ва энергетика соҳаларида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга. ЕТТБдаги фаолияти давомида у банкнинг энергетика бўлинмаларида турли масъул лавозимларда ишлаган, Туркия ва Жануби-Шарқий Европадаги энергетика лойиҳалари портфелини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва бошқариш учун масъул бўлган. Ўзбекистонга тайинланишидан олдин у Шимолий Македонияда ЕТТБ вакили сифатида хизмат қилган.

Анди Аранитаси Болгариядаги Америка университетида бизнес бошқаруви ва амалий иқтисод бўйича бакалавр даражасига эга.

У 2017 йилда мамлакат билан ҳамкорликни тиклаганидан бери ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятини бошқарган ва ЕТТБнинг Тбилисидаги Кавказ бўлими минтақавий раҳбари этиб тайинланган Алкис Дракинос ўрнини эгаллайди.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 144 та лойиҳага 4,37 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди. Ўзбекистон кетма-кет учинчи йилдирки, Марказий Осиёда банк молиясини олиш бўйича етакчи давлат бўлиб келмоқда.

Мавзуга оид