Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Буюк мақсадлар ортида улар туради». Гундўған оиласи, Манчестердаги жамоадошлари, финал оқшоми ва болалик орзуси ҳақида
Ёзги трансферлар ойнасининг ҳозирча энг катта номларидан бири, албатта, «Манчестер Сити» сардори Илкай Гундўғаннинг эркин агент сифатида «Барселона»га ўтиши бўлди. Германиялик футболчи Англияда ўтган етти йилдаги энг ёрқин хотиралар, айниқса, сўнгги мавсум, финал оқшоми ҳақида ThePlayersTribune лойиҳаси учун айтиб берди ва шу баҳонада «Манчестер Сити» мухлислари билан ҳам хайрлашди.
Мен илк бор бу ерга келганимда, жуда кўп орзулари бўлган ёш йигит эдим. Ишониш қийин, етти йил ўтиб, қачондир хаёл қилган барча орзуларига етган бир ота сифатида тарк этяпман. Ҳайрлашув доим осон эмас, аммо бундай жамоадан кетиш янаям оғирроқ. Четда болаларга кетиш қарорим ҳақида ёзаётганимда, жуда ҳаяжонда эдим. Уларни жуда соғинаман, чиндан ҳам. Аммо бахтим шундаки, бу ердан чемпион сифатида, қалбимда фақат клубга бўлган муҳаббат билан кетяпман. Требл ютган жамоани тарк этган сардорлар унчалик кўп бўлмаса керак, тўғрими?
Ажойиб, биз етти йилда беш марта Премьер Лигани ютдик. Икки бор Англия кубогини. Чемпионлар Лигасини. Аммо бу фақат совринлар холос, аслида кўпроқ жамоа муҳитини, ичкаридаги муносабатларни унутишим қийин бўлади. Мен футболда ҳеч қачон бундай туйғуларни бошдан кечирмаганман.
Аслида мен табиатан анча босиқман. Очилишим учун қандайдир вақт керак. Лекин бу ажойиб жамоа муҳитида ўзимизни жуда қулай ҳис қилар, ҳар қанча босим остида бўлмайлик, доим ўзаро ҳазиллашардик.
Машғулотлар пайтида жарима майдони ичидаги 5 га 2 ўйинларда кўпроқ Рубен Диаш билан ҳазил қилишни ёқтирардим. Одатда анча оддий ўйинчи бўлганим учун, мабодо бирор финт қилсам, йигитлар мени «Зидан» дейишни бошлашарди. Техникамни намойиш этишим билан Рубен олдимга келиб, «Зидан» деяверади.
«Йўқ, бугун Пирломан, эртага яна Зизу бўламан», - деб қўяман.
Айниқса, рафиқаларимиздан миннатдор бўлишимиз керак. Улар ўзаро маслаҳатлашиб, жуда кўп партилар, барбекюлар уюштиришди ва бу йигитларнинг янада яқинлашиб кетиши учун аҳамиятли бўлди. Биз кўп кулдик, жуда аҳил эдик, ўйлашимча, Чемпионлар Лигасидаги ғалабамизнинг ҳам асосий сабабларидан бири шунда.
Мен учун Чемпионлар Лигаси сўнгги ўн йиллардаги асосий мақсадларимдан бири эди. 2013 йилда Дортмунд билан «Бавария»га қарши финални ютқазганимда жуда тушкун бўлиб қолгандим. Финалда мағлубиятга учраш ҳиссиётини таърифлаш қийин. Шундан буён ҳар бир қароримда айнан мана шу совринни ютиш орзуси асосий сувайирғич вазифасини ўтаган. Айнан шунинг учун «Манчестер Сити»ни танладим. Шунинг учун икки йил олдин «Челси»га ютқазганимиз жуда оғир бўлган. Ўтган йили «Этиҳад»да ўтган «Реал»га қарши ўйинда захирада қолганим янада қийин бўлди. Пеп асосий таркибни эълон қилиб, ўз хонасига кириб кетганида дунё устимга ағанаган. Ахир мен бу ўйинда қатнашишни жуда истаётгандим, тушуняпсизми?
