Спорт | 18:05 / 02.08.2023
22157
7 дақиқада ўқилади

Роналду жамоасида янги суперюлдуз ва Буффоннинг футболдан кетиши. Сўнгги трансфер хабарлари

Хави Дембеле «ПСЖ»га кетаётганини тасдиқлади.

Фото: GETTY IMAGES / TWITTER.COM/ALNASSRFC

Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги куннинг энг қизиқарли трансфер хабарлари дайжести.

Садио Мане расман Криштиану Роналдуга жамоадош бўлди

Саудия Арабистонида юлдузлар сони яна биттага кўпайди. 31 ёшли сенегаллик вингер «Бавария»дан «Ан-Наср»га ўтди. ОАВ маълумотига кўра, унинг янги жамоасидаги йиллик маоши миқдори 40 млн еврони ташкил этади. Мане Саудия клубида Роналду, Марсело Брозович ва Алекс Теллес каби юлдузлар билан бирга тўп тепади.

Садио Мане «Ан-Наср»да тақдимот қилинди
Фото: TWITTER.COM/ALNASSRFC

«Челси» Лесли Угочуквуни сотиб олди

Лондон клубида навбатдаги трансфер. Угочукву — 19 ёшли яримҳимоячи учун «Ренн»га 27,5 млн евро тўланди. У билан етти йиллик шартнома имзоланган. Ушбу истеъдодли футболчи аллақачон Франция миллий жамоасида дебют қилиб улгурган. Лекин Лесли янги жамоасида дарҳол асосий таркибдан ўрин олмаслиги аниқ.

Лесли Угочукву. Фото: CHELSEAFC.COM

Дембеле «ПСЖ»га ўтмоқда

«Барселона» бош мураббийи Хави жамоа футболчиси Усмон Дембеле клубни тарк этаётганини маълум қилди. «Дембеле олдимга келиб, жамоадан кетмоқчи эканини айтди. У «ПСЖ»дан таклиф олган. Биз бу жамоа билан молиявий жиҳатдан бас кела олмаймиз. У кетмоқда», - деди Хави.

Бундан аввалроқ парижликлар футболчининг шартномасидаги 50 миллион евролик маблағни тўлашга тайёр эканини билдириб, каталонияликлар клубига сўров юборганди. 26 ёшли вингер кетишга қатъий аҳд қилган. У 4 август куни Парижда тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.

Француз матбуотига кўра, Дембеле «ПСЖ» билан беш йиллик шартнома тузади ва йилига 20 миллион евро миқдорида маош олади.

«Барса»да Дембеле ўрнини ким эгаллайди?

Усмон Хави жамоасининг муҳим футболчиларидан бири эди, унинг кутилмаганда кетиши туфайли Каталониядагилар унинг ўрнига ўринбосар қидиришга тушишди. Вариантлар иккита — «Атлетико»га қайтиб келган 23 ёшли Жоау Феликс (аммо «Барселона»да кўпчилик бу трансферга қарши) ёки «Бавария»нинг 27 ёшли ҳужумчиси Лерой Сане. Лекин немис футболчиси Мюнхендан кетишни истамаяпти ва ҳозирча музокаралардан бош тортмоқда.

Рамос Туркияда

37 ёшли Серхио Рамоснинг Европадаги футболчилик фаолияти поёнига етиб бормоқда. «Реал»даги 16 йил ва  «ПСЖ»даги икки йилдан кейин испаниялик ҳимоячи Туркия чемпионатига йўл олди. Haber Global, маълумотига кўра, у «Галатасарой» билан келишувга эришган — Рамос бу клубга эркин агент мақомида қўшилади. Transfermarkt порталида ушбу фахрий футболчининг трансфер баҳосини 4,5 миллион евро қилиб кўрсатилган.

«Ливерпул»нинг Ромео Лавиа бўйича янги таклифи рад этилди

Бу трансфер қачондир амалга ошади. Бен Жейкобс маълумотига кўра, «Ливерпул» «Саутҳемптон»га 48 млн евро миқдорида таклиф юборган, аммо бу таклиф ҳам қайтарилган. АПЛни тарк этган клуб 19 ёшли яримҳимоячиси учун камида 58 млн евро сўрамоқда, аммо қайд этишларича, музокаралардаги вазият ўзгариб бормоқда. Лавиа Юрген Клопп жамоасига ўтишни қаттиқ хоҳламоқда, шунинг учун бу трансфер шу ёзда амалга ошиши эҳтимоли юқори.

Марко Верратти «Ал-Ҳилол» билан келишувга эришди

«ПСЖ»нинг 30 ёшли таянч яримҳимоячиси ҳам Саудия Арабистонига трансфер бўлиши ойдинлашмоқда. Фабрицио Романонинг ёзишича, футболчи ва клуб ўртасида оғзаки келишувга эришиб бўлинган. Верратти яқинда «Интер»га қарши кечган ўртоқлик ўйинида қатнашмагани ҳам буни билвосита тасдиқлайди.

Марконинг кетишига фақат «ПСЖ» тўсқинлик қилиши мумкин. Франция чемпионлари ва «Ал-Ҳилол» трансфер баҳоси бўйича келиша олмаяпти. Париж клуби кўпроқ талаб қилмоқда, саудияликлар эса нархни 30 млн евродан оширмаяпти.

«ПСЖ» ҳужум чизиғи учун икки вариантни кўзлаган

Қаерда трансфер бўлса, у ерда «ПСЖ» ҳам бор. RMC Sport маълумотига кўра, Париждагилар Ҳарри Кейн трансфери амалга ошишига ишонмаяпти ва шунинг учун бошқа ҳужумчиларга эътибор қаратилган. Биринчиси — 24 ёшли француз Рандал Коло Муани, «Айнтрахт» унинг учун 70 млн евро ва бонуслар сўрамоқда. Иккинчиси — «Бенфика»нинг 22 ёшли ҳужумчиси Гонсалу Рамуш. Португалиялик ҳужумчи учун янада кўпроқ сўрашмоқда — бонуслардан ташқари 80 млн евро.

Зиёшга Саудиянинг икки клуби қизиқмоқда

Саудия Арабистони бу ёзда янгиликлар лентасини тўлдирмоқда — маҳаллий гигантлар Ҳаким Зиёшни сафига қўшиб олишни истамоқда.

Бен Жейкобснинг ёзишича, анчадан буён «Челси»ни тарк этишни истаётган 30 ёшли марокашлик яримҳимоячига «Аш-Шабоб» ва «Ал-Аҳли»дан таклиф бор. Аввалроқ «Ан-Наср» клуби ҳам ушбу футболчига қизиқиш билдирганди, аммо бу клуб билан келишувга эришиб бўлмаган. Ўз навбатида, футболчининг ўзи маоши камайса ҳам, «Аякс»га қайтишни истамоқда, шу туфайли араб клубларида имконият камроқ.

Буффон фаолиятини якунлади

Фабрицио Романонинг хабарига кўра, бу сафар футболчининг қарори қатъий. 45 ёшли афсонавий дарвозабон катта футболни бутунлай тарк этаётгани ҳақида яқин кунлар ичида эълон қилиши кутилмоқда. Жаҳон чемпиони, Италияда «Ювентус» билан кўп бор чемпион бўлган, «ПСЖ» сафида Франция чемпионига айланган — ажойиб карьера! Жижи фаолияти сўнггида яна қадрдон «Парма»си учун ўйнаб бериб, энди қўлқопларини михга илмоқда.

Мавзуга оид