Жаҳон | 11:57 / 12.07.2023
5207
2 дақиқада ўқилади

Европа суди Россиянинг Немцовнинг ўлдирилиши бўйича терговини самарасиз деб топди

Жанна Немцованинг адвокати Вадим Прохоров DW нашрига берган интервьюсида ИҲЕС қарорини «фундаментал» ва Россия Европа Кенгашига қайтадиган кейинги давр учун катта аҳамиятга эга деб атади.

Фото: Picture Alliance

Россия мухолифатчи Борис Немцовнинг ўлдирилиши бўйича самарали тергов олиб бормади. Шу муносабат билан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 2-моддаси («Яшаш ҳуқуқи») бузилган, Россия давлати жабрланувчи сифатида тан олинган сиёсатчининг қизи Жанна Немцовага 20 минг евро миқдорида товон тўлаши керак. Бундай қарор 11 июль, сешанба куни Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) томонидан қабул қилинди. 

Судга кўра, терговчилар қотилликнинг эҳтимолий сиёсий сабаби ҳақидаги версияга етарлича эътибор бермаган. «Суд, хусусан, Россия расмийлари суиқасдни ким уюштиргани ва буюртма қилганини етарлича тергов қилмаганини, суиқасднинг эҳтимолий сиёсий мотиви ва унга айрим давлат амалдорларининг алоқадорлиги; жаноб Немцовнинг ўлдирилиши учун мукофот таклиф қилинган бўлиши мумкин бўлганларнинг мақсади ҳақидаги даъволарни ўрганмаганини аниқлади», дейилади суднинг веб-сайтида эълон қилинган қарорга асосда. 

«Жаноб Немцовнинг ўлдирилиши сиёсий сабабларга кўра содир этилган бўлиши мумкинлиги, шунингдек, айрим давлат амалдорларининг воқеаларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаолар ақл бовар қилмайдиган нарса эмас, - дея билдирди суд. - Жаноб Немцов таниқли сиёсатчи, Россиядаги мухолифат етакчиларидан бири эди ва у рақиблари, жумладан, Чеченистоннинг юқори мартабали вакиллари ҳақида жуда танқидий гаплар гапирган». 

Бир неча йиллар давомида Борис Немцовнинг адвокати бўлган ва ҳозир Олга Михайлова билан бирга Жанна Немцованинг манфаатларини ИҲЕСда ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Вадим Прохоровнинг сўзларига кўра, суднинг Россияда мухолиф сиёсатчининг ўлдирилишига оид тергов бўйича қарори «фундаментал хусусиятга эга» ва «мутлақо рамзий аҳамиятга эга». «Бу ҳақиқатан ҳам Европа суди ҳимоя далилларини қабул қилганидан далолатдир», - деди у DW нашрига берган интервьюсида. 

Мавзуга оид