Ўзбекистон | 15:08 / 19.07.2023
10033
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда браконерлар тузоғига тушган икки буғу нобуд бўлди

Қорақалпоғистоннинг Беруний давлат ўрмон хўжалиги участкасида 2 бош Бухоро буғусининг жасади топилди. Улар браконерлар тузоғига тушиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳолат бўйича гумонланган 3 киши қўлга олинди.

Фото: Экология ва иқлим вазирлиги

16 июл куни соат 06:00 да Қорақалпоғистоннинг Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг Беруний давлат ўрмон хўжалиги участкасида Бухоро буғулари жасадлари топилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жониворлар браконерлар томонидан қўйилган тузоққа тушган. Ҳайвонларнинг нобуд бўлишига алоқадор шахсларни аниқлаш мақсадида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати бошқармаси инспекторлари воқеа жойида пистирма ташкил қилган. Бир неча соат ўтгач, ниқобли икки номаълум шахс пистирмага яқинлашган, аммо инспекторларни пайқаб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Қуйи Амударё қўриқхонаси инспекторларининг ўтказган тезкор ҳаракатлари натижасида Беруний тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда воқеага алоқадор браконерлар — Беруний тумани Бийбозор қишлоғида яшовчи 30 ёшли Ш. А., 33 ёшли Р. Б. ва 38 ёшли И.Д. қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Беруний тумани ИИБ томонидан ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги факти юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

  • Июн бошларида Қорақалпоғистонда браконер Қизил китобга киритилган Бухоро буғусини овлаб, қочиб кетишга уринганида тўхтатиб қолинганди.

Мавзуга оид