Жаҳон | 18:51 / 19.07.2023
18414
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти бешинчи марта Умра зиёратини адо қилди 

Шунингдек, Эмомали Раҳмон учинчи марта Каъбага кирди.

Фото: Flickr

Саудия Арабистонида бўлиб турган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 19 июль куни мусулмонлар учун муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, Умра (кичик Ҳаж) зиёратини амалга оширди. Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Эмомали Раҳмон Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари билан учрашишдан олдин Маккага йўл олди», дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, «Эмомали Раҳмон эҳром кийиб, Аллоҳнинг уйига кириб, Каъбатуллоҳ ичида 2 ракаат нафл намозини ўқиди». Шундан сўнг, Сафо ва Марво тепаликларига чиқиб, Замзам қудуғидан сув ичди. 

Фото: Flickr
Фото: Flickr

«Эмомали Раҳмон Маккага сафари чоғида ўз халқи фаровонлиги учун дуо қилди», дейилади хабарда. 

Эмомали Раҳмон Саудия Арабистонига расмий ва амалий ташрифлари чоғида бешинчи марта Маккани зиёрат қилмоқда. 

Бунгача у тўрт марта кичик Ҳаж зиёратини қилган ва икки марта Каъбага кирган. Бу сафар учинчи марта. У дастлаб 1997 йилда кичик Ҳаж зиёратини адо этган бўлса, сўнгра 2001, 2005 ва 2016 йилларда ҳам бу амалларни бажарган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид