Ўзбекистон | 17:04 / 07.08.2023
19747
3 дақиқада ўқилади

Бекобод туманига янги ҳоким тайинланди

Йиғилишда тумандаги оғриқли муаммолар санаб ўтилди.

Бугун, 7 август куни Халқ депутатлари Бекобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала юзасидан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев нутқ сўзлади.

Зойир Мирзаев. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокими Бекобод туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалаларига тўхталди.

Хусусан, тумандаги энг оғриқли муаммо бу – тоза ичимлик суви билан боғлиқ экани таъкидланди. Жорий йили туман аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишларга қарийб 3 миллиард сўм йўналтирилган. Қамров қисқа фурсатларда 37 фоиздан 75 фоизга ўзгариши кутилмоқда.

«Бекободда 10 мингдан зиёд йигит-қиз чет элда, меҳнат мигранти. Уларни қайтариш, иш таклиф қилиш, президентнинг 373-сонли қарори бўйича ер бериш пайсалга солинмоқда. Бу борадаги ишларни қатъий назорат қилиш зарур. Бугун 85 гектар аукционга қўйилган. Лекин сотилмаяпти. Сабаби, сувсиз, қаровсиз ер сотувга қўйилган», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Туман ҳокими ўтган олти ойда атиги 6 марта сайёр қабул ўтказгани, унда 47 нафар фуқаро билан гаплашгани, натижада, вилоят, республика идора ва ташкилотларига туман аҳолисидан юборилган мурожаатлар икки карра ортгани танқид қилинган. Туманда кадрлар қўнимсизлиги ҳам муаммога айланган.

Туманда янги иш ўринларини яратиш, инвестиция масаларига етарлича эътибор қаратмагани учун Бекобод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Фурқат Худойбердиев лавозимидан озод қилингани маълум қилинди. Зойир Мирзаев томонидан туман ҳокими лавозимига Шуҳрат Шаҳобутдинович Мирзаев номзоди тавсия қилинди ва номзод депутатлар томонидан маъқулланиб, у туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Шуҳрат Мирзаев. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Шуҳрат Мирзаев 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий.

2004 йил Тошкент молия институти, 2007 йил Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали, 2009 йил президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияларини тамомлаган.

Лавозимга тайинлангунга қадар «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

  • Фурқат Худойбердиев Бекобод туманига 2020 йил февралидан буён ҳокимлик қилиб келганди. У 2 август куни президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи вақтида бўлиб ўтган видеоселектор вақтида танқидга учраган, кўп ўтмай ишдан бўшаш бўйича ариза ёзганди.

Мавзуга оид