Ўзбекистон | 11:45 / 19.07.2023
7863
2 дақиқада ўқилади

Машинани маст ҳолда бошқариш бўйича Самарқанд, Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳайдовчилари пешқадам

Республика бўйича 2023 йилнинг 3 ойи давомида 5709 нафар ҳайдовчи транспортни маст ҳолатда бошқаргани учун жавобгарликка тортилган. Шундан 2452 та ҳолат Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобига тўғри келади.

Фото: Depositphotos

Олий суд томонидан очиқланган биринчи инстанция судлари томонидан жиноят ишларининг кўриб чиқилишига доир статистикага кўра, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари юқорилигича қолмоқда.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг 3 ойи давомида республика миқёсида 5709 нафар ҳайдовчи транспортни маст ҳолатда бошқаргани учун жавобгарликка тортилган. Бу борада Самарқанд (900), Хоразм (797) ва Қорақалпоғистон (755) ҳайдовчилари пешқадам. Судда кўрилган ҳолатларнинг 2452 таси юқоридаги уч ҳудуд ҳисобига тўғри келади.

Спиртли ичимлик ичган ҳолда машина рулига ўтириш билан боғлиқ энг кам кўрсаткич Сирдарё (142), Жиззах (156), Навоий (220) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

2022 йилда 23960 нафар ҳайдовчи маст қилувчи ичимлик ичиб машина ҳайдагани учун суд томонидан жавобгарликка тортилган бўлса, республика бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд (4289), Хоразм (2684) ва Қорақалпоғистонда (2105), энг кам кўрсаткич эса Наманган (722), Жиззах (1056) ҳамда Сирдарё (1076) вилоятларида қайд этилган.

2021 йилда эса Маъмурий жавобгарлик кодексининг 131-моддасида (Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш) кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ 25680 та ҳолат аниқланган. Самарқанд (4860), Хоразм (2628) ва Қашқадарё (2244) ҳайдовчилари бу борада “пешқадам” бўлса, Наманган (1000), Сирдарё (1160), Жиззах (1195) вилоятларида қолган ҳудудларга нисбатан пастроқ “натижа” кўрсатишган.

2019 ва 2020 йилда маст ҳолда автомобил бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга оид статистика жадвалда келтирилган.

Умуман, олганда, Олий суд очиқлаган статистик маълумотлар Самарқанд, Хоразм, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Бухоро, Фарғонада ҳайдовчилар эса Маъмурий жавобгарлик кодексининг 131-моддасини бузишда республика бўйича етакчилик қилиб келаётганини кўрсатган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид