Ўзбекистон | 18:27 / 18.08.2023
18519
3 дақиқада ўқилади

Президент «хорижликлар олдида уялиб қолаётган» тадбиркорнинг муаммосига ечим берди

Қиймати 100 минг долларгача бўлган халқаро шартномалар бўйича қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот давомида уларни қийнаётган муаммоларни тинглади.

«Green White Solutions» корхонаси раҳбари Абдуқаҳҳор Тошмуҳамедов учрашувда видеоалоқа орқали боғланиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» йўлакчалар бекор қилинаётганидан хурсандлигини билдирди.

«Корхонамиз 2012 йил январ ойидан бери IT маҳсулотларини яратиб, Ўзбекистон ва бошқа 9 та хорижий давлатга сотиб келади. Бугунги кунда ташкилотимизда 87 та мутахассис фаолият олиб боради. Мени хурсанд қиладиган жиҳат, «қизил», «сариқ» ва «яшил» йўлакчалар бекор қилинаётгани бўлди. Мижозларимиз савдо компаниялари бўлгани сабабли ҳар доим «қизил» йўлакка тушиб қолаверардик. Бу бизни хафа қиларди», деди у.

Давлат раҳбари бугунги кунда IТ соҳасида ҳал қилиниши керак бўлган қандай муаммолар борлигини сўради. Тадбиркорнинг таъкидлашича, амалдаги ички қонунчилик нормалари халқаро ташкилотлар билан ишлашда қийинчилик туғдирмоқда.

«Ҳозирда Ғарб мамлакатларига ўз маҳсулотларимизни экспорт қилаётганда улар биздан шартномаларни расмийлаштиришда нега халқаро платформалардан фойдаланмаслигимизни сўрашади. Қонунчиликни ўрганиб чиққанимизда, бу борада ҳуқуқий асослар етарли эмаслигига гувоҳ бўлдик.

Халқаро платформада расмийлаштирилган шартномаларни рўйхатдан ўтказаётганимизда тижорат банклари ва солиқ органларида қийинчиликка дуч келяпмиз. Агар шу бўйича ҳам ечим берилса, ўйлайманки, ишимиз анча осонлашарди.

Ҳар ой мижозлардан оладиган пулни ўзимизнинг ички платформага қайта рўйхатдан ўтказишга кўп вақтимиз кетяпти. Бугунги кунда 700 га яқин хорижий ҳамкорларимиз бор, уларнинг ҳар бири билан ички тизимда алоҳида ишлашга тўғри келади. Бу ноқулайликларни келтириб чиқармоқда», деган Тошмуҳамедов.

Президент қиймати 100 минг долларгача бўлган халқаро шартномаларни амалга ошириш бўйича халқаро платформадан фойдаланишни кўзда тутувчи қонун яратиш кераклигини айтди.

«Тадбиркорларимизнинг ҳамкорлари Ўзбекистон ушбу соҳада ривожланди, нимага қонунчилик ўзгармаяпти, демоқда. Бу савол ҳам бизнинг кун тартибимизга қачондир чиқиши аён эди, шу билан бизнинг қонунларимиз ҳам ўзгаради ва сизларга шароит яратиб берамиз», деди Шавкат Мирзиёев. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид