Жаҳон | 13:21 / 03.08.2023
7116
2 дақиқада ўқилади

100 та тиббий журнал ядро қуролини тақиқлаш талаби билан чиқди

Ядро қуроли бизни йўқ қилишдан олдин йўқ қилиниши керак, дейилади қўшма баёнотда. Бу чақириқ Россия Украинага қарши урушда ядро қуролини қўллаш билан қайта-қайта таҳдид қилган бир пайтда янгради.

Фото: truthout

Дунё бўйлаб 100 дан ортиқ тиббий журнал ядровий қуролни тақиқлашга чақирди. «Хавф катта ва тобора кучайиб бормоқда. Ядровий давлатлар бизни йўқ қилишдан олдин ўзларининг ядро арсеналларини йўқ қилиши керак», дейилади 3 август, пайшанба куни 11 та етакчи тиббий журналлар, жумладан, British Medical Journal, The Lancet ва Journal oft he American Medical Association қўшма баёнотида. 

Мурожаат муаллифлари бутун дунё шифокорларини фуқаролар ва сиёсатчиларни «ядро қуролининг аҳоли саломатлиги учун катта хавфи» ҳақида огоҳлантиришга чақирди. Ҳужжат Россиянинг Украинага қарши урушда ядро қуролидан фойдаланиш ҳақидаги таҳдидлари ва Шимолий Кореяда давом этаётган ракета синовлари фонида оммага эълон қилинди. 

Бутунжаҳон тиббий муҳаррирлар ассоциацияси (WAME) эксклюзив контент учун одатда бир-бири билан рақобатлашадиган нашрлар ушбу қўшма мурожаат учун бирлашганини эътиборга молик деб атади. «Бу ҳозирги ядровий инқирознинг ўта оғирлигини таъкидлайди», деб ҳисоблайди WAME. 

Мақолада таъкидланишича, дунё бўйлаб 13 мингта ядро каллагидан атиги 250 таси қўлланадиган уруш натижасида 120 миллион киши ҳалок бўлади ва глобал иқлим бузилиши содир бўлади, бу эса ядровий очарчилик ва яна икки миллиард одамнинг ўлимига олиб келади. 

Мақола 1970 йилда кучга кирган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома бажарилишини назорат қилиш бўйича конференция ташкил этиш қўмитасининг Венадаги йиғилиши олдидан чоп этилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид