Спорт | 16:31 / 27.08.2023
36249
13 дақиқада ўқилади

«Челси»да янги трансфер ва Рамоснинг янги клуби. Сўнгги трансфер хабарлари

Салоҳ «Ливерпул»дан ўзини қўйиб юборишни сўради

Якунланган ҳафтанинг энг шов-шувли хабари «Ал-Иттиҳод» «Ливерпул» вингери Муҳаммад Салоҳга жиддий қизиқаётгани ҳақидаги хабар бўлди. Саудия Арабистони ва Англиядаги нашрлар араблар мисрлик футболчини Про-лиганинг энг юқори маош олувчи футболчисига айлантирмоқчилиги ва футболчи бунга розилиги ҳақида ёзишди. Шу билан бирга, «Ливерпул» музокаралардан бош тортаётгани ҳақида хабарлар ҳам чиқди ва шу туфайли бу трансфернинг эҳтимоли паст баҳоланаётганди.

Аммо энди журналист Руди Галеттининг хабар беришича, вазият ўзгарган. 31 ёшли ҳужумчи ўзини Саудия Арабистони чемпионатига қўйиб юборишни сўраган, «Ал-Иттиҳод» эса «Ливерпул»га 92 миллион евролик таклиф юборган ва 28 августга қадар дедлайн белгилаган. 

КSA Sport'нинг маълум қилишича, мисрлик футболчи учун 27 август куни «Нюкасл»га қарши кечадиган ўйин мерсисайдликлар сафидаги сўнгги ўйин бўлиб қолади, у ўйиндан кейин янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида Саудияга учиб кетади. 

Бу масала қандай якунланиши янги ҳафта бошида маълум бўлади.

Tuttosport хабарига кўра, агар Салоҳ кетса, «Ливерпул» Федерико Киезани олиши мумкин. Юрген Клопп «Ювентус» вингерини мисрлик футболчи учун муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда. Туринликлар Киеза учун 60 млн евро атрофида маблағ талаб қилади. Ўтган мавсумда Федерико «Ювентус» сафида барча турнирлар доирасида 33 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урган ва олти голга узатма берган. Жорий мавсумда ҳам 25 ёшли италиялик футболчи бир ўйинда бир гол уришга улгурди.

Саудияликлар 21 ёшли испаниялик футболчини олишди

«Ал-Аҳли» «Селта»дан испаниялик яримҳимоячи Габриэл Вейга билан шартнома имзолади. Трансфер қиймати 40 млн еврони ташкил этган. Томонлар уч йиллик шартнома имзолаган. Ушбу 21 ёшли футболчига ёз давомида Европанинг қатор топ-клублари, жумладан «Барселона», «Манчестер Сити», «ПСЖ», «Ливерпул» ва «Челси» каби клублар қизиқиш билдирган, якунда футболчи «Наполи»га ўтиши деярли ҳал бўлганди. Аммо сўнгги лаҳзада у қарорини ўзгартирди ва Саудия Арабистони чемпионатини танлади. «Ал-Аҳли»да Вейга йилига 12 млн евро атрофида маош олади («Наполи» унга бундан беш баробар камроқ таклиф қилганди).

Аввалроқ «Реал» яримҳимоячиси Тони Кроос Габриэл бу ёшида Саудия клубига ўтишини «шармандалик» деб атаганди.

Жидда клуби бунгача Риёд Маҳрез, Роберто Фирмино, Аллан Сен-Максимен, Франк Кесси ва Эдуар Менди каби юлдузлар билан ҳам шартнома имзолаганди.

Санчес «Интер»га қайтди

Чилилик форвард эркин агент мақомида «Интер» сафига қўшилди. Келишув муддати – бир йил. Алексис Санчес бунгача ҳам ушбу клуб учун 109 ўйинда майдонга тушиб, 20 гол урган ва уч соврин қўлга киритган. У «Интер» сафида 2020 йил 1 сентябрдан (2019/2020 йиллар мавсумидан) 2022 йил 10 августигача ўйнаган. Ўтган мавсумни эса чилилик футболчи «Марсел»да ўтказиб, французлар клуби сафида барча турнирлар доирасида 44 ўйинда майдонга тушди ва 18 гол уриб, уч голга ҳаммуаллифлик қилди. У шунингдек фаолияти давомида «Удинезе», «Барселона», «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» каби клубларда ҳам тўп тепган.

