Спорт | 18:17
4156
9 дақиқада ўқилади

Ҳусановнинг ўйинсиз серияси атрофидаги саволлар ва жавоблар

Абдуқодир Ҳусанов бир ойдан бери «Манчестер Сити» сафида майдонга тушгани йўқ. У охирги марта 30 март куни, Англия кубоги чорафиналида «Борнмут»га қарши ўйиннинг танаффусида захирага олинганди ва шундан кейин жамоанинг барча турнирлар доирасидаги олти ўйинида бирор дақиқа ҳам ўйнамади.

Ўтган вақт давомида бу мавзу ўзбекистонлик футбол мухлислари диққат марказида бўлиб турди, ўйинсиз сериянинг сабаблари ҳақида турлича тахминлар билдирилди, ақлга сиғмас даражадаги версиялар ҳам бўлди. Қуйида Абдуқодир жамоасининг асосий таркибидан тушиб қолиши атрофида қандай гаплар бўлиб ўтганини эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонга сафар

Ёмон тасодиф шундаки, Ҳусанов захирага олиниши Ўзбекистонга келиб кетиши ортидан рўй берди – табиий равишда мухлислар ўртасида, футбол жамоатчилигида бу икки воқеани ўзаро боғлаш авж олди.

Лекин Ҳусановнинг Тошкентга ташрифи чоғидаги турли ролик ва тадбирларда кўрингани учун мураббий томонидан жазоланмоқда ёки спорт формасини йўқотиб қўйган, деган фаразлар вақт ўтиб асосини йўқотди, дейиш мумкин. Чунки майдонга тушмаётган бўлса-да, Ҳусанов «Лестер»га қарши ўйинни ҳисобга олмаганда кейинги барча учрашувларда қайдномага киритилмоқда. Бирор тарбиявий қарор ёки спорт формаси тушиб кетгани сабаб бўлганида, Гвардиола уни биратўла асосий жамоадан вақтинча четлатган бўларди. Зеро мураббийнинг ўзи таркиб катталиги ва баъзи футболчилар рўйхатдан тушиб қолаётгани ҳақида алоҳида гапирди ҳам. Яъни, айни дамда «Сити» таркибида нафақат асосий таркибда, балки қайдномада ҳам Абдуқодирнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган футболчилар етарли.

Жароҳат

Футболчида жароҳат борлиги ҳақидаги маълумот Ўзбекистон миллий жамоаси устози Тимур Кападзе тилидан янграганди. У Ҳусановнинг ўзи билан гаплашгани, жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари учун узоқ сафарлардан кейин тикланиш талаб этилгани, шу туфайли «Борнмут»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида бошқа жамоадошлари каби унинг ҳам ўйини чиқмагани, сариқ карточка олгани учун Гвардиола уни алмаштиргани, қолаверса, ўйиндаги тўқнашув чоғида оёғидан кичик жароҳат олганини айтиб берганди.

Аммо кейинроқ бу аслида жиддий сабаб эмаслиги маълум бўлди. Унда енгил лат ейиш кузатилган бўлиши мумкин, лекин бу таркибдан тушиб қолишга сабаб бўладиган даражадаги жароҳат эмасди. Ҳар ҳолда, клуб ҳам ундаги жароҳат ҳақида хабар бермаган, футболчи эса мунтазам равишда машғулотларда қатнашишда давом этиб келмоқда.

Шампун воқеаси

Апрел ўрталарида, Ҳусанов қаторасига тўрт ўйинни ўтказиб юборганидан кейин Х ижтимоий тармоғида 73 минг атрофида кузатувчига эга бўлган аккаунт томонидан жуда ишонарсиз ва кулгили маълумот тарқатилди. Унда гўёки Ҳусанов Пеп Гвардиола билан суҳбат чоғида уни «чемпион» демоқчи бўлиб, «шампун»га яқинроқ талаффуз қилгани-ю, бу мураббийнинг жаҳлини чиқариб, энди уни трансферга қўймоқчи бўлаётгани айтилганди.

Ажабланарлиси, абсурд экани кўриниб турган бу версия кўплаб нашрлар томонидан хабар қилиб тарқатилди.

Ўша аккаунт эса кейинроқ бу пост ҳазил бўлганини, футболчи билан нима бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳазил аралаш «тахмин қилингани»ни ёзиб чиқди.

Шу билан бирга, шу ўринда Ҳусанов инглиз тилини имкон қадар яхшилаши – Пеп билан муносабатларини яхшилаши учун муҳим эканини таъкидлаш керак.

Тактик ўзгариш

Энди масаланинг асосий қисмига етиб келдик.

Футболда ҳимоячилар танаффусда ёки танаффусдан кейин алмаштирилиши кам учрайдиган ҳолат. Абдуқодир Ҳусанов эса «Сити» ўйинларида икки марта биринчи бўлимдан кейин алмаштириб юборилди.

«Челси»га қарши дебют ўйиндаги алмаштириш билан «Борнмут»га қарши кубок ўйинидаги алмаштиришнинг фарқи бор. Биринчи ҳолатда мураббий унинг тажовузкор ўйинини ҳисобга олган ҳолда қизил карточкадан суғурталанишни истаган, шу билан бирга ёш футболчига иккинчи бўлим бошида яна бироз вақт бериб, унинг дебюти узил-кесил барбод бўлишига йўл қўймаганди.

