Жаҳон | 18:58 / 29.07.2023
6403
1 дақиқада ўқилади

ЮНEСКО мактабларда смартфонларни тақиқлашга чақирди

Европа Иттифоқи давлатларининг чорак қисми аллақачон тақиқ жорий қилди.

Фото: Ismael Martínez Sánchez/ProFuturo

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият агентлиги (ЮНEСКО) мактабларда смартфонлардан фойдаланишни бутунлай тақиқлаш керак, деб ҳисоблайди. Бу болалар дарслардан камроқ чалғиши ва яхшироқ ўқиши учун керак. Шунингдек, у болаларни кибербуллингдан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

ЮНEСКО маълумотларига кўра, мобил телефонлардан ҳаддан ортиқча фойдаланиш ва фанларни ёмон ўзлаштириш билан боғлиқ далиллар мавжуд. Ташкилотнинг таъкидлашича, рақамли технологияларнинг таълим натижалари ва иқтисодий самарадорликка ижобий таъсири ортиқча баҳолаб юборилган.

«Ҳамма ўзгаришлар тараққиётни англатмайди. Бирор нарса қилиш мумкин бўлганлиги, буни қилиш керак дегани эмас», дейилади ЮНEСКО рақамли кутубхонаси томонидан чоп этилган 400 саҳифалик ҳисоботда.

Ташкилотнинг фикрича, таълим соҳасидаги рақамли технологиялар зарар эмас, фойда келтириши учун мамлакатлар аниқ қоидаларни ишлаб чиқиши керак.

Қайд қилинишича, Европа Иттифоқи давлатларининг чорак қисми аллақачон мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаган.

Мавзуга оид