Жаҳон | 16:50 / 25.07.2023
19886
4 дақиқада ўқилади

IQ даражаси билан Эйнштейн ва Ҳокингни ҳам ортда қолдирган 11 ёшли вундеркинд

Машҳур даҳоларнинг IQ тестидаги рекорд натижалари яна янгиланди. “Мен аввалига Mensa IQ жамиятига кириш учун 148 балл олиш ҳақида ўйлагандим. Ҳеч қачон Эйнштейн олган 160 баллга яқинлашаман деб умид қилмагандим. Бу жуда ҳайратланарли ва ҳиссиётли бўлди”, – дейди улкан заковат соҳиби Адриан Ли.

Фото: Rachel Lau

11 ёшли Адриан Ли Англия пойтахти Лондондаги Бернет туманида яшайди. Асли келиб чиқиши хитойлик бўлган бу оила фарзанди 2022 йилда ота-онаси билан шу жойга кўчиб келган. Дунё миқёсида энг заковатли инсонлар бутун аҳолининг 1 фоизини ташкил қилса, эндиликда Адриан мана шундай инсонлар қаторида.

Ҳали мактабни ҳам тамомламаган бу болакай Mensa жамиятининг (дунёдаги энг йирик юқори IQ ташкилоти) IQ тестида 162 баллни қўлга киритди. Бу жуда юқори натижа ҳисобланади. Солиштириш учун, икки даҳо назариётчи физиклар Алберт Эйнштейн ва Стивен Ҳокинг айнан шу тестда 160 баллга эга бўлишган.

Бундай кўрсаткичдан сўнг юқори IQ'га эга инсонларни тўплаган Mensa жамияти Адрианга ташкилотга аъзо бўлиш таклифини берди.

Болалигиданоқ бошқалардан ажралиб турган

Йигитчанинг онаси Рейчелнинг сўзларига кўра, Адриан кичиклигиданоқ бошқа болалардан ажралиб турган. “Атиги 2 ёшида “университет” сўзини мукаммал талаффуз қила оларди, гарчи бу сўзнинг маъносини билмаса-да”, дейди у.

Қолаверса, Адрианнинг анчадан бери китоб мутолаасига иштиёқи баланд. Ҳар куни китоб ўқишни канда қилмайди.

“Болалар боғчасида у “Юлдузли урушлар” ҳақидаги севимли китобларининг тўлиқ матнли версиясини ҳам ўқий бошлади. Адриан 8 ёшида ҳатто романлар ёзишни бошлаганди, саргузаштли ҳикояларга тўла китобини ғурур билан “Monster Quest” (Маҳлуқ ортидан) деб атаган. Эндиликда у ўсмирлар ўқиши мумкин бўлган Қадимги Рим ҳақидаги романини ёзмоқда. Умид қиламанки, шу йилнинг кузида бу китоб ҳам нашр этилади”, – дейди Рейчел.

Онанинг айтишича, ўғли бир нечта академик мукофотга ҳам сазовор бўлган. Академик билим билан чегараланиб қолмасдан, шахмат, қиличбозлик, чанғи учиш, стол тенниси, таэквондо, эшкак эшиш каби спорт турларига ҳам қизиқади.

Адриан сентябрь ойида Бернетдаги қиролича Елизавета номи билан аталган мактабга ўқишга кирмоқчи ва у ерда ўзи каби истеъдодли болалар билан учрашишга умид қилмоқда.

Дунёдаги энг яхши шифокор бўлиш истаги

Mensa жамияти IQ тест натижаларини эълон қилгач, Адриан бундай кўрсаткични кутмагани, таълим олиб дунёдаги энг яхши шифокор бўлишни исташини айтди.

“Мен аввалига Mensa IQ жамиятига кириш учун 148 балл олиш ҳақида ўйлагандим. Ҳеч қачон Эйнштейн олган 160 баллга яқинлашаман деб умид қилмагандим. Бу жуда ҳайратланарли ва ҳиссиётли бўлди.

Бир кун келиб ўз орзумга – кардиолог бўлиш, Кембрижда диплом олиш ва дунёдаги энг яхши шифокор бўлишга эришаман!” – дейди у.

Унинг онаси Рейчел эса фарзанди иқтидорли бўлса-да, ҳали кўп меҳнат қилиши лозимлигини айтмоқда.

“Биз Адрианнинг иқтидорли эканидан фахрлансак-да, у кўп меҳнат қилиши ва истеъдодли бўлса ҳам эҳтиёткор бўлиши кераклигини таъкидлаймиз. Ва у ўз қизиқишига мос келадиган соҳани, ўз йўлини танлашини хоҳлаймиз. Шундагина Адриан касбига тўлақонли равишда ўзини бағишлай олиши, жамиятга ёрдам бериш учун қўлдан келганча ҳаракат қилиши мумкин”, – дейди Рейчел.

Маълумот учун, Mensa International – дунёдаги энг заковатли (IQ даражаси баланд) инсонлар жам бўлган нодавлат ташкилот ҳисобланиб, узоқ йиллардан бери инсонларнинг интеллект даражасини аниқлаш ва юқори натижаларни қайд этганларга ташкилотга аъзолик таклифини бериш билан шуғулланади.

Ўтган йили ноябрь ойида Лондонда яшовчи яна бир 11 ёшли болакай, Юсуф Шоҳ ҳам Mensa IQ тестидан 162 баллни қўлга киритиб, кўпчиликни лол қолдирганди.

Мавзуга оид