Жаҳон | 20:28 / 24.08.2023
53039
9 дақиқада ўқилади

Пригожиннинг самолёти ҳалокати. Сўнгги тафсилотлар

Самолёт қулаган жойда топилган жасадларнинг шахси ҳали тасдиқланмади, Тергов қўмитаси ҳодисани теракт деб ҳисобламаяпти. Авиаҳалокатдан бир кун ўтиб яна нималар маълум?

Евгений Пригожиннинг ўлими ҳозиргача расман тасдиқланмади. Шу билан бирга BBC рус хизматининг олти нафар суҳбатдоши Твер областида қулаб тушган самолёт йўловчилари рўйхатида қайд этилган «Вагнер» ХҲК раҳбарининг ўлимини «у ёки бу кўринишда» тасдиқлаган. 23 август куни кечқурун Пригожин ва вагнерчилар командири Дмитрий Уткиннинг ўлими ҳақида «Вагнер» ХҲКга яқин бўлган Grey Zone телеграм-канали ҳамда Кремл таъсиридаги «Царьград» телеканали хабар берганди. 

«Россия Қаҳрамони, ўз Ватанининг ҳақиқий ватанпарвари — Евгений Викторович Пригожин Россия хоинларининг хатти-ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлди. Аммо ҳатто Жаҳаннамда ҳам у энг зўрлардан бўлади!» — дейилади хабарда. Канал муаллифи худди шу тарзда ХҲК асосчиларидан яна бири, ёлланма жангчиларнинг биринчи командири, чақирув белгиси компания номига берилган Дмитрий «Вагнер» Уткиннинг ўлимида ҳам Россия хоинларини айблаган.

Embraer Legacy 600 самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадлари суд-тиббиёт экспертизасига олиб кетилган, деб хабар қилди «Фонтанка» ва Shot телеграм-канали. Shot маълумотига кўра, дафн маросимлари хизматларини кўрсатувчи икки автомобил самолёт ҳалокатга учраган ва ўраб олинган ҳудудга соат 4:30 атрофида кирган ҳамда у ерни икки соатча вақт ўтганидан кейин тарк этган. Нашрнинг тасдиқлашича, жасадлар Твердаги ўликхонага олиб кетилган, суд-тиббиёт экспертизаси бюроси ҳам ўша ерда жойлашган. 

Кейинроқ MSK1.ru нашри дафн маросимлари агентлигидаги манбасига таянган ҳолда Пригожиннинг жасади ҳам ўликхонада ётгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, ОАВда Пригожиннинг жасади Твердаги ўликхонада расман таниб олингани, уни «Вагнер» ХҲК қўмондонларидан бири аниқлагани ҳақида хабар тарқалди. Хабарларга кўра, асосий белги — бармоқларидан бирининг йўқлиги бўлган. Шунингдек, бўйи ва татуировкаларига қараб Дмитрий Уткиннинг жасади ҳам таниб олинган. 

Embraer самолёти парчаси Тверс областининг Куженкино посёлкаси атрофида. 2023 йил 24 август

Самолётларнинг парвозларини кузатиб борадиган Flightradar24 сервиси бизнес-жет ҳалокати бўйича ҳисоботни тақдим этди. Самолёт ўзи ҳақидаги маълумотларни Москва вақти билан соат 17:46 да узата бошлаган. Ҳисоботдан маълум бўлишича, соат 18:10 га бориб борт 28 минг фут (8,5 километр атрофида) баландликка кўтарилган. Бу баландликдаги парвоз соат 18:19 га қадар давом этган. Кейин бир неча дақиқа ичида самолёт пастлаган ва яна баландликка кўтарилган (максимал — 30,1 минг фут, яъни 9,1 километргача). 

Flightradar24 графигига кўра, самолёт соат 18:19 да қулай бошлаган. Сервис вакили Ян Петченик Reuters агентлигига аниқлик киритишича, жет 30 сония ичида саккиз минг фут (2,4 километр) пастлаган. The Bell самолёт қулашдан олдин пасаймагани, балки кўтарилишда давом этганига эътибор қаратган — «яъни рўй берган ҳодиса жуда тез ва кутилмаганда рўй берган». Самолёт қулаётгани акс этган видеода у ерга ён томони билан, қанотининг бир қисмисиз ва думсиз яқинлашаётганини кўриш мумкин. Гувоҳлар иккита портлаш овозини эшитишганини айтишган.

Самолёт парчалари бир-биридан узоқ масофаларга тушган. Хусусан, фюзеляж ва двигател Куженкинское қишлоқ аҳоли яшаш пунктига, дум қаноти эса — шаҳар типидаги Куженкино посёлкасига. Қулаш нуқталари оралиғидаги масофа — тахминан 2,5 километрни ташкил этади. Бу ҳам лайнер ҳаводаёқ парчалана бошлаганини кўрсатиши мумкин.

Shot телеграм-канали, самолётда портловчи қурилма шасси бўлмасига ўрнатилгани версияси ҳам кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, айнан шасси ҳудудида осмонда портлаш рўй берган ва бунинг натижасида самолётнинг қаноти узилиб кетган ва унинг парчалари қуйруқдаги стабилизаторга бориб урилган. Бунинг натижасида бизнес-жет кескин баландлаб, сўнгра айланганича ерга қулаб тушган.