Бу мавсум ўзгача бошланди. Ниҳоят бу сафар ҳаммаси бошқача бўлишини билиб турардим. Гап фақат АПЛ, ЕЧЛ ёки Англия кубогини ютганимиз эмас, умуман ҳафтадан ҳафтага ҳаммаси шунга қараб кетаётганини пайқамаслик мумкин эмасди. Ҳатто «Арсенал»дан 10 очко ортда бораётган пайтимизда ҳам чемпион бўлишимизга амин эдим. Биз Кевин, Кайл, Жон, Фил, Бернарду ва Эдерсон билан анча йиллардан бери жамоа асоси бўлдик, Эрлинг ва Жек каби йигитлар қўшилиши эса бизга қўшимча устунлик тақдим этди.
Шу ерда айтиб кетай, баъзи оммавий ахборот воситалари Жек Грилиш ҳақида нотўғри таассуротда бўлишди. У мен футболда учратган энг ёқимли йигитлардан бири. У аслида жуда камтар ва беғубор. Мен унинг ҳам муваффақиятидан хурсанд бўлдим, сабаби, катта пул эвазига катта клубга келишнинг босими жуда катта. У янги даражага чиқиш учун кўзимиз олдида катта меҳнат қилди ва биз учун фантастик футболчига айланди.
Эрлинг Ҳоланд. Ростини айтсам, келган пайтда ундан нима кутишни билмасдим. Дортмунддаги унинг голлари, барчанинг диққат марказида бўлганини кўриб, ўйланиб қоласан, бу характер билан жамоанинг бир парчасига айлана оладими? Лекин танишган заҳоти, ҳайрон қолдим, наҳотки инсон шу қадар истеъдодли бўла туриб, кундан кунга яна ўсишга ўзида эҳтиёж сезаверади? У ҳеч қачон ўзидан қониқмайди. Гўёки, у учун чегара йўқдек. Агар таққослаш керак бўлса, фақат Месси ва Роналду даражаси у етиши керак бўлган чўққи бўлади, менимча.
Иккинчи дарвозабонимиз Стефан Ортега, бу ердаги ҳаётимда катта ўрин тутган жамоадошларимдан яна биридир. Икки немис сифатида умумийликларимиз кўп ва ҳар кунни биргаликда эспрессо ичиш билан бошлашимиз менинг очилишимда муҳим рол ўйнади. Агар у бўлмаганда, бу қадар ёрқин мавсум ўтказа олмасдим, балки. Сўнгги мавсумда Кевин де Брюйне билан ҳам анча яқинлашдим. У билан ҳар қандай мавзуда гаплашиш мумкин, ўйлайманки, агар жамоадошларим билан шунчаки ҳамкасб эмас, доим ишониш мумкин бўлган дўстлар каби муносабат ўрнатилса, майдонда анча ёрдам беради.
Жамоадаги бу шерикларим билан ҳар қандай ўйинни ютиш мумкинлигига ишонардим. Агар ўша ишонч бўлса, ҳаммаси оддий юмушга айланади, қўрқув бўлмайди, ҳеч нарсани ўйламайсиз ва ана ўшанда ҳақиқий сеҳр пайдо бўлади. Балким шунинг учун бу мавсумда мен жуда кўп муҳим голларни уришнинг уддасидан чиққандирман.
Бутун мавсум бирор филмга ўхшайди. Финалнинг Истанбулда бўлиши ҳам... Мен учун бундан ортиқ сценарийни ўйлаб топиш мушкул. Бу мен учун ўзига хос уйга қайтиш бўлганди. Мен учун, оилам учун. Ёдимда, самолётда шаҳарга қўняпман-у, ўйлайман – ахир мен бобомнинг ватанида «Манчестер Сити»ни Чемпионлар Лигаси финалига сардор сифатида бошлаб тушмоқдаман!
Меҳмонхонага кетишда автобусда Скотт Карсон билан ёнма-ён эдим. Биласиз, у 2005 йилдаги Истанбул финалида «Милан»ни ютган «Ливерпул» таркибида бўлган.