Моурино жамоасида яна бир осиёлик ҳужумчи

«Рома» эронлик форвард Сердар Озмун трансферини эълон қилди. Футболчи «Байер»дан 2024 йил ёзига қадар ижарага олинган, мавсум якунида унинг трансфер ҳуқуқи 12 млн еврога сотиб олиниши мумкин. Озмун янги жамоасида 17-рақамли футболкада тўп суради. Сердар фаолияти давомида Эроннинг «Сепаҳон», Россиянинг «Рубин», «Ростов» ва «Зенит» клуби клубларида ўйнаган. Санкт-Петербург жамоаси билан Озмун Россиянинг тўрт карра чемпиони бўлган, икки бор Суперкубокни ва бир марта мамлакат Кубогини қўлга киритган.

Азар учун АПЛда кутилмаган вариант

Эден Азар яна АПЛга қайтадими? The Guardian хабарига кўра, белгиялик вингер хизматларига «Кристал Пэлас» қизиқиш билдирмоқда. Эден бу ёзда эркин агентга айланган, шу туфайли «бургутлар» уни таркибга қўшиб олиши эҳтимоли юқори. «Пэлас» «Галатасарой»га кетган Уилфрид Заа ўрнига футболчи қидирмоқда, Азар – вариантлардан бири. Аввалроқ Азарга МЛС, Бразилия ва Саудия Арабистони клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар чиққанди. Америка лигасида унга «Ванкувер», Бразилия чемпионатида — «Ботафого» қизиқмоқда. Шунингдек, Азар Саудия Арабистони клубларидан биридан таклиф олган. Белгиялик футболчи 2019 йилдан буён «Реал» футболчиси эди, аммо жароҳатлар туфайли мадридликлар клуби асосий таркибига кира олмади.

«Интер» форвардини Франция чемпионатига юборди

«Интер»нинг аргентиналик ҳужумчиси Хоакин Корреа «Марсел» футболчисига айланди. Клуб ва футболчи 2024 йил ёзига қадар амал қилувчи ижара келишувини имзолаган. «Марсел» Корреани мавсум охирида 10 млн еврога сотиб олиши мумкин. Провансалликлар бир йиллик ижара учун 2 млн евро тўлайди. Агар «Марсел» Чемпионлар лигасига йўлланма олса, футболчини сотиб олиши шарт бўлади. Корреа французлар клубидан эркин агент сифатида «Интер»га ўтган Алексис Санчес ўрнини эгаллайди.

Тарихдаги энг қимматбаҳо футболчилардан бири Қатар чемпионатига ўтадими?

Фабрицио Романо хабар берди: «Астон Вилла» яримҳимоячиси Филиппе Коутино «Ал-Дуҳайл» жамоасига трансфер бўлишга рози. 31 ёшли бразилиялик шахсий шартнома бўйича қатарликлар билан келишиб олган. Аммо «Ал-Дуҳайл» ҳали «Астон Вилла»ни кўндириши керак. Коутинога Қатарнинг бошқа клублари ва Саудия клублари ҳам қизиқиш билдирганди, аммо айнан «Ал-Дуҳайл» рақобатчилардан жиддийроқ ҳаракат қилди. Филиппе ўтган мавсумда «Астон Вилла» сафида барча турнирлар доирасида 22 ўйинда майдонга тушиб, бир гол урган. Transfermarkt унинг бозордаги нархини 10 млн еврога баҳолаган.

Рамос барибир Туркия чемпионатига ўтадими?

Испаниялик афсона, ҳимоячи Серхио Рамос аввалроқ «Бешиктош» таклифини рад этганди. Аммо у барибир Туркия Суперлигасига келадиган кўринмоқда. Николо Ширанинг ёзишича, 37 ёшли ҳимоячига «Галатасарой» ҳам қизиқиш билдирмоқда. Туркия гранди Рамосга йилига 10 млн евро миқдорида маош таклиф қилган. Серхио ўтган мавсумда «ПСЖ» сафида ўйнаганди, энди эса эркин агент мақомида ўзига янги клуб қидирмоқда.

«Брайтон» Кайседога ўринбосар топди

«Брайтон» «Лилл» яримҳимоячиси Карлос Балеба бўйича келишувга эришди, деб хабар бермоқда инсайдер Фабрицио Романо. Журналистнинг маълумотига кўра, трансфер суммаси 27 млн еврони ташкил этади, яна 3 млн евро миқдорида бонуслар кўзда тутилган. Балеба билан шартнома шартлари аллақачон келишиб қўйилган, яримҳимоячи тиббий кўрикдан ўтиш арафасида турибди. 19 ёшли футболчи «Лилл»нинг асосий таркибида Лиге 1нинг 23 ўйинида майдонга тушган. Балеба – шу ёзда АПЛ учун рекорд даражадаги 133,5 млн евро эвазига «Челси»га ўтган Кайседога ўринбосар сифатида кўрилмоқда.

