Иқтисодиёт | 20:22 / 22.08.2023
26913
4 дақиқада ўқилади

Солиқ имтиёзлари, молиявий қўллаб-қувватлов – экспортёрлар қандай енгилликлардан фойдаланяпти?

Экспортчи тадбиркорларга ягона солиқ ва фойда солиғидан имтиёз берилган. Бундан ташқари уларга ҚҚС ҳам қайтариб берилади. Тадбиркорларга товар ва хизматлар экспорт қилишда қандай енгилликлар берилгани ҳақида Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги масъули Зафар Турдиев гапириб берди.

Валютанинг бир қисмини давлатга сотиш мажбурияти бекор қилинди

Маҳсулот экспорт қилинганда экспорт қилинган маҳсулот учун валюта тушумлари келиб тушади. Бу маблағ бевосита тадбиркор ихтиёрида бўлади. Авваллари тадбиркор келиб тушган валютанинг бир қисмини давлатга сотишга мажбур эди, мана шу амалиёт бекор қилинди. Бундан ташқари, экспорт қилинаётган маҳсулотнинг тўлиқ тўловини амалга ошириш белгиланганди. Тўлов юз фоиз келиб тушгандан кейин экспорт қилишга рухсат берилган. 2017 йилдан бу тартиб бекор қилинди. Энди келиб тушган маблағ тадбиркорнинг ихтиёрида бўлади. Тадбиркорда товар ва хизматларни етказиб бергандан кейин 180 кун, яъни 6 ой бўлади. Бу муддат маҳсулот чиқиб кетган кундан ҳисобланади. Бундай тартиб маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ҳам оширади.

Учинчи давлатларга экспорт имконияти

Бундан ташқари, бугунги кунда бирор бир товарни сотиб олиб уни Ўзбекистон ҳудудига киритмасдан туриб ҳам бошқа давлатга сотиш, яъни экспорт қилиш мумкин. Масалан, Қозоғистондан бирор товар олиб Хитойга сотса бўлади. Олдин бунга рухсат берилмаган. Ҳозиргидай электрон платформада амалга ошириш имкони ҳам йўқ эди.

Солиқлардан имтиёзлар

Экспортчи корхоналар экспортга чиқаётган маҳсулотлар учун ягона солиқ ва фойда солиғидан озод этилди. Дейлик, бир корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотининг 30 фоизини экспорт қилса, ўша 30 фоиз маҳсулот учун фойда ва ягона солиқдан озод этилади.

Экспортчи корхоналар учун яна бир солиқ имтиёзи бор. Улар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариб олиш имконига эга.

Экспортёрларни молиявий қўллаб-қувватлаш

Экспортчи корхоналарни молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш мақсадида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳам ташкил этилган. Агентлик томонидан бундай корхоналарга бир қатор молиявий ёрдамлар кўрсатилади. Мисол учун транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми агентлик томонидан қоплаб берилади. Бундан ташқари, халқаро стандарт сертификатлари жорий этилганда, уларнинг тўловлари ҳам агентлик томонидан қопланади. Халқаро кўргазмалар, ярмаркаларда тадбиркорлар иштирокини таъминлашда ҳам харажатларнинг маълум бир қисми агентлик томонидан тўлаб берилади.

Агентлик ҳузурида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган бўлиб, бу жамғарма томонидан бир йил муддатда экспортчи корхоналар айланма маблағи учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Мазкур амалиёт сўнгги йилларда ўз ижобий самарасини берди. Чунки экспортчи корхоналарда кўп дуч келадиган муаммо — айланма маблағ етишмаслиги. Шу нуқтаи назардан бундай кредитлар экспортчи корхоналарга ижобий таъсир кўрсатяпти.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури доирасида 200 та экспортчи корхоналарни танлаб, уларга қўшимча имконият ва енгилликлар бериш белгиланган эди. Мазкур қарор доирасида 200 та корхона сараланиб уларга қўшимча имконият ва енгилликлар бериляпти.

 Яқинда ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда эса мазкур дастур доирасида бундай корхоналар сони 500 та етказилиши белгиланди. Бундан ташқари, хорижий брендларни жалб қилган корхоналарга грант маблағлари ажратиш ва транспорт харажатларини компенсация қилиш учун қўшимча маблағлар йўналтириш бўйича ҳам бир қатор таклифлар илгари сурилди. 

Мавзуга оид