«Қўрқманглар, болалар, бу ерга мен ҳар келганимда Чемпионлар Лигаси кубоги билан қайтаман», – деб кулди у.
Ҳа-ҳа-ҳа. Жамоамиз Скотт билан ютқазиши имконсиз.
Биргина муаммо ўйиннинг маҳаллий вақт билан кечки соат ўнда бошланиши эди. Шунинг учун биз кун бўйи меҳмонхонада ўтиришимизга тўғри келди. Эсимда, турли смсларни ўқимаслик учун телефонимни ўчириб қўйдим. Қимирлай олмасдим. Телевизор ҳам кўра олмадим. Шу қадар асабий эдимки, хонамда камида беш юз бор финал ўйинини миямда ўйнаб ҳам бўлдим. Истак шу қадар кучли эди. Балким, бу аслида ёмондир, билмадим.
Ҳеч эсимдан чиқмайдиган воқеа, Пеп чигалёзди машғулотларидан сўнг, мени четга тортди ва жамоага нутқ сўзлаётганимда Кайлга ҳам вақт қолдиришимни илтимос қилди. Шунинг ўзи ҳам жамоамиздаги муҳит, аҳилликни кўрсатади, зеро Кайл асосий таркибга киритилмаган эди.
Кайл ўрнидан турди, ҳаммамизни жуда яхши кўришини айтди ва охирида шундай деди: «Бу соврин доим менинг орзум бўлган. Боринглар, менинг орзумни рўёбга чиқаринглар».
Ўйин ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Эслашга уринсам ҳам қийин. Тан оламан, унчалик зўр ўйнай олмадик. Менимча, барчамизда бироз ҳаяжон ҳам бор эди. Аммо барча чемпионлар каби ғалаба қозониш йўлини топа олдик.
Ҳаммасидан ҳам ҳакам ҳуштак чалган сўнгги сония ёдимда. Мен ўзимни ташлаб юбордим. Бўлган воқеани миямда жонлантириш, тўлиқ ҳис қилишни ўйлар, аммо уддасидан чиқа олмаётгандим. Ўрнимдан турганимда атрофимда йиғлаб ўтирган «Интер» футболчиларини кўрдим. Уларнинг ҳиссиётини мендан яхши тушунадиган одам йўқ. Шунинг учун уларнинг олдига келдим ва ажойиб мавсум учун фахрланишлари ҳамда курашни давом эттиришлари кераклигини айтдим. Финал чегараси жуда нозик. Бир сонияда сен бошқа йўлдан кетишинг, ҳаммаси бутунлай бошқача тугаши мумкин.
Муваффақиятсиз йиллар ғалабамизни янада ширин қилганди. Болалар олдига кетаётиб, биринчи бўлиб Стефанни учратдим. Биз узоқ вақт бир-биримизни қучоқлаб турдик, бу лаҳзалар мени енгиб қўйди. Йиғлаб юбордим. У ҳам йиғлади. Одамлар орасида рафиқамни ва оиламни қидириб топдим. «Сен эришдинг. Сен эпладинг» дейишарди улар. Худди Пепнинг ўша гапларини такрорлаётган эдилар.
Ҳар қандай буюк мақсад ортида оила туради ва бу футболдаги шерикларинг каби жуда муҳим. Бизга яхши ҳаёт тақдим этиш учун ота-оналаримиз қанча меҳнат қилишди. Отам пиво заводида юк машинаси ҳайдарди. Онам кафеда ошпазлик қилган. Бувам шахтада ишлаш учун Туркиядан Германияга келиб қолган. Бутун дунё қаршисида гундўғанлик бир болакайнинг чемпион сифатида туриши мен учун жуда ҳаяжонли, албатта.
Айтишим керакки, Пеп бўлмаганда, буларнинг ҳаммаси содир бўлмасди. Тўғри, у баъзида ҳаммасини мураккаблаштиради, доим талабчан бўлиши руҳан чарчатади ҳам. Аммо ҳамма ўз вазифасини тушуниб, гармонияга эришгач, барчаси жуда осон туюлиб қолади. Мен доим у билан руҳан яқинлик ҳис қилганман.
