Спорт | 18:35 / 31.08.2023
22265
9 дақиқада ўқилади

«Интер»да жаҳон чемпиони, Мессининг вориси АПЛга йўл олди. Сўнгги трансфер хабарлари

«Сити» Де Брюйнега ўринбосар топди, Лукаку Италияда қолди.

Трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида ҳам қатор жиддий трансферлар амалга оширилмоқда. 1 сентябр, жума куни эса футбол мухлисларини дедлайн кутмоқда.

«Барса» вингери АПЛга йўл олмоқда

Ансу Фати. Фото: ERIC ALONSO/GETTY IMAGES

Ўз вақтида Лионел Мессининг вориси сифатида кўрилган, бугунги кунга келиб «Барселона»нинг асосий таркибидаги ўрнини йўқотиб қўйган Ансу Фати фаолиятини Англияда давом эттиради. Аввалига ушбу футболчи учун «Тоттенҳэм» асосий даъвогар бўлиб турган ва уни 2024 йил июнига қадар ижарага олиши кутилаётганди. 

31 август куни чиққан маълумотларга кўра, 20 ёшли ҳужумчи Англиянинг бошқа бир жамоаси «Брайтон» сафига ўтади. Европадаги асосий инсайдер Фабрицио Романо бу ҳақда Here We Go! иборасини қўллаган ҳолда хабар берган. Бу эса келишув амалга ошиши эҳтимоли 99,9 фоиз дегани.

Фати ўтган мавсумