Ўзбекистон | 18:49 / 25.07.2023
3066
2 дақиқада ўқилади

Спорт паспортини давлат хизматлари орқали бериш йўлга қўйилади 

Паспорт Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ваколатли орган (Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги) томонидан берилади.

Фото: KUN.UZ

Ҳукумат қарори билан «Спортчиларга спорт паспортини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланди.

Унга кўра, спорт паспорти иккинчи ўсмирлар спорт разрядидан паст бўлмаган разрядли, тегишли спорт тури (бир ёки бир неча) билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчига берилади.

Паспорт Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ваколатли орган (Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги) томонидан берилади.

16 ёшга тўлмаган спортчилар учун уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакили томонидан мурожаат қилиниши лозим.

Cпорт паспортининг амал қилиш муддати – 5 йил бўлиб, ундан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

- бир жисмоний тарбия ва спорт ташкилотидан бошқасига ўтишда;

- спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишда;

- тиббий текширувдан ўтишда;

- спорт унвонлари ва спорт разрядларини олиш учун зарур бўлган нормалар ҳамда талабларнинг бажарилишида;

- қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.

Ариза ДХМ орқали тақдим этилганда, ариза берувчидан БҲМ 1/6 қисми (55 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Бунда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан йиғим миқдорининг 50 фоизи ундирилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид