Жаҳон | 18:42 / 29.07.2023
9842
2 дақиқада ўқилади

БМТ глобал исишдан «глобал қайнаш даври»га ўтилганини эълон қилди

«Ҳаводан нафас олишнинг иложи йўқ, иссиқликка чидаб бўлмаяпти», деди бош котиб Антониу Гутерриш.

Фото: Reuters

2023 йил июль ойи рекорд даражадаги энг иссиқ ой бўлди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, энди шундай «қайнаш даври» бошланмоқда.

Илгари июль ойининг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича 16 даража атрофида бўлган. Аммо бу йил у 17 даражага кўтарилди. Иқлимшуносларнинг таъкидлашича, бундан олдин Ерда бундай иссиқлик фақат 120 минг йил олдин бўлиши мумкин эди.

Шундай бўлса-да, БМТ қошидаги Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ой якунланмагани боис, янги рекордни эълон қилмади. Бироқ, Антониу Гутерриш буни ортиқча деб ҳисобламоқда. «Буни билиш учун июль ойининг охиригача кутиш шарт эмас», деди бош котиб.

«Иқлим ўзгаришини ҳамма кўриб турибди. Бу даҳшатли. Ва бу фақат бошланиши. Глобал исиш даври тугади, глобал қайнаш даври келди - ҳаводан нафас олишнинг иложи йўқ, иссиқликка чидаб бўлмаяпти», деди Антониу Гутерриш.

28 июль куни Лейпциг университети (Германия) олимлари энг иссиқ ой ҳақидаги дастлабки хулосаларни тасдиқловчи тадқиқотини эълон қилди. Уларга кўра, ўртача глобал ҳарорат аввалги рекорд ўрнатилган 2019 йил июлига нисбатан камида 0,2 даражага кўтарилган.

Мавзуга оид