Ашхободда учтомонлама саммит: Нималар гаплашилди?
МО бешлигининг анъанавий маслаҳат учрашувидан олдин, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари торроқ доирада ўзаро гаплашиб олишга қарор қилди. Kun.uz суҳбатлашган экспертларга кўра, унда толиблар қураётган Қўштепа канали, Ашхобод ва Душанбе ўтган йилги муҳим минтақавий битимни имзоламагани, Тожикистон ва Ўзбекистон Туркманистоннинг транзит салоҳиятидан кўпроқ фойдаланишни истаётгани кабилар муҳокама қилинган бўлиши мумкин.
4 август куни Ашхободда Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари учтомонлама саммит ўтказди. Бундай ноодатий форматдаги саммит атрофида қатор саволлар юзага келмоқда. Kun.uz бу саволларни сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов ва Наргиза Умаровага берди.
— Нега бу учрашувда Марказий Осиёнинг фақатгина уч давлати иштирок этди, минтақанинг барча давлатлари мавжуд бўлган маслаҳат учрашуви формати ҳам ҳам бор эди-ку? Умуман олганда, бу саммит ҳам қандайдир тезкор ташкил қилинди ёки биз ташрифдан саноқли кунлар қолганда хабардор бўлганимиз учун шундай туюлдими?
Фарҳод Толипов: Ростдан ҳам фавқулодда учрашув бўлгандек таассурот қолдиради. Чунки шундоғам сентябрь ойида 5 та давлат президентларининг учрашуви бор, ўша ерда ҳам 3 давлат раҳбари алоҳида учрашиши мумкин эди. Бу учтомонлама учрашув ҳақида, мазмун-моҳияти ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳеч қандай эълон бўлмади. Шунинг учун ҳам энди фақат тахминларни келтириш мумкин.
Учрашувдан сўнг ОАВда нима масалалар кўтарилгани ҳақида хабарлар бўлди, лекин умумий гаплар, яъни ҳар доимги масалалар. Тўғри, Марказий Осиёда интеграция давом этяпти, жипслашиш кучайяпти, лекин ҳамма жойда ҳам кичикроқ гуруҳлар, фақат уларга тааллуқли масалалар бўлади. Энди бу уч давлатни бошқалардан бўлак нима бирлаштиради, деган савол қўйсак бўлади. Дейлик, Амударё ҳавзаси фақат шу учала давлатга тааллуқли. Афғонистон томонидан Қўштепа канали қурилиши вазиятга таъсир қилади. Шу масала кўрилиб, сентябрдаги саммитда ўртага ташлашга тайёрланишдир, деган тахмин ҳам бор. Бундан ташқари, энергетика масалалари бор бу 3 давлат ўртасида. Шу ва шу каби тахминлар юзага келади бу учрашув атрофида.
Наргиза Умарова: Экспертлар орасида бу кутилмаган учрашув сифатида қабул қилинди. Биламизки, бундай учрашувларга олдиндан тайёргарлик кўрилиб, эълон қилинади. Бу учрашув айнан бир масала юзасидан бўлди деб ўйламайман. Турлича фикрлар бор экспертлар орасида. Фарҳод Толипов айтгандек, Афғонистон масаласи ҳам асосли сабаб бўлолади. Учрашувда айни уч мамлакат манфаатларига тўғри келувчи масалалар кўтарилган, менимча. Қўшма баёнот ва якуний ҳужжатда ҳам биринчи ўринда хавфсизлик масаласига урғу берилган, бу ҳам Афғонистон билан боғлиқ. Қўштепа канали қурилиши ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига алоқадор. Мирзиёев ўз нутқида умумий хавф-хатарларга умумий позициямизни ҳам шакллантирайлик, деган маънода гапирди.
Иккинчидан эса савдо-иқтисодий муносабатлар масаласи кўтарилди. Ўзбекистоннинг савдо айланмасида Марказий Осиё давлатлари ичида Туркманистон ва Тожикистон охирги ўринда эди ўтган йилги статистикада. Ўзбекистон томонидан олдин ҳам айтилган чегара олди савдо ҳудудлари масаласи кўтарилди.
