НАТОга қабул қилинмаётган Украина: ғарб Россия билан тўқнашувдан чўчияптими?
Вилнюсда ўтган НАТО саммитининг асосий якуни Украинанинг алянсга расмий таклиф олмагани бўлди. Зеленский иттифоқчиларни қўрқоқ, дея танқид остига олди, бироқ НАТО аъзолари ўзиникини маъқуллашда давом этди.
Хўш, ғарбдагилар нимадан чўчишмоқда? Нега Украинани ҳозироқ НАТОга қабул қилиш, ёки бу қачон рўй беришини аниқ айтиш мумкин эмас?
«Медуза» нашри Россия ва НАТО муносабатларини чуқур ўрганган сиёсатшунос, Ню-Йоркдаги Барнард коллежи ва Колумбия университетининг Ҳарриман институтининг Россия, Шарқий Европа ва Евросиё тадқиқотлари бўйича профессори Кимберли Мартен билан суҳбатлашди.
— НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг «аъзо бўлиш жараёни соддалаштирилиши»ни айтди, бироқ алянс аъзолари ҳозирча уни таклиф этишга тайёр эмас. Володимир Зеленский эса НАТОга аъзо бўлишнинг муайян муддатларини қўлга кириш ниятида. Унинг бу умидлари нечоғлик асосли?
— Украина раҳбариятидан бундай истакларни эшитаётганимиз ажабланарли эмас, деб ўйлайман. Улар НАТОга тезроқ аъзо бўлишни исташади. Лекин ҳозирнинг ўзида уларни таклиф қилиш жуда қийин иш.
Биз уруш тугагач Украинадаги ички сиёсат ва иқтисодий ҳолат қандай бўлишини ҳозирдан аниқ айта олмаймиз. Ҳозир аниқ эътироф этишимиз мумкин бўлган нарсалар — Украинда ниҳоятда жасур экани ва ғарб давлатларига яхши шерик эканини исботлаш учун кўп нарсаларни амалга оширгани.
Зеленский бу ҳаракатга етакчилик қилди, лекин Украинадаги бўлғуси сайловларда Зеленский ўрнига янги президент келса нима бўлишини билмаймиз. Биз уруш якунларига кўра Украина анча ҳудудларидан айрилиб қолса нималар бўлишини, радикал қарашдаги сиёсий ҳаракатлар ўсиши нуқтайи назаридан, бу келгусида нимани англатишини ҳам била олмаймиз.
Гап ҳозир Украинанинг аъзолигига Россия қандай реакция қилиши ҳақида ҳам эмас, Украинанинг келажаги қандай бўлишига НАТОнинг ҳам ишончи комил эмаслиги, қўшимча ахборотларга муҳтожлиги ҳақида кетмоқда. Агар сиз кимнидир алянсга қабул қилсангиз, энди уни чиқариб юбора олмайсиз. Шимолий Атлантика алянси бу борадаги қийинчиликларни бошидан кечирган, Туркия, қандайдир маънода Венгрия ва Полша мисолида.
— Лекин айрим давлатлар Украина расмий таклиф олса Россиянинг реакциясидан чўчиётгандек кўринмоқда.
— Путиннинг фаразий реакцияси Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун тўсиқ бўла олади, деб ўйламайман. Биринчидан, Путин 2022 йил февралида Украинани де-факто НАТО аъзоси деб ҳисоблашини айтган эди. Гарчи ўша пайтда Украинага ғарб қурол-яроғлари ҳозиргидек суръатда етказиб берилмаётган бўлса ҳам. Ўшандан буён Украинанинг ғарб давлатлари, жуимладан, НАТО аъзолари билан алоқалари қанчалик мустаҳкамланганини кузатиб турибмиз. Фикримча, Путин учун Украина де-факто НАТО аъзоси эканлиги билан унинг НАТОга расман таклиф олганининг ўртасида жузъий фарқ йўқ.
Иккинчидан, Путин Украинага шу пайтгача қўл урганидан ортиқ эскалация уюштира олмайди. У можарони ўзи мунтазам таҳдид қилган кимёвий ёки ядровий қуролни ишга солиб, янада кенгроқ миқёсдаги эскалацияга айтантирмасликка қарор қилган — бу унинг манфаатларига тўғри келмайди. Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши бу қарорни ўзгартиради, деб ўйламайман.