Иккинчи ҳолатда эса муваффақиятсиз биринчи бўлимдан кейин Гвардиола ўйинни қутқариш чораларини кўришга киришди. У чап қанот ҳимоясида ўйнаб келаётган Гвардиол аслида марказий ҳимоячи бўлганини эслаб қолди ва уни марказий ҳимоянинг чап томонига ўтказди, Диаш марказий ҳимоянинг ўнг қисмига сурилиб, Ҳусановнинг жойини эгаллади.

Чап қанотда Гвардиол ўрнига Нико О’Райли туширилди. Бу ўзгариш дарҳол ўзини оқлади ва ёш футболчининг ҳаракатлари ўйинда бурилиш ясади, унинг чап қанотдан ҳужумга фаол қўшилиши орқали «Борнмут» дарвозасига ғалаба голлари урилди.

Натижада мураббий муваффақиятли чиққан схемани ўзгартирмасликка қарор қилди ва бу кейинги ўйинларда ҳам ўзини оқлади – 6 ўйинда 5 ғалаба ва бир дуранг қайд этилди, шундан тўрт ўйинда дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинди.

Бу орада футболчининг атрофидагилар ҳам ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиевга берган изоҳида Гвардиола билан ҳеч қандай шахсий ва профессионал даражада зиддият йўқлиги, мураббий машғулотларда доимий тарзда унга эътибор қаратиши, позицияси бўйича тактик кўрсатмалар бериши, жисмоний жиҳатдан ҳам Ҳусановда муаммо, пасайиш йўқлиги, ўйинларда тушмаётганига сабаб – соғлом рақобат эканини тасдиқлашди.

Ижара

Ўтган ой давомида футболчини гоҳ Италияга, гоҳ Испанияга юборишди. Хусусан, номини биринчи марта эшитиб турган манбаларимизда уни «Ювентус» ёки «Барселона» ижарага олиши мумкинлиги айтилди.

Лекин буларнинг барчаси шунчаки миш-миш. Биринчидан, асосий таркибда ўйнамай қолган ҳар қандай футболчи ҳақида бундай гаплар тарқалиши табиий ҳолат. Иккинчидан, «Сити»нинг ўзига ҳимоячи керак. Асосий таркибда ўйнамаётган бўлса-да, машғулот жараёнида жамоадаги соғлом рақобатни сақлаб туришда ҳам ҳар бир футболчининг ўрни бор. Қолаверса, катта маблағ сарфлаб сотиб олинган футболчини ярим мавсумдан кейин бирор клубга ижарага бериб юбориш клуб нуфузга ҳам тўғри келмайди.

Ва ниҳоят, футболчининг агенти ҳам бундай миш-мишларни қатъиян рад этиб чиқди.

Энди қачон ўйнайди?

Жамоа ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган, бирорта очко йўқотишга ҳаққи йўқ бўлган даврда ёш футболчи тажрибали ҳамда яхши формадаги Гвардиол ва Диашдан кейинги вариант бўлиши тушунарли ҳол. Шундай экан, нафақат эртага – АПЛнинг навбатдаги тури доирасида «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинда, балки мавсум якунига қадар қолган барча ўйинларда ҳам Ҳусанов захирада қолдирилади.

Катта эҳтимол билан, ёзда бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати пайтида Диашга кўпроқ дам берилиши ва Ҳусановда ўйнаш имконияти бўлиши мумкин. Шунингдек, кейинги мавсумда, ҳар ҳафтада икки ўйин режими бошланганида ҳам мураббийда ротация қилиш зарурати бўлади ва рақиблар услубидан келиб чиққан ҳолда Ҳусановга ишониш мумкин бўлади.

Албатта, бунинг учун футболчи мавсумолди йиғинларида ўз устида кўпроқ ишлаши ва мураббийларнинг ишончини қозониши талаб этилади.

Хулоса ўрнида

Яна январ ойи охирига қайтамиз. Ўшанда кўпчилик Ҳусанов дарҳол ва бутунлайга «Сити»нинг асосий таркиб футболчисига айланишига ишонармиди? Йўқ. У жамоага шундай паллада келиб қолдики, кадрлар етишмовчилигидан азият чекаётганган мураббий уни ҳеч қандай мослашув жараёнисиз, етарлича тайёргарликсиз «Челси»га қарши ўйинга ташлашга мажбур бўлганди. Жароҳатлар туфайли унда ўйнатиш учун бошқа футболчининг ўзи қолмаганди.

Аслида у «Сити»дек катта клуб таркибида майдонга тушишининг ўзи ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Англияда бу йиллар давомида, турли ёш тоифасидаги жамоаларда, турли лигаларда, турли босқичлардан ўтиб ўйнаб келадиган минглаб ёшлардан фақат саноқлиларига ушаладиган орзуси ҳисобланади.

У эса борди, кўрди ва керакли вақтда ёрдам берди. Кейинроқ жамоада вазият барқарорлашди, асосий таркиб футболчилари қайта бошлади ва мантиқий воқеа рўй берди.

Энди эса навбатдаги имконни кутади. Чунки клуб уни бугун эмас, келажак учун сотиб олганди.

Мавзуга оид