«ВЧК ОГПУ» аноним телеграм-канали эса самолёт ҳалокати бўйича ишда илк гумонланувчи пайдо бўлганини маълум қилди. Каналнинг ёзишича, у Пригожиннинг шахсий пилоти ва қулаган лайнерга эгалик қилган «МНТ Аэро» компаниясининг собиқ таъсисчиси Артём Степанов. Канал маълумотига кўра, у самолётга кириш имконига эга бўлган, айни вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари уни қидирмоқда. Канал Степанов самолёт ҳалокатидан олдинроқ Камчаткага жўнаб кетгани ҳақида ёзган. Укасининг сўзларига кўра, Степанов учинчи кундирки йўлда ва алоқага чиқмаяпти. Бундан ташқари, «МНТ Аэро»нинг хўжайини Олга Губарева ва Степановнинг бизнес ҳамкори Кирилл Шчербаков ҳам алоқага чиқмаётгани айтилган.

«ВЧК ОГПУ» шахси сир қолишини сўраган экспертнинг ҳалокат сабаби бўйича версиясини ҳам келтирган. «Кадрларда кўрганимдан келиб чиқсак, Пригожиннинг самолёти С-35 (қирувчиси)нинг иккита Р-27 «ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталари билан уриб туширилиши мумкин эди. Қирувчи самолёт вагнерчилар самолётини қарши олиш учун Хотиловодаги аэродромдан ҳавога кўтарилгани тўғрисида маълумот бор. Айнан шунинг учун зарбани сезган пилотлар тезликни кескин ошириб, юқорига кўтарилган, кейин - пикка чиқилган ва самолёт юклама ҳаддан ташқари ортгани туфайли парчалана бошлаган», дея экспертнинг сўзларини келтирган телеграм-канал.

Самолёт қулаган жойда ўқотар қурол, ўқ-дори ва гранаталар. Mash телеграм-каналининг ёзишича, энди терговчиларда ҳалокат сабаби бўйича янги версия пайдо бўлган — «ўқ-дорилар билан эҳтиётсиз муносабатда бўлиш». Телеграм-канал бу версия устувор эмаслигини ҳам таъкидлаган. Mash маълумотига кўра, топилган қурол ва ўқ-дорилар бортда бўлган ёлланма жангчиларга тегишли бўлган.

Reuters агентлиги америкалик икки мулозимга таянган ҳолда самолёт «ер — ҳаво» типидаги ракета билан уриб туширилганини тахмин қилган. Пригожиннинг самолёти зенит-ракета тизими орқали уриб туширилгани тўғрисидаги версия ҳалокатдан кўп вақт ўтмасдан Grey Zone телеграм-канали томонидан ҳам билдирилганди. Кейинроқ бундай версия Financial Times манбаси томонидан ҳам янграган.

РФ тергов қўмитаси теракт бўйича иш очиш учун ҳозирча ҳеч қандай асос йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсант»га Тергов қўмитасининг Ғарбий минтақалараро тергов бошқармаси хабар берган. Самолёт ҳалокатидан кейин РФ Тергов қўмитаси ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (РФ ЖК 263-модда) бўйича жиноий иш қўзғатган. РБК нашрининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси терговчилар барча эҳтимолий версияларни, жумладан, «учувчининг хатоси, техник носозлик ва ташқи таъсир» омилларини ҳам кўриб чиқаётгани ҳақида айтган.

Самолёт ҳалокати иши Тергов қўмитасининг ўта муҳим ишларни тергов қилиш бўйича бош бошқармаси терговчиси Иван Сибулга берилган, деб хабар қилган РБКнинг идорага яқин манбаси. Сибул 2014 йилда Внуковода француз нефт компанияси Total Кристоф раҳбари де Маржерининг ўлими билан якунланган авиаҳалокатни, шунингдек 2019 йилда SSJ 100 самолёти ёниб кетиши 41 киши ўлимига сабаб бўлган шов-шувли ишларни ҳам текширган. 

Жасадлардан бирининг ёнидан Пригожиннинг телефони топилган, дея хабар берган Al Jazeera телеканали «Вагнер» ХҲКдаги манбага таянган ҳолда. Телеканал суҳбатдоши ҳозирча Пригожиннинг ўзининг жасади идентификация қилинмаганини қўшимча қилган.

Қулаган самолёт йўловчилари рўйхатида Пригожиндан ташқари «Вагнер» ХҲК командири Дмитрий Уткин, компания ёлланма жангчилари Сергей Пропустин, Евгений Макарян, Александр Тотмин, шунингдек, Пригожинга алоқадор бир неча компанияларни бошқарган Валерий Чекалов номлари ҳам келтирилган. Рўйхатда шунингдек Николай Матусеев номи ҳам бор. «Досье» марказининг қайд этишича, катта эҳтимол билан, гап «Вагнер»да 2017 йилдан буён хизмат қилган Николае Матусевич ҳақида кетмоқда. Бортда шунингдек экипажнинг уч аъзоси — командир Алексей Левшин, иккинчи пилот, пермлик Рустам Каримов ва борт кузатувчиси Кристина Распопова бўлган. 

Санкт-Петербургдаги «ЧВК Вагнер Центра» биноси олдида стихияли мемориал пайдо бўлган. «Фонтанка»нинг ёзишича, одамлар самолёт ҳалокати ҳақидаги хабардан кўп ўтмай Зольная кўчасидаги бино олдига гуллар ва шамлар келтира бошлаган. 

 

Мавзуга оид