Жаҳон | 10:38 / 26.07.2023
4838
2 дақиқада ўқилади

Дума ҳарбий хизматга чақирув қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтирди

Янги қонунга кўра, фуқаро ҳарбий рўйхатга олиш идорасига чақирув қоғози бўйича келмагани учун 30 минг рублгача жарима тўлаши керак бўлади.

Фото: РИА Новости

25 июль, сешанба куни Давлат думаси депутатлари ҳарбий рўйхатга олиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини кўпайтирувчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Қонун Россия президенти томонидан имзоланиши керак ва кузги чақирув даврида кучга кириши мумкин.

Қонунга кўра, фуқаронинг чақирув қоғози бўйича ҳарбий рўйхатга олиш идорасига келмагани учун жарима 30 минг рублгача оширилади. Бошқа ҳудуд ёки давлатга кўчиб ўтиш, таълим маскани, иш жойи ёки лавозимини, оилавий аҳволини ўзгартириш тўғрисида ҳарбий рўйхатга олиш органига хабар бермаган ҳарбий ёшдаги фуқаролар 5000 рубл тўлайди. Муддатли ҳарбий хизматга чақириш даврида ҳарбий рўйхатга олиш бўлимига хабар бермасдан кўчиш чақирилувчига 20 минг рублгача жарима солиш билан таҳдид қилади. 

Ҳарбий чақирув тадбирлари учун белгиланган тиббий кўрикдан бўйин товлаш ҳаракатларига 25 минг рублгача жарима солинади. 

Мансабдор ва юридик шахсларга нисбатан ҳам кўплаб маъмурий жавобгарлик чоралари жорий этилди. Фуқароларнинг ўз вақтида хабардор қилиниши ва келишини таъминлаш мажбуриятини бажармаганлик, дастлабки ҳарбий рўйхатга олиниши керак бўлган фуқароларнинг рўйхатини ҳарбий хизматга қабул қилиш комиссиясига тақдим этмаганлик, фуқароларни ҳарбий комиссарликка чақириш тўғрисида хабардор қилмаганлик учун жарималар ва бошқалар шулар жумласидан. 

Мавзуга оид