Спорт | 18:50 / 16.08.2023
16350
1 дақиқада ўқилади

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига қабул тартиби белгиланди 

Ҳукумат қарори билан Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. 

Фото: Getty Images

Низомга кўра, спорт мактабида ўқувчи-спортчилар контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, 60 нафардан иборат ҳамда таълим олиш муддати ўқувчи-спортчи Ўзбекистон терма жамоасининг асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади.  

Спорт мактабига 18 ёш ва ундан катта спортчилар қабул қилинади. 

Ўқувчи-спортчиларни сифатли танлаб олишни таъминлаш мақсадида спорт мактабида қабул ўринлари бўшаган кундан 1 ой муддатда танлов ва уни ўтказиш шартлари тўғрисида эълон берилади. 

Номзодларга қуйидаги минимал талаблар қўйилади:

- спорт усталигига номзоддан паст бўлмаган спорт тоифасининг мавжудлиги;

- курашнинг тегишли ёш гуруҳлари ва услублари бўйича спортчилар ўртасида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида эгалланган совринли ўринлар (1–3-ўрин) мавжудлиги. 

Спорт мактабига ўқишга киришда номзодлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади, шундан 30 балл умумий жисмоний тайёргарликка ва 70 балл махсус жисмоний тайёргарликка ажратилади. 

Мавзуга оид