Жаҳон | 17:29 / 19.07.2023
18411
2 дақиқада ўқилади

ЖАР Путинни БРИКС саммитига келмасликка кўндирди

Саммитда Россия делегациясига Лавров бошчилик қилади. Агар Путин Йоханнесбургдаги анжуманга борганида, Рим статутига қўшилган Жанубий Африка Республикаси Халқаро жиноят суди ордерига асосан уни ҳибсга олиши керак бўларди.

Рамафоса ва Путин 2019 йилда / Фото: Sergei Shirikov / AFP / Getty

Россия президенти Владимир Путин БРИКС саммитида иштирок этиш учун Жанубий Африка Республикасига бормайди. Бу ҳақда ЖАР президенти расмий сайтида маълум қилинди.

“Икки томонлама келишувга асосан, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин саммитда иштирок этмайди. Россия Федерациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров вакиллик қилади”, – дейилади хабарда.

БРИКС саммити 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтади. Унда Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари раҳбарлари қатнашади.

ЖАР вице-президенти Пол Машатиле аввалроқ мамлакат президенти Сирила Рамафоса шахсан ўзи Путинни саммитга келмасликка кўндиришга уринганини айтганди.

Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида ҳарбий жиноят – босиб олинган ҳудудлардаги украиналик болаларни ноқонуний депортация қилиш гумони билан Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган. Бу эса Ҳаагадаги суднинг асосий ҳужжатини бўлмиш Рим статутини ратификация қилган 120 дан ортиқ давлатга Путинни ҳибсга олиш мажбуриятини юклайди. Бу давлатлар орасида Жанубий Африка Республикаси ҳам бор.

ЖАР президенти Сирил Рамафоса мамлакатдаги мухолифатнинг ХЖС олдидаги мажбуриятини бажариш талабига жавобан, Россия томони Путинни ҳибсга олиш уруш эълон қилиш билан тенг деб огоҳлантирганини айтганди. Ўз навбатида, Кремл Путиннинг БРИКС саммитидаги иштироки унинг ҳибсга олинишига олиб келиши эҳтимоли юзасидан ЖАРга қандайдир таҳдид қилганини рад этган, лекин эҳтимолий оқибатлардан огоҳлантирганди.

Аввалроқ ЖАР расмийлари саммитда РФ делегациясига Путин эмас, Лавров раҳбарлик қилиш ҳақидаги таклифни илгари суриб, Россия томонидан рад жавоби олишганини айтишганди.

ЖАР вице-президенти Пол Машатилега кўра, саммитни Хитойда ўтказиш ёки Путин унда онлайн режимда иштирок этиши вариантлари ҳам таклиф қилинган, лекин биринчи таклифга Ҳиндистон ва Бразилия рози бўлмаган.

Мавзуга оид