Жаҳон | 16:01 / 10.08.2023
23176
4 дақиқада ўқилади

«Мистер Бин» 2 марта ЙТҲга учраган McLaren F1 суперкарини қандай қилиб 12 млн долларга сотишга эришган?

Харидорлар фойдаланилган автомобилни сотиб олишда энг аввалоси унинг йўл транспорт ҳодисасига учрамагани билан қизиқади. Аварияга учраган автомобилни сотиб олишдан эса тийилишади, ҳатто унинг эгасига айланиб қолишдан қўрқишади ҳам. Боиси, бундай автомобиллар янги эгалари учун кутилмаган сюрпризларни тақдим этиши мумкин — исталган вақтда иш чиқиши, бузилиб қолиши каби. Шунингдек, ЙТҲда иштирок этган автомобилларга сезиларли даражада арзон нарх белгиланади. 

Фото: hotcarsimages.com

Бироқ сиз дунё таниган актёр бўлсангиз, ЙТҲга учраган автомобилингизни ўйлаганингиздан ҳам қимматроққа сотишингиз мумкин. Мистер Бин роли орқали мухлисларга таниш бўлган британиялик актёр Роуэн Аткинсон ўзининг эски McLaren F1 суперкарини харид қилганидан анчагина қимматига сотган.

Роуэн Аткинсонни кўпчилик актёр сифатида билади, бироқ у шу билан бирга профессионал пойгачи ва спорт автомобиллари коллекционери ҳам ҳисобланади. 90-йиллар ўртасида Роуэн икки мавсум пойгаларда иштирок этади. 1997 йилда эса у 540 минг фунт стерлинг эвазига McLaren F1 суперкарини сотиб олади.

Ушбу суперкар 627 от кучига эга 6,1 литр ҳажмли V12 двигатели билан жиҳозланган. 100 км тезлик қайд этиши учун 3,2 сония кифоя қилади. Максимал тезлиги эса соатига 372 кмни ташкил қилган. Актёрнинг қувончи узоққа чўзилмайди. 1999 йилда Роуэн Ланкашир йўлида кичик литражли Austin Metro автомобили билан тўқнашади. ЙТҲ оқибатида актёр McLaren F1 ремонтига қарийб 100 минг фунт стерлинг сарфлади.

Фото: bigpicture.ru

Орадан 12 йил ўтиб, 2011 йилда Аткинсон билан яна бир кўнгилсизлик содир бўлади. У бу сафар суперкари бошқарувини йўқотиб, дарахтга бориб урилади. Машинада ёнғин чиқади, актёр эса елкасидан жароҳат олади. Суперкарни тиклашга МcLaren’ннинг Уокингдаги базасида қарийб 1 йил вақт кетади. Аткинсон эса бу ҳодиса ортидан Буюк Британия тарихида ЙТҲ учун энг катта суғурта тўловини қўлга киритади — 910 минг фунт стерлинг.

Автомобилни ўз ҳолига келтириш учун 1,5 млн фунт стерлинг атрофида маблағ кетади. Шунга қарамай Аткинсон 65,6 минг км йўл босиб қўйган McLaren F1 суперкарини олганидан анча қимматга — 12 млн долларга сотишга эришади. У автомобилни сотишни Taylor and Crawley фирмасига топширади. Дилер таниқли актёрнинг суперкарига бутун дунёдан қизиқиш бўлганини таъкидлайди. Бироқ британиялик харидорлардан бири энг яхши таклифни бериб, уни мамлакатда олиб қолади. Машинанинг бунчалик қиммат нархга сотилишида унинг камёблиги ва таниқли актёрга тегишли бўлганлиги катта роль ўйнагани айтилади.

Юқорида тилга олинган 2 ҳолатдан ташқари Аткинсон яна бир неча марта ЙТҲга учраган. 2011 йилдаги суперкаридаги авариядан бироз ўтиб, актёр яна нохуш ҳолатга дуч келади. У бу сафар Aston Martin V8 Zagato автомобилида ҳаваскор пойгада аварияга учрайди. 2014 йилда эса Гудвуддаги фестивалда Ford Falcon Sprint’ни «уриб олади». 

McLaren F1 

Автомобиль 1992—1998 йилларда ишлаб чиқарилган. 2005 йилгача серияли ишлаб чиқарилган дунёнинг энг тезкор автомобили мақомини ўзида ушлаб турган. Шу йили у бу номни Bugatti Veyron’га топширган. Умумий ҳисобда 106 та McLaren F1 ишлаб чиқарилган. Шундан 64 тасигина бозорда сотилган, холос. 

 

Фото: robbreport.com

 

 

Фото: robbreport.com

 

Мавзуга оид