Балогун — «Монако»га ўтади

RMC Sport хабар бермоқда: «Монако» «Арсенал» билан Фалорин Балогун трансфери бўйича келишувга эришди. 

Инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, «Монако» 22 ёшли америкалик ҳужумчи учун 40 миллион евро тўлайди. Лондонликлар унинг қайта сотувидан ҳам улуш олади.

Балогун ўтган мавсумда ижара асосида «Реймс»да ўйнаганди. Форвард барча турнирлар доирасида 39 ўйинда майдонга тушди ва 22 гол уриб, икки голга узатма берди. Унинг «Арсенал» билан шартномаси 2025 йил июнига қадар тузилганди.

«Арсенал» муаммоли позицияни ёпмоқчи

Туриннинг Torino Granata нашри «Арсенал» «Торино» ҳимоячиси Перру Схюрсга қизиқаётгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, лондонликлар ҳимоя марказини кучайтирмоқчи ва ушбу нидерландиялик футболчини яхши номзод сифатида кўрмоқда. «Арсенал» шу ёзда «Аякс»дан сотиб олган Юрриен Тимбер мавсумнинг биринчи турида хочсимон пайларини жароҳатлаб олди ва мавсум охирига қадар сафдан чиқди, шу туфайли жамоага бу чизиққа янги футболчи керак. Transfermarkt баҳосига кўра, 23 ёшли Схюрснинг баҳоси 25 млн еврони ташкил этади.

«Челси» Америкадан дарвозабон олди

«Челси» сербиялик дарвозабон Жорже Петрович трансферини эълон қилди. Трансфер қиймати 16 млн еврони ташкил этади. 23 ёшли футболчи билан 2030 йил ёзига қадар шартнома имзоланган, томонлар келишувни яна бир йилга узайтириши мумкин. Петрович 2022 йилда Американинг «Ню-Инглэнд Революшн» клубига ўтиб, бу клуб сафида 48 ўйин ўтказган. Ўтган мавсумда у МЛСда йилнинг иккинчи энг яхши дарвозабони деб топилганди. Петрович Сербия миллий жамоасида ҳам икки ўйин ўтказган. У «Челси»да «Реал»га кетган Кепа Аррисабалага ўрнини эгаллайди.

Бу лондонликлар клубининг 2023 йил ёзидаги ўнинчи харидига айланди, бунгача дарвозабон Санчес («Брайтон», 23 млн евро), ҳимоячи Дисаси («Монако», 45 млн евро), яримҳимоячилар Кайседо («Брайтон», 116 млн евро), Лавиа («Саутҳемптон», 62,1 млн евро), Угочукву («Ренн», 27 млн евро), ҳужумчилар Нкунку («Лейпциг», 60 млн евро), Жексон («Вилярреал», 37 млн евро), Дейвид Вашингтон («Сантос», 16 млн евро) ва Габриэл («Сантос», 15 млн евро - у «Страсбург»га ижарага берилди) сотиб олинганди.

«МЮ» дарвозабон сотиб олмоқда

«Манчестер Юнайтед» Андре Онанага рақобат учун яна бир  дарвозабон олмоқда. «Қизил иблислар»нинг янги дарвозабони «Фенербаҳче»дан келмоқда - Алтай Байиндир. 25 ёшли турк учун 7 миллион евро тўланади. Фабрицио Романо маълумотига кўра, трансфер «МЮ» яна бир дарвозабони Дин Ҳендерсонни «Кристал Пэлас»га сотганидан кейин эълон қилинади.

Ўз навбатида Хорватия миллий жамоаси ва Загребнинг «Динамо» клуби посбони Доминик Ливакович Байиндир ўрнига «Фенербаҳче»га ўтмоқда. «Фенер» дарвозабон учун 6,65 млн евро тўлаган, яна 950 минг евро бонуслар кўринишида берилади. Ливакович истанбулликлар клуби билан беш йиллик шартнома имзолаган. Эътиборли жиҳати, 28 ёшли Ливакович бунга қадар ҳеч қачон Хорватиядан ташқарида ўйнамаган. У 2015 йилдан буён «Динамо» дарвозасини қўриқлаб келаётганди.

«Бавария» янги дарвозабон трансферини эълон қилди

«Бавария» Исроил миллий жамоаси дарвозабони Даниэл Перецни трансфер қилгани ҳақида расман хабар берди. Футболчи учун 5 млн евро тўланган. 23 ёшли исроиллик билан беш йиллик шартнома тузилган. Перец Мануэл Нойер жароҳатидан тузалгунича, «Бавария» дарвозасини қўриқлаш учун Свен Улрайҳга рақобат қилади.

Мавзуга оид