Ўзбекистон | 17:53 / 01.08.2023
15950
5 дақиқада ўқилади

ИИБ ходимлари маъруза қилган боғча масъуллари жазоландими?

Мактабгача таълим агентлиги директори ўринбосари боғча мудираси ва услубчисига интизомий чора кўрилганини айтди. Пойтахт ММТБ вакили эса чора кўрадиган иш бўлмаганини айтиб, буни рад этди. Агентлик расмийсининг бу тадбир йўл ҳаракати қоидаларига бағишлангани ҳақидаги гаплари ҳам таажжубли.

Видеодан кадр

31 июл куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари билан ўтган матбуот анжуманида ички ишлар ходимларининг боғча тарбиячиларига панд-насиҳат қилгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирилди.

Вазирлик ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Фаррух Бобоевнинг айтишича, бундай тарғибот тадбирлари махсус жойларда ўтказилиши белгиланган, учрашувнинг гуруҳда ташкил қилиниши хато бўлган. Шу сабаб ҳолат юзасидан боғча мутасадди раҳбарларига тегишли чора кўрилган.

“Ёзги соғломлаштириш даврида айнан 6 ёшли мактабга тайёрлов гуруҳларида йўл қоидаларини ўргатиш, ҳарбийлар билан учрашиш, уларни она ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида шунақанги дастурларимиз бор. Шу йўналишда мактабгача таълим ташкилотида учрашув тўғри ташкил этилмаган. Айнан ҳар бир боғчамизда йўл-ҳаракати қоидаларини ўргатувчи марказларимиз мавжуд. Бу учрашув айнан шу марказда эмас, гуруҳда ташкил этилгани учун мутасадди раҳбарларига тегишли чора кўрилди. Ўша кунги тадбир бир вақтнинг ўзида бутун республикада ташкил этилган.

Болажонларимизга йўлдан ўтиш қоидалари қандай эканини кўргазмали қилиб видеороликлар орқали кўрсатиш кўзда тутилган. Аслида [ўша тадбирнинг] мақсади шу бўлган. Фақат ўша боғчамизда бироз нотўғри талқин қилингани учун тегишли раҳбарларга чора кўрилди”, – дейди Фарҳод Бобоев.

Агентлик матбуот хизматининг Kun.uz'га аниқлик киритишича, Учтепа туманидаги бу боғчанинг мудираси ва услубчисига тадбир нотўғри ташкил қилингани учун интизомий чора қўлланган.

Аммо Kun.uz боғланган Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси матбуот хизматига кўра, боғчада ҳеч кимга чора кўрилмаган.

“Биринчидан, чора кўриладиган ишнинг ўзи бўлгани йўқ. Ҳолат юзасидан ўша вақтнинг ўзида муносабат билдирилган. Боғча мутасаддилари, мудирага аниқ дастур, режа асосида тадбир ўтказиш топшириғи берилган. Бундай майнавозчилик қилинмаслиги айтилган, бўлди. Энди бу – ички ишлар [ходимларининг] савиясидан келиб чиқиб айтилган гаплар.

Бизда иш бир маромида кетяпти. Ўша куни ички ишлар ходимлари совға-салом олиб бориб, кейин болалар билан суҳбатда оқни оқдан, қорани қорадан ажратиш ҳақида гапирган. Бор гап шу”, – деди бошқарма матбуот котиби Эркин Холбобоев.

Бу ҳолатда яна бир жиҳат эътиборга молик. Юқорида келтирилганидек, Мактабгача таълим агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Фарҳод Бобоев ИИО ходимлари мактабгача таълим ташкилотига болаларга йўл-ҳаракати қоидалари ҳақида тушунча бериш учун борганини айтди. Лекин одатда ҳаракат хавфсизлиги ҳақидаги тушунтириш ишларини профилактика инспекторлари эмас, балки ЙПХ вакиллари олиб боради. Бу вазиятда ММТБ хабар қилганидек, боғчага инспекторлар борган. Бу профилактика инспекторларини президент Шавкат Мирзиёев ҳам танқид қилди.

Шунингдек, воқеа видеосида ҳам маърузачилар ЙҲХХ формасида эмаслигини кўриш мумкин. Учтепадаги ҳолат ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эълон қилган, аслида бундай тадбирлар қандай ўтиши кераклиги ҳақидаги намуна видеодаги ҳолатдан ҳам катта фарқ қилади.

Эслатиб ўтамиз, 23 июл куни ижтимоий тармоқларда Учтепа туманидаги 401-боғчада ИИО ходимларининг “оқни қорадан, қорани қорадан ажратиб олиш, бир ишни қилгач оқибатни ўйлаш кераклиги”ни айтиб, боғча болаларига маъруза ўқиётгани акс этган видео тарқалганди.

Ҳолатга ММТБ расмий муносабат билдириб, боғча директорининг ўзи туман ИИО ФМБ ва мудофаа ишлари бўлимига таклиф юбориб, ИИО ходимларини профилактик тадбир ўтказиш учун чақирганини маълум қилганди. Бошқарма директорлардан келаси сафар бундай тадбирларни режа асосида ва қизиқарли ўтказишни сўраган.

Kun.uz тармоқларда муҳокама қилинган бу ҳолат ва умуман таълимда бола психологияси мавзусига эътибор қаратиб, психологлар билан интервю ҳам ташкил қилди. Улар таълим даргоҳларида бундай учрашувларнинг бўлгани яхши экани, болаларда ички ишлар ходимлари ҳақида ижобий тасаввур уйғониши муҳимлиги, лекин бу каби учрашувлар услубий жиҳатдан болалар ёшига мос тарзда йўлга қўйилиши кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид