Ўзбекистон | 10:53 / 26.07.2023
78103
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудларида ичимлик суви нархини ошириш бошланди

1 августдан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятида, 20 августдан Тошкент вилоятида ичимлик суви тарифлари оширилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳудудларида совуқ сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифлар ошиши ҳақида хабар берила бошланди.

«Ўзсувтаъминот» компанияси маълумотларига кўра, 20 августдан бошлаб Тошкент вилоятида тарифлар оширилади. Янги нархлар халқ депутатлари вилоят кенгашининг 19 июлдаги қарори билан тасдиқланган.

«Тошкент сув таъминоти» корхонаси абонентлари учун бир кубометр сув тарифи 950 сўмдан 1700 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва улгуржи савдо ташкилотлари учун 4000 сўмдан 7000 сўмгача оширилади.

Аҳоли учун оқова сув хизматлари тарифи 1 кубометр учун 700 сўмдан 850 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва вилоят ташкилотлари учун 1300 сўмдан 1850 сўмга оширилди.

Шунга кўра, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи «Чимён-Чорбоғ сув таъминоти» ва «Мусаффо оби ҳаёт» корхоналари абонентлари учун тарифлар оширилмоқда.

Аввалроқ «Сурхондарё сув таъминоти» корхонаси Сурхондарё вилоятида 1 августдан тарифлар оширилишини маълум қилган. Аҳолига сув учун тарифлар 1 кубометрга 1150 сўмдан 2140 сўмга, канализация учун эса 650 сўмдан 950 сўмга кўтарилган (ҚҚСсиз).

1 августдан Қашқадарё вилоятида ҳам тарифлар оширилади - сув учун 1000 сўмдан 2000 сўмга ва канализация учун 950 сўмдан 1000 сўмгача.

Тошкент шаҳрида ҳозирча тарифлар ошиши ҳақида хабар берилмаган.

Мавзуга оид