Жамият | 10:26 / 16.07.2023
21697
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда банк мутахассиси ўзганинг номига 20 млн кредит олиб, пулларни ўзлаштиргани аниқланди

Жиззах вилояти Янгиобод туманида мижозларнинг кредит қарздорлиги учун тўланган пулларни ўзлаштирган собиқ етакчи мутахассис аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Янгиобод туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Янгиобод филиалининг кредитлаш бўлими собиқ етакчи мутахассиси Н.Қ. фуқаро М.Б.нинг номига 20 миллион сўм кредит олиб ўзлаштиргани, шунингдек, банк мижозлари Ш.Н. ва М.О.дан кредит қарздорлигини сўндириш учун қабул қилган жами 61,4 миллион сўм нақд пулларини банк кассасига топширмасдан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид