Антимонопол қўмитанинг тиши “ўткирлашди”. Янги қонун нимани ўзгартиради?
“Рақобат тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши билан, монополияга қарши органнинг ҳукуматдан мустақил мақоми тикланди. Рақобат қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, қўмитанинг ваколатлари кенгайди. Kun.uz мухбири мавзу юзасидан Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Мирзоҳид Комилов ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди.
– Рақобат қўмитаси масъуллари жамоатчиликка ушбу қонун йирик монополистларга таъсир қилишини айтишганди. Қонундаги ўзгаришлар ҳақиқатан йирик монопол субъектларни чеклай оладими?
Мирзоҳид Комилов: Анча кутилган қонун бўлди. “Рақобат тўғрисида”ги қонунга бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Шу жумладан, асосий тушунчалар билан бойитилди. Рақамли платформаларда рақобат муҳитини таъминлаш учун уларни ҳам қамраб олдик. Шу билан бирга, йирик давлат иштирокидаги корхоналарини ташкил этиш ва уларнинг аффилланган шахслари бўйича маълум бир меъёрлар белгиланди.
“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг асосий принциплари, рақобат соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шу билан бирга, бугунги кунда Рақобат қўмитаси қонун ва қонуности ҳужжатлар билан мустақил ташкилотга айланди. Бошқа давлатларда антимонопол қўмита ҳеч қайси идорага бўйсунмайдиган мустақил ташкилот ҳисобланади. Бизда ҳам эндиликда Рақобат қўмитаси президент ва Сенатга ҳисобдорлиги белгиланди.
Йирик ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектларда мажбурий равишда монополияга қарши комплаенс назорати тизими жорий қилиниши керак деб белгиланди. Асосий ўзгаришлардан бири – рақобат қонунчилигини бузганларга нисбатан молиявий жарималар белгиланди. Аввал рақобат тўғрисидаги қонун талабларини бузганлар фақат маъмурий жавобгарликка тортиларди. Жазонинг сезиларли эмаслиги, қайта-қайта қонун бузилишига ва қўмитани менсимаслигига сабаб бўларди.
— Отабек ака, сиз бу қонунни энг кўп кутган фаоллардансиз. Нима сабабдан ва қонуннинг айнан қайси жиҳатларини жуда аҳамиятли билган ҳолда, қабул қилинишини кутдингиз?
Отабек Бакиров: Бир неча йил бизда иқтисодий ўсиш давом этди, лекин унинг инклюзивлиги таъминланмади. Истеъмолчиларнинг иқтисодий ўсишдан тўлиқ манфаатдорлигини таъминлай олмадик. Камбағалликка қарши кураш оқибатларини монополиялар йўққа чиқараверди. Тасаввур қилинг, истеъмолчиларнинг қайсидир тоифасини қўллаб-қувватлаяпсиз, лекин монополистлар бу ҳаракатларни пучга чиқаряпти.
Антимонопол қўмитанинг монополистларни тийиб туришга узоқ йиллар ваколатлари етарли бўлмаган. Иккинчиси, уларга қарши қўлланадиган жазо чоралари шунчалик енгил бўлганки, мополистлар олган манфаатларнинг юздан, мингдан бирини тўлаб қўйиш эвазига фаолиятини давом эттириш имконияти бўлган. Сиз арзимаган бир неча юз миллион сўмлик жаримани тўлайсиз ва фаолиятингизни яна давом эттираверасиз. Буларга қачондир чек қўйиш керак эди. Чунки янги даврда биз эришган жуда кўп ютуқларни монополлашув йўққа чиқариб, ислоҳотларни обрўсизлантираётган эди.
Жуда кўп замонавий секторларда монополистларга, устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларга қарши қўмитанинг етарли даражада инструментлари мавжуд эмас эди. Интернет компаниялари, турли алгортим асосида электрон платформаларда фаолият юритадиган субъектларига нисбатан инструментлар йўқ эди. Бизни антимонопол органимиз шартли равишда Google ёки Netflix устун мавқега эга бўлса, уларни тийиб туриш учун ричакларга эга эмас эди. Бу қонун янгиланишини кутганим сабаблари шулардан иборат.
— Қонунга “давлат ёрдами” тушунчаси киритилди. Яъни бунда давлат хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар бериши тушунилади. Ўзбекистонда 2022 йилдан ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари хусусий компаниялар учун пасайтирилди. Бу соҳада нотенгликни яратди. Ушбу норма билан мен назарда тутган имтиёзлар бекор бўлишига умид қилсак бўладими?

Отабек Бакиров: Саволингизни аниқ мисол асосида очиб бермоқчиман. Айтайлик, UzAuto охирги 3 йилда Хитойдан, Таиланд ёки Кореядан автомобил импорт қилишда махфий қарор билан божлардан озод қилинган, аммо бошқа импортчилар айни шу машинани импорт қилишда бож тўлашга мажбур. Бу масалада қўмита аниқ чорани кўриши керак деб ҳисоблайман. Иккинчиси, айтайлик, утилизация йиғими бор, UzAuto утилизация йиғимини тўламайди, бошқа ҳар қандай маҳаллий ишлаб чиқарувчи ёки импортчи тўлайди, бу ҳам нотенгликни келтириб чиқаради. Менимча, саволингизнинг мазмуни шундай. Октябр ойига келиб, биз UzAuto бошқалар сингари бож ва утилизиция йиғимларини тўлашига умид қилсак бўладими?
Мирзоҳид Комилов: Шундай имтиёз ва преференциялар бериш ҳолатлари жуда кўп. Тоғ-кон саноатини оладиган бўлсак, у ерда барча тадбиркорлик субъектларига тенг шароит яратилиши керак. UzAuto'ни оладиган бўлсак, бир ўзида шундай имтиёз бўлмасин. Агар бўладиган бўлса, бозордаги барча иштирокчиларга тенг қўллансин. Ҳар бир имтиёз ёки давлат ёрдами шаклида қабул қилинадиган ҳужжатлар ҳам қўмита экспертизасидан ўтказилиши керак бўлади.
— Бундан олдинги қарорлар-чи?

Мирзоҳид Комилов: Бу нарсалар бўйича иш олиб борилади. Йўналишларимиздан бири – давлат органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни рақобатга таъсирини баҳолаш. “Экс-анте” ва “Экс-пост” деган тушунчалар бор. “Экс-анте” – қарор лойиҳаси қабул қилинишидан олдин Рақобат қўмитасига баҳолашга киритилиши бўлиб, келгуси рақобатга зид ҳаражатларнинг олдини олади. “Экс-пост” эса қабул қилиб бўлинган қарорларни хатловдан ўтказиб, у ерда рақобатни чекловчи меъёрлар бўлса, уларни ҳам бекор қилиш ёки барчага тенг шароит яратиш учун ўзгартириш киритиш керак бўлади.
Отабек Бакиров: Нефт-газ соҳасида саволим бор. Хоҳлаймизми-йўқми бу соҳа ҳар бир ўзбекистонликнинг ташвишига айланиб қолди. Январ охири феврал бошида ҳукумат қарорига кўра, “Ўзбекнефтгаз” ва “Узтрансгаз” (давлат компаниялари) конлар ва магистрал трубаларгача борадиган ҳар бир занжирда ўлчов ускуналарини ўрнатишга мажбур бўлди. Бу тўғри қарор, агар биз ҳисоб-китобни жойига қўймасак, ўғрилик кўпаяверади. Лекин айни шу талаб нормалари давлат компанияларига тааллуқли, хусусий компанияларга эмас. Менинг хавотирим Ўзбекистонда хавф фақат давлат монополиялари нуқтайи назаридан эмас, балки кўпроқ хавфни катта преференцияларга эга хусусий компанияларда. Чунки улар очофатроқ. Ҳукумат халқнинг олдига чиқади – давлат компанияларини тийиб туриши мумкин, лекин хусусий компанияларни тийиш оғирроқ. У ерда манфаатлар каттароқ. Сизнинг вазифангиз, нафақат давлат компанияларидан хусусий компанияларни ҳимоя қилиш, балки, хусусий компаниялардан давлат компанияларини ҳимоя қилиш бўлиши керак. Шунга ишонса бўладими? Тарози билан боғлиқ ҳолатлар нафақат давлат, балки хусусий компанияларга ҳам қўйилиши керак.
Мирзоҳид Комилов: Хусусий компаниялар давлат монополияси бўлмаслиги мумкин, лекин у ҳам монополияга айлана олади. Устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлиши мумкин. Истеъмолчига зарар етказидиган бўлса, рақобат нуқтайи назаридан қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши керак.
Белгиланган молиявий жарималарнинг ўзи эртага рақобатга зид ҳаракатлар қилаётганларни ўйлаб кўришга мажбур этиши керак. Шу вақтгача қонунни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган эди ва у БҲМнинг 30 баробаридан ошмасди. Ҳар қандай монополист “нима бўлибди” деб, бу жарималарни менсимаган. Аммо ривожланган давлатларда келишиб олинган ҳаракатлар – картел учун 10 млн долларгача жарима белгилаш ҳуқуқи бор. Биз бор-йўғи маъмурий жазога торта олардик. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берардик. Ўзимиз чора кўра олмасдик.
— Энди рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлар қандай жазоланади?
Мирзоҳид Комилов: Бугунги кунда рақобат қонунчилигини бузганлик учун жарималар олган фойдасидан ортиқ эмас, лекин менимча, молиявий жарималар белгилангани катта қадам бўлди. Олдинги 10 млн сўм жарима билан бугунги кунда келишиб олинган ҳаракатлар учун товар айланмасининг 5 фоизи миқдорида жаримага тортилишининг ўртасида фарқ катта. Мавжуд жаримага нисбатан бу анча катта.
Масалан, оммавий савдолар. Бунда биз электрон дўконлар ёки давлат харидларини назарда тутамиз. Агар бунда қонунчилик нормалари бузилса, савдонинг 3 фоизи миқдорида жаримага тортилади. Бу олдин БҲМнинг 10 баробаригача эди. Тасаввур қилинг, 100 млн долларлик халқаро тендер ўтказилди, унда иштирокчи ёки давлат буюртмачиси қонунни бузса, 3 млн доллар миқдорида молиявий жарима тўлашга мажбур бўлади. Аммо молиявий жаримани тўлаш уни қонунбузилишидан озод қилмайди. Яъни жарима тўлашдан ташқари, қонунбузилишини бартараф этиши ҳам керак бўлади.
- Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг You tube саҳифасида томоша қилинг.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг нархи қанча бўлади?
Ўзбекистон | 18:04 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16 / 25.03.2025
Мавзуга оид

21:05 / 27.03.2025
Бухоро нефт заводи жаримага тортилган. Рақобат қўмитаси тафсилотларни очиқламади

10:09 / 19.03.2025
Uzum Market устун мавқега эга деб топилди

14:01 / 06.03.2025
WizzAir Ўзбекистонга амалга оширадиган рейсларида ўзбек тилида ҳам хизмат кўрсатади

17:32 / 04.03.2025