Ўзбекистон | 18:17 / 17.08.2023
12839
5 дақиқада ўқилади

Халқаро аэропортларда “масофавий божхона назорати” жорий этилди – у қандай ишлайди? 

Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида “масофавий божхона назорати” тизими йўлга қўйилди. Бу йўналишдаги “қизил” ва “яшил” йўлаклар олиб ташланди. Хўш, эндиликда фуқаролар юкларини қандай декларация расмийлаштирувидан ўтказади? Янги тизимнинг тартиби қандай? Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти мисолида шу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Эски тизим қандай эди? 

Бундан 6 йил аввал республика халқаро аэропортларида барча йўловчиларнинг юклари рентген аппаратлари орқали текширилиб, ҳар бирига божхона юк декларацияларини тўлдириш талаби мавжуд эди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги тегишли қарори билан икки йўлакли тизим йўлга қўйилиши белгиланди. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб халқаро аэропортларда божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда “яшил” ҳамда “қизил” йўлак тизими жорий қилинди. Бунда “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки декларациялаши, “қизил” йўлак орқали ўтувчилар эса товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялаши белгиланди.  

Бугунга келиб, халқаро аэропортлар орқали учиб кетишда икки йўлакли тизим бекор қилинди, “қизил” ва “яшил” йўлаклар олиб ташланди. Унинг ўрнига “масофавий божхона назорати” тизими жорий қилинди.  

“Масофавий божхона назорати” қандай ишлайди? 

"Тошкент-Аэро" ихтисослашган божхона комплекси бўлим бошлиғи Акмал Эшоновга кўра, янги амалиёт махсус ажратилган жойлар орқали хавфни бошқариш тизими билан йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун аэропорт заллари мослаштириб бўлинган. 

“[Энди халқаро аэропортларининг учиб кетиш йўналишида] Йўловчиларимизга божхона хизмати ходимлари “кўринмайди'. Йўловчида декларациялаш керак бўлган товар бўладиган бўлса, улар шундагина махсус ажратилган [божхона декларациялаш] жойига бориб, расмийлаштириб, яна ҳаракатида давом этаверади. Агар декларация қилинадиган товарлар мавжуд бўлмаса, йўловчилар божхона хизмати ходимларига умуман юзланмайди. Божхона хизмати ходимлари ҳам уларни ортиқча безовта қилиб, вақтини олмайди”, – дейди у. 

Жараённи содда қилиб тушунтирсак, белгиланган меъёрдан кўп товар ёки валюта бойликларига эга йўловчилар рейс учун рўйхатдан ўтишганидан сўнг махсус ташкил этилган божхона декларациялаш бурчагига бориб, юкларини расмийлаштиришади. 

Бу жараёнда божхоначиларга “хавф гуруҳи”, яъни меъёрдан кўпроқ товар-моддий бойликлари, валютага эга фуқароларни аниқлаш имкони берилган. Махсус планшет орқали қайси рейсда нечта одам, қайси йўналишда, қандай юк ёки богажлар билан учаётгани ҳақидаги маълумотлар базаси бўлади. База “хавф гуруҳи”га мансуб фуқаролар ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда чиқариб, қизил рангда бўяб беради. Ходимлар шунга қараб, ихтиёрий тарзда мана шу фуқаролар билан суҳбатлашади ва юкларини тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказишига ёрдам беради. 

“Бу жараён амалда 5 ёки 10 дақиқани олиши мумкин. Йўловчи биздан декларацияни олиб кетади, махсус маълумотлар жойига бориб, уни тўлдириб келади ва бизга тақдим этади. Биз маълумотларни шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар билан текшириб оламиз, валюта маблағлари ёки товар-моддий бойликларни текшириб оламиз. Шундан сўнг улар йўлларида давом этиши мумкин бўлади”, – дейди божхона инспектори, божхона хизмати лейтенанти Мухлиса Турдиева. 

Қайд этилишича, янги тизим давлат назорат органларининг такрорланувчи назорат шаклларини қисқартириш, назорат зоналаридан ортиқча вақт сарфламасдан ўтиш имконини беради. 

“Масофавий божхона назорати” ҳозирча халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида ишламоқда. Қўниш залларидаги икки йўлакли тизими ҳали бекор қилингани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида “масофавий божхона назорати” тизими жорий этиш 2022 йил 27 апрелда қабул қилинган президентнинг тегишли фармонида қайд этилган. 2023 йил 11 августда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан бу тизимнинг тартиби белгилаб берилган.

Мавзуга оид