«Мен 11 яримҳимоячи билан ўйнагим келади. Сизлар ўйинни беш қадам олдиндан кўра оласизлар», – деганди у бир куни менга.
Мен учун энг оғири, Пепга телефон қилиб, кетиш қароримни айтишим бўлди. Унга фақат «миннатдорман» дейишдан бошқа гап ўйлаб ҳам топа олмайман. Фақат ажойиб мавсумлар, совринлар учун эмас, умуман мени бу ерга олиб келгани учун.
Ҳеч қачон унутмайман, Дортмундда тиззамдан жароҳат олгач, операция столига ётишимга тўғри келди. Қўрқувим «Манчестер Сити» мени сотиб олиш фикридан қайтиб қолиши мумкинлигидан эди. Аммо Пеп менга қўнғироқ қилди: «Хавотир олма, бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Биз сени бу ерда кутамиз ва қанча вақт бўлса ҳам тайёрмиз».
Тасаввур қиляпман, катта пул эвазига кулгили исмли бир футболчи ҳасса таяниб турганида, «Манчестер Сити» фанатлари нималарни ўйлашди экан...
Нимаям дейишим мумкин?
Бу ерга бир оёқда келиб, булутлар орасида учиб юргандек ҳолатда тарк этяпман.
Ўйлаб қоламан, бундан ҳам ортиқ бўлиши мумкинмиди? Менимча, йўқ.
Ҳа, балки мумкин эди. Масалан, Пеп бу ерга бирга келиб, охирида бирга кетишимиздан умид қилганди. Аммо қароримни тушунди, деб ўйлайман. Болалигим орзуси бўлган клубга кетаётганимни яхши билади. Умид қиламанки, биз Чемпионлар Лигаси финалида тўқнаш келамиз.
Агар Манчестерни тарк этадиган бўлсам, дунёда боришим мумкин бўлган ягона клуб бор эди. Ё Барселона, ёки ҳеч қаер. Болалигимдан айнан шу либосни кийишни орзу қилганман. Аминманки, яна бир неча йил юқори савияда футбол ўйнай оламан ва шу орқали «Барселона»ни ўзи лойиқ бўлган даражага қайтаришга боримни бераман. Эски дўстим Левандовски билан яна бирга тўп суришни, мен доим ҳавас қиладиган мураббий – Хави қўл остида шуғулланишни сабрсизлик билан кутяпман. Хави менга «Барселона»даги режалари ҳақида айтиб бераётганда жуда самимий кўринди. Менимча, шахс сифатида ҳам, футбол қарашларимиз борасида ҳам у билан умумий жиҳатларимиз талайгина.
Барселонада мени катта босим кутиб турганини биламан. Бу менга ёқади. Қулай доирамни тарк этишни яхши кўраман. Мен ҳеч қачон осон ҳаёт, осон мақсад кетидан қувмаганман. Янги чақириқни яхши кўраман. Ҳаётимнинг кейинги босқичи мана шу ҳақида бўлади.
«Барселона» либосини кийиш олдидан «Манчестер Сити»даги дўстларимга, у ерда меҳнат қиладиган ходимларга, айниқса мухлисларга охирги сўзимни айтмоқчиман.
Шуни доим билишингизни истайман – мен энди доим «Манчестер Сити» мухлиси бўлиб қоламан. Бу риштани ҳеч нарса буза олмайди. Бу энг юқори даражадаги муносабат эди. Ҳаммаси учун раҳмат.
Аминман, кўпчилик катта эҳтимол билан ажойиб голларни, узатмаларни, финалларни эслаб қолади бу даврдан. Аммо мен бошқа нарсани кўпроқ қадрлайман. Ҳа, футбол баъзи пайтларда ажойиб эди, аммо инсонлар янада яхшироқ.
Мен сизларни умримнинг охиригача эсдан чиқармайман.
Ҳаммаси учун раҳмат.
Илкай Гундўған.
ThePlayersTribune учун