Учрашувда муҳим ўрин тутган масала транспорт-логистика бўлди. Туркманистон мезбонлик қилганининг сабаби эса асосий транзит-боғловчи давлат бўлгани. Ўз навбатида, Туркманистон бу имкониятдан унумли фойдаланмоқчи. Менимча, шу 3 та: хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт логистика масалаларига урғу берилди. Ва учала давлат ҳам бундан манфаатдор.
— Бундай учтомонлама саммит Марказий Осиё давлатларининг интеграциясига қанақа таъсир қилади, бу таъсир салбий характерга эга бўлиши мумкинми?
Фарҳод Толипов: Албатта, бундай хавотир бўлади, лекин бу нотўғри ёндашув. Рад этувчи аргументлар келтираман. Биринчидан, сентябр ойида бўладиган учрашувни ҳеч ким бекор қилгани йўқ ва бўлади. Бундан ташқари, бу уч томонлама учрашув айни ўша сентябрдаги саммитга тайёргарлик бўлиши ҳам мумкин. Саммитдаги якуний ҳужжатга кечаги учрашувдаги масалалар ҳам киритилиши мумкин.
Ўтган йилги Чўлпонотадаги саммит охирида қўшма баёнот эмас, «XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги битим тузилди. Битимга Туркманистон ва Тожикистон президентлари имзо қўймаган. Мана шу масала ҳам мавҳум ҳали. Чунки ҳар қандай битим, қўшма баёнотлар анча олдин дипломатик каналлар орқали келишилади, мувофиқлаштирилади. Сентябрдаги саммитда Тожикистон ва Туркманистон битимга тўла қўшилар балки. Чунки маслаҳатлашув учрашувлари Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган, шу сабабдан ҳам Ўзбекистон томони бу икки давлатни масала муҳокамасига чорлагандир. Содда қилиб айтганда, битимга қўшилишга кўндирмоқчи бўлаётгандир. Бу ҳам бир тахмин, албатта.
Марказий Осиё давлатлари интеграциясига салбий таъсир эмас, балки айни шу интеграциянинг бир бўғинидир бу учрашув. Европа интеграциясида ҳам шунга ўхшаш жараёнлар кўп бўлган. Умуман олганда, бундай учрашувдан ҳайрон бўлмаслик керак, фақат фавқулодда бўлгани учун турли тахминлар бўляпти.
Наргиза Умарова: Бу уч томонлама учрашувда кўрилган масалалар кўп томонлама саммитда ҳам кўрилади. Бу нарса маслаҳатлашув учрашувларининг таъсирини ошириш учун хизмат қилади. Жараённи мукаммаллаштиради. Учрашувда кўтарилган хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт-логистика каби масалалар интеграция учун муҳим омиллар. Бу нарсаларни яна бир маслаҳатлашиб, келишиб олишса, жудаям яхши. Бунинг ортидан эртага позиция кучаяди. Президентимизнинг Қўштепа канали қурилиши юзасидан умумий позициямиз бўлиши керак, деган фикрига қўшиламан. Нафақат бу борада, балки йирик давлатлар билан муносабатларда ҳам шундай умумий позиция бўлиши керак ва бунинг учун йилда бир бор бўладиган маслаҳатлашув учрашувлари камлик қилади, аслида.
Балки Украина кризиси ҳақида ҳам гап боргандир парда ортида. Бизда информация ўта даражада чекланган. Умумий гаплар айтилади, таҳлил қилиш учун илинадиган гап ҳам йўқ. Ҳозир ҳам фақат тахмин ва кузатувлар асосида гаплашяпмиз. Дейлик, савдо-иқтисодий алоқалар деганда ҳам унинг ичида катта структурал элементлар бор. Ахборот чеклангани таҳлилларга халақит беради. Умумий олиб айтганда, бу учрашув маслаҳатлашув учрашуви ва интеграция учун ижобий омил бўлади.
- Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Нурмуҳаммад Али суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Бешинчи маслаҳатлашув учрашуви жорий йил 14-15 сентябр кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
16:34 / 17.11.2024