Ўзбекистон | 21:44 / 19.07.2023
11044
6 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон ташқи сиёсатида “юмшоқ куч” стратегиясини ишлаб чиқиш вақти келди” — сиёсатшунос

17 июл куни Тошкентда “Тирилиш” нашриёти томонидан таржима ва нашр қилинган учта сиёсий асар: “Манипулятив диктаторлар”, “Кучсизлар кучи” ва “Юмшоқ куч” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда таржимон ва қатор сиёсатшунослар томонидан бир-бирини куч ва ҳокимият масалалари боғлаб турувчи бу китоблар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, тақдимотнинг савол-жавоб қисмида Ўзбекистон ва дунё сиёсатига оид меҳмонларни қизиқтирган қатор масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, сиёсатшунос Суҳроб Бўронов бугунги глобал сиёсатда “қаттиқ куч”дан (турли востилалар орқали мажбурлашни кўзда тутади) кўра, “юмшоқ куч”нинг (ихтиёрий иштирок этиш, симпатия ва жозибадорлик асосида исталган натижаларга эришиш модели) аҳамияти ва жозибадорлиги ортиб бораётгани ҳақида гапирди.

“Юмшоқ куч” (soft power) атамасини фанга Ҳарвард университети профессори Жозеф Най олиб кирган. У ўзининг шу номдаги китобида Совуқ уруш давридан кейинги жаҳон сиёсати ва халқаро муносабатларида “юмшоқ куч” стратегиясини қўллаш усуллари, унинг манбалари, қаттиқ кучнинг (hard power) ўзгарувчан табиати, бир қатор акторларнинг юмшоқ куч сиёсати ҳамда АҚШ тимсолида юмшоқ кучнинг таъсири ва ролини атрофлича таҳлил қилади.

Яъни сиёсатда “юмшоқ куч” – бу ўз манфаатларингизни бошқаларнинг манфаат ва истакларига айлантириш ҳисобланади. Бунда бир мамлакат иккинчисига таклиф қилган ғоя охир оқибатда яна биринчисининг манфаатига хизмат қилади.

“Юмшоқ” ва “қаттиқ куч” ҳақида Жозеф Найдан ташқари Америка федерал комиссияси собиқ раиси Нютон Меноу ҳам фикр билдиради ва “ғоялар учун сарфланган 1 доллар маблағ бомбалар учун сарфланган 100 доллар қийматга тенг”, дейди.

ХХ аср охиригача халқаро сиёсатда “hard power”, яъни “қаттиқ куч” асосий рол ўйнаган бўлса, XXI асрга келиб “soft power”, яъни “юмшоқ куч” асосий ўринга чиқиб улгурди. Бугун ҳар қандай давлатда, у хоҳ АҚШ бўлсин, хоҳ бошқаси бошқаларга таъсир ўтказиш кучи чекланган. Шундай экан, “юмшоқ куч”нинг аҳамияти ошаётгани бежиз эмас”, – деди сиёсатшунос.

Суҳроб Бўроновнинг фикрларида давом этиб таъкидлашича, биз яшаётган асрда “юмшоқ куч”нинг асосий воситалари – кино, саънат, адабиёт ва илм-фан ҳамда ахборот ҳисобланади.

“Хўш, бугун “юмшоқ куч” Ўзбекистон учун қандай аҳамият касб этади? Фикримча, Ўзбекистон ташқи сиёсатида “юмшоқ куч” стратегиясини ишлаб чиқиш вақти келди. Бизда ҳали бундай стратегия йўқ. Шунингдек, бундай стратегияни ишлаб чиқишдан аввалги бир қатор муаммо ва тўсиқлар ҳам бор. Бизда бундай куч стратегиясини ишлаб чиқишда келган бўладиган ресурслар бизда бор, механизм йўқ.

Биринчидан, бугун бизда маданий ва терихий меъросни дунё майдонида илгари суриш, тараннум қилиш бўйича камчиликлар кўп. Масалан, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан то 2000 йилларга қадар UNESCO билан фаол ишлаган. Лекин кейинчалик бу алоқалар анча совиб қолган. Аҳир, бу ташкилот Ўзбекистоннинг дунёдаги маданий жозибасини ошириб берадиган энг муҳим ташкилот-ку. Аммо бугун динамика тушиб кетган.

Ёки тарихий меъросимизни гавдалантиришни олинг. Бизда бугун хорижда кўриладиган, танилган бирор бир тарихий кино ишлаб чиқарилмаган. Бизни дунёда тараннум қила оладиган яхши бир кинойимиз йўқ. Жанубий Кореяни бугун нима орқали буюк давлат, халқини буюк халқ сифатида танияпмиз, кинолари орқали-ку. Ваҳоланки, уларнинг тарихида атиги бир нечта давлатчилик бўлган. Лекин кинолар уларнинг тарихи буюклигидан дарак беради.

Учинчидан, миллат ва тил масаласи. Маълумотларга кўра, бугунги кунда 60 миллиондан ортиқ инсон ўзбек тилида сўзлашади. Бу дегани дунёдаги ўзбеклар сони 60 миллионга яқинлашган. Биз агар бу тилни дунёдаги таъсири, равнақини хорижда оширишга ҳаракат қилсак, тарғиботини кучайтирсак, буни “юмшоқ куч”нинг жуда катта воситасига айлантиришимиз мумкин. Чунки Ўзбекистондан ташқарида жуда кўплаб ўзбеклар, нуфузли ўзбеклар яшайди. Улар орқали кўплаб мақсадларни амалга оширишимиз мумкин. Аммо бу борада ҳам ишларимиз сезилмаяпти.

Тўртинчи ва энг муҳим омил эса ахборот қуроли. Ўйлашимча, биз бугун шундай катта қуролдан фойдалана олмаяпмиз. Ташқарида бизнинг ахборот ресурсларимиз йўқ. Ривожланган давлатларда эса ўзларининг хориждаги ахборот нашрлари жуда кўп. Ана шу ахборот қуролларидан улар ташқи сиёсий манфаатларини амалга ошириш йўлида фойдаланишади. Лекин бизда бундай қурол ҳатто Марказий Осиё учун ҳам мавжуд эмас. Яъни бизда минтақа учун ёки минтақадаги давлатларнинг қайсидир ресурсларига жавоб бера оладиган ахборот қуроллари мавжуд эмас.

Шунингдек, илмий, маданий алмашинув дастурлари. Жозеф Най ўз китобида Америка сиёсатида илмий, маданий алмашинув дастурларининг аҳамияти ҳақида ҳам гапиради. Унга кўра, шу пайтга қадар 200дан ортиқ раҳбарлари бевосита АҚШда таҳсил олган экан. Бунга мисол қилиб Анвар Садат, Гелмут Шмидт ва Маргарет Тэтчер келтирилади. Табиийки, улар ўз вақтида АҚШ манфаатларига хизмат қиладиган ёки қарши бўлмаган сиёсат юритишган. Бугун тақдимоти ўтаётган китобларда шу каби масалалар ўрин олган”, – деди сиёсатшунос Суҳроб Бўронов. 

Мавзуга оид