Боз устига, ўтган ой ичида Путинда Пригожиннинг исёни кўринишида жиддий ички муаммо пайдо бўлди. Путин ожиз аҳволга тушиб қолди. Исёнга реакция ҳануз ноаниқ: биз Путин Пригожин билан аниқ учрашгани, ўлар ўртасида қандайдир келишув бўлгани, умуман, Пригожин ҳозир қаёқдалигини аниқ билмаймиз. Лекин ғарб етакчиларида Путин кутилмаганда қайнаб кетиши, унинг ғазабланиши учун важ қолдирмаслик керак, деган фикр бор. Айниқса Запорижжя АЭС ҳамон Россия қўшинлари томонидан эгаллаб турилганида.
— НАТО айнан ҳозир Украинага қандай кафолатлар тақдим этиши мумкин?
— НАТО алянс сифатида нима бериши ва Украина алоҳида аъзо-давлатлар билан қандай битимлар туза олиши ўртасида муҳим фарқ бор. Менимча, ҳозир биз НАТО Украинанинг бўлғуси аъзолиги тўғрисида ҳеч қандай расмий баёнот беришни истамаётган нуқтада турибмиз, шу сабабли иккитомонлама келишувларни кузатиб турган маъқул. Энг камида, гап Украинага қурол-яроғлар етказилишда давом этиши, украиналик аскарларни улардан фойдаланишга ўқитилиши кафолатлари ҳақида бормоқда.
Бу иккитомонлама келишувларни АҚШда ўтадиган навбатдаги президентлик сайловлари олдидан формаллаштириш маънога эга. Бу муносабатларни АҚШ вакиллар палатаси ва сенатидаги Республикачилар партияси етакчилари билан ҳам муҳокама қилинса тўғри бўлар эди. Кўпчилик собиқ президент Доналд Трампнинг республикачилардан номзод бўлишига яхшигина имкониятлари бор, деб ҳисобламоқда. Агар шундай бўлиб чиқса, 2025 йилдан бошлаб АҚШнинг Украинага нисбатан позицияси қандай бўлишини олдиндан айтиш жуда қийин.
— Яъни АҚШ ва бошқа давлатлардаги бўлажак сайловлар туфайли Украина учун фронтдаги имкониятлар «жорий йил сўнгига қадар у ёки бу қадар ёпилиши»ни айтган Чехия президенти Петр Павел ҳақ бўлиб чиқиши мумкинми?
— Фақат АҚШ ҳақида гапираман. АҚШдаги Республикачилар партиясидаги мейнстрим вакилларда ҳамон Украинага ёрдам бериш истаги бор. Мен бирор марта бу ёрдамни тўхтатишга жиддий уринишни кўрганим йўқ. Демократлар учун эса сайлов циклида бюджет пуллари бекорга сарфланмаётганини намоён этиш муҳим бўлиб бормоқда. Ҳозиргача Украина АҚШ берган маблағларни эҳтиёт қилиб ишлатаётгани, етказилган қурол-яроғлардан келишилган шартлар доирасида фойдаланиб келаётганини намоён этган.
Бошқа муаммо бор — у муддатлар билан боғлиқ. Биз яқин ойлар ичида Россия режими билан нималар рўй беришини билмаймиз. Фикримча, Россия сиёсий элитаси Путиннинг нуфузидан жиддий тарзда шубҳалана бошлаган ва бу заифликдан кимдир фойдаланиб қолиши мумкин. Мен Россияда янги ҳарбий давлат тўнтариши бўлади, деб башорат қилмоқчи эмасман, бироқ Россияда беқарорлик рўй берса мамлакат урушни давом эттира олиши шубҳа остида қолади.
Авторитар режимлар бўйича мутахассислар Андреа Кендалл-Тейлор ва Эрика Франтцнинг Россиянинг демократик келажак йўлида дуч келиши мумкин бўлган таҳдидларга бағишланган мақоласидан иқтибос келтирадиган бўлсам: кимдир узоқ вақт авторитар етакчи бўлиб қолса ва уруш очса, унинг ўрнига янги етакчи келса ҳам уруш давом этиш тенденциясига эга.
Янги авторитар етакчи Путин қурган тизимнинг базавий принципларини ўзгартириши кам эҳтимолли. Зўрлов йўли билан сафарбар қилинган инсонларнинг маънавий руҳияти билан нима бўляпти, деган саволлар ҳам бор. Фронтнинг олд чизиғидаги россиялик аскарлар нималарни ҳис қилмоқда? Айниқса, Путин очиқ эълон қилган урушнинг сабабларини Пригожин очиқчасига шубҳа остига келтириб қўйган ҳозирги кунларда.
Агар Россия ҳамма нарса Путин назоратида бўлган монолит авторитар давлатлигича қолаверса, Украина ўзи истаган нарсаларнинг барчасига эришиши жуда қийин бўларди. Шунчаки, Россия иқтисодий жиҳатдан кучлилиги, Путин эса ғалабани ўз бошқарувининг асосий натижаси сифатида кўрсатишга қатъияти кучли эканлиги туфайли. Лекин ҳеч қандай монолит йўқлиги, режим дарз кетаётганини кўриб турибмиз, бу эса алал-оқибатда вазиятни Украина фойдасига ўзгартириши мумкин.
— Агар Путин кучсизланган ва НАТО қарорларига тезкор реакция қилишга тайёр бўлмаса, нега Украинани алянсга ҳозироқ қабул қилишмаяпти? Гап фақат ноаниқликдами? Биз Финландия ва Швеция соддалаштирилган жараён орқали тезда аъзо қилинганини кўрдик.
— Агар Украина зудлик билан аъзо мамлакатга айланса, НАТО уни ҳимоя қилишга мажбур бўлади. Бу эса Россия билан тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувни англатади. Айнан шунинг учун биз Украина раҳбарияти ошиғич равишда аъзолик талаби қўйганини кўрмадик. Уларга шунчаки алянсга келгусида, муайян муддатларда аъзо бўлиш бўйича расмий ваъда керак.
Финландия ва Швеция билан боғлиқ ҳолатда НАТО бесўнақай аъзолик бўйича ҳаракатлар режасидан воз кечди. Бу Украинадан ҳам талаб этилмайди. Гап шундаки, аъзолик бўйича ҳаракатлар режаси аъзо бўлувчи мамлакатдаги иқтисодий барқарорлик, коррупция даражаси паст бўлиши ва эркин демократия сақланишинг кафолати бўлмай қолди. Собиқ Варшава шартномасига аъзо давлатларда бунга эришиш учун кўп саъй-ҳаракат қилинди, лекин Венгрия ва Полшада НАТО ўзи учун муҳим бўлган айрим принциплардан воз кечишга мажбур бўлди. Энди алянсдагилар потенциал аъзолар ички сиёсатда ўзларини қандай тутишларини мониторинг қилишнинг бошқа усуллари бор, деган қарорга келишгани эҳтимоли бор.
Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун Зеленский ўрнига Украинанинг собиқ президентларига ўхшаш президент келиб қолиш хавфи жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Янги президентнинг Ғарб ва Россия билан муносабатлар ўрнатишда мутлақо тескари қарашлари бўлиши мумкин. Лекин ҳозир буни тасаввур этиш қийин. Бироқ, Зеленский ўрнига россияпараст президент келиши ўрнига, келгусида ултраўнг етакчи унинг курсисини эгаллаб, раваншистик ғояларни трансляция қилиш эҳтимоли юқори — айниқса, Украина 1991 йилги чегараларга чиқиш мақсадига эриша олмаса. Ёдда тутишимиз керак, НАТОга аъзо бўлган давлатни алянсдан қувиб бўлмайди.
Германия ва АҚШ Украинага келгусида алянсга аъзоликни кафолатламаётганининг сабабларидан бири Зеленский умрбод президентлик постида қола олмаслигидир. Улар Украина келгусида ҳам НАТОни Россия билан тўғридан тўғри можарога итармайдиган ҳозиргидек ишончли ҳамкор бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилишлари керак.
Яна шуни ёдда тутиш керакки, агар НАТО Украинанинг аъзолигини уруш тугашига боғлайдиган бўлса, бу Путинга урушни ҳеч қачон тугатмасликка карт-бланш беради. Шунда уруш қачон тугайди, қачон тинчликка эришилади, бу тинчлик нечоғлик барқарор бўлади, деган саволлар туғилади. Фикримча, кўпчилик Украина ўз максимал мақсадларига эриша олмаслигидан хавотирда, АҚШ ва Германия эса кейин нима бўлишини ўз кўзи билан кўрмоқчи.
Лекин кимдир Украинанинг келгусида алянсга аъзо бўлиши учун вето қўйиши ҳақида очиқча айтади, деб ўйламайман. Менимча ҳамма масала муҳокама учун очиқ эканлигига рози. НАТОда қарорлар кўпчилик овоз эмас, ягона тўхтам асосида қабул қилинади. Агар кимдир келгусида Украинанинг аъзолигига тўсқинлик қилишга қарор қилса, дипломатия ишга тушиши керак бўлади.
— Бирор мамлакат ҳарбий можаро чоғида НАТО аъзоси бўлишга уринган ҳолатлар бўлганми?
— Йўқ. Лекин НАТОга аъзо икки давлат иккитомонлама можарога тортилган ҳолат бўлган. 1974 йилда Туркия қўшинлари Шимолий Кипрга кирган ва Греция билан қуролли тўқнашув ҳолатига келиб қолган. Яъни НАТОнинг икки давлати жанговар ҳаракатлар олиб борган, бироқ алянс бу ҳолда ҳеч нарса қила олмаган.
Варшава шартномаси давлатларида рўй берган воқеаларни ҳам эслаш мумкин: улардан ўз ҳудудларидаги этник можаролар тартибга солинган бўлиши, мамлакат келиб чиқиши турлича бўлган инсонларни дискриминация қилиш сиёсатини олиб бормаслик кафолати олинган.
— Гап келганида, Туркия ҳақида. Анқара Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги ва санкцияларни ечиш бошланса, Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини айтди. Бироқ, орадан бир сутка ҳам ўтмасдан Ражаб Тоййиб Эрдўған Швециянинг аризасини қўллашини эълон қилди. У нима учун фикрини ўзгартирган бўлиши мумкин?
— Бу тахминларга йўғрилган савол. Фикримча, Байден администрацияси узоқ вақтлардан буён муҳокама қилиб келинаётган, Туркияга F-16 қирувчи учоқларини сотиш бўйича битимни тезлаштириш учун барча воситаларни ишга солишни, бу мавзуни Конгресс билан муҳокама қилишни зудтар бошлашини тўғридан тўғри айтган. Байденнинг позицияси принципиал тарзда ўзгармаган, лекин у бу масалада АҚШ тезроқ ҳаракат қилишини тушунтириб қўйган.
Эҳтимол, Туркия учун у ҳамон ЕИга аъзо бўлишга ошуфта эканини билдириб қўйиш муҳим бўлгандир. Чунки Эрдўғаннинг мақсадлари шу пайтгача бироз тушунарсиз бўлиб келган: у пантуркизм сиёсати ҳақида кўп гапирарди, энди эса оҳанги ўзгарди. Туркияда ўтган сайловлардан сўнг Эрдўғаннинг НАТОга нисбатан ўзини ноконструктив тутиши учун ички сиёсий сабаблари қолмади. Бундан ташқари, Путин ўз ожизлигини намойиш қилди ва Эрдўған Туркия сиёсати ва иқтисодиёти манфаатлари учун Россиядан узоқлашиб, ўзининг Европага мансублигини билдириб қўйиш керак, деган қарорга келган бўлиши ҳам мумкин.
— Турли сценарийларда Россиянинг саммит якунларига реакцияси қандай бўлиши мумкин?
— Путин ўз манфаатларини илгари суриш учун яна қандай ҳаракатларни қўллаши мумкинлиги равшан эмас. Унда аллақачон тинч украиналикларни бомбалаш тажрибаси бор. Бу борада нимадир ўзгаради, деб ўйламайман. Каховка ГЭСи тўғони бузиб юборилди — эҳтимол, бу урушдаги энг даҳшатли ҳаракат бўлиши мумкин. Амалга ошириш мумкин бўлган бундан-да таҳдидли ҳаракат Запорижжя АЭСини портлатиб юбориш бўларди. Лекин у бунга жазм қилса, унинг қарори НАТО саммити якунларига боғлиқ бўларди, деб ҳисобламайман.
Саммитга жавобан кўп оҳанглар, гап-сўзлар, медиада шовқин бўлади. Бироқ Россия ўзи қилаётган ишни давом эттираверади. У можаронинг глобал кўриниш олишидек улкан риск остига тушиб қолмаслик учун, фронтда кўп нарса амалга ошира олмайди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024