Жаҳон | 10:16 / 25.07.2023
7676
2 дақиқада ўқилади

Пригожин исёни ва диверсиялар россияликларнинг асосий қўрқувига айланди

Россияликларни, асосан, Москва ва бошқа минтақаларга дронлар ҳужуми, шунингдек, Евгений Пригожиннинг исён кўтаришга уриниши хавотирга солди.

Фото: ТАСС

Қўпорувчилик фаолияти ва Евгений Пригожиннинг исёнга уриниши 2023 йилнинг иккинчи чорагида россияликлар учун қўрқувнинг асосий манбасига айланди. Бу ҳақда КРОС алоқа компаниясининг 24 июль, душанба куни чоп этилган тадқиқотида айтилади

Апрель-июнь ойларида россияликлар орасида энг катта қўрқув диверсия фаолияти туфайли келиб чиққан бўлиб, у кетма-кет иккинчи чоракда КРОС рейтингининг етакчиси бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, унинг компания методологиясида қўлланиладиган умумий ташвиш индекси икки баравар ошди. Таҳлилчилар хавотир даражасини оммавий ахборот воситаларидаги янгиликлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва изоҳлар таҳлили асосида ўлчайди. 

Москва ва бошқа вилоятларга учувчисиз учоқлар ҳужумлари, кремлпараст блогер Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши ва ёзувчи Захар Прилепиннинг ҳаётига суиқасд қилиниши, шунингдек, Белгород вилоятида «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг рейди «диверсия хавотирини» шакллантирган асосий воқеалар бўлди. 

Хавотирнинг умумий индексида иккинчи ўриндан «Вагнер» ХҲКнинг муваффақиятсиз исёни жой олди. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш ижтимоий тармоқларда бир қатор фитна назарияларини келтириб чиқарган ва бу ташвишнинг янада кучайишига ёрдам берган. Учликни табиий офатлар бўйича хавотирлар эгаллади. Украинанинг қарши ҳужуми ва ортиб бораётган ядровий таҳдид билан боғлиқ хавотир мос равишда тўртинчи ва бешинчи ўринлардан жой олди.

Мавзуга оид