Ўзбекистон | 12:03 / 25.07.2023
33430
3 дақиқада ўқилади

Жиззахлик она-бола директорлар ҳийласи: 5 нафар “ўлик жон" учун 200 миллион сўмдан ортиқ ойлик тўланган

Пахтакор туманидаги 14-сонли мусиқа мактаби директори аслида мактабда ишламаган ўзининг турмуш ўртоғи ва яна 2 кишига 77 миллион сўм маош тўлаган. Бундан ташқари, аёл Зафаробод туманидаги 9-мактаб директори бўлган ўғлининг мактабига ҳам 2 нафар “ўлик жон”ни ишга жойлаб, 146 миллион сўмни ўзлаштирган.

Фото: KUN.UZ

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 14-сонли мактаб мансабдор шахслари ҳаракатлари юзасидан йўлланган фуқаролар мурожаати ўрганилган. Маълум бўлишича, ушбу мактаб директори В.М.О. ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда аслида мактабда ишламаган 3 кишига ойлик тўлаб келган. Хусусан:

  • турмуш ўртоғи О.А.га овоз бериш оператори сифатида 2019-2023 йил 1 майга қадар 47,3 млн сўм;
  • омборчи вазифасига ишга қабул қилинган фуқаро Н.Э.га 2022-2023 йил 1 майга қадар 6,9 млн сўм,
  • 2014 йилда ишдан бўшаган Д.Ҳ.га эса 2016 йилга қадар 22.9 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаган.

Шу йўллар билан директор жами 77,1 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Агентликка кўра, В.М.О. вилоятдаги Зафаробод тумани 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида директор вазифасида ишлаб келаётган ўғли Р.Д. билан ҳам жиноий тил бириктирган.

Хусусан, аёл ўз ўғли билан “бюджет маблағларини талон-торож қилиш мақсадида” ўз мактабидаги 2 нафар ходимни, уларнинг хабардорлигисиз бир вақтнинг ўзида ўғли раҳбарлигидаги мактабда ишлаганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган.

«2017-2022 йиллар давомида ушбу икки ходимга мажбурий ушланмалардан ташқари жами 69,8 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб, умумий ҳисобда 146,9 млн сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган”.

Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар жорий йилнинг апрель ойида Бош прокуратурага юборилган. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлими томонидан 16 июн куни Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖК 167-моддаси 2-қисми “а,” “б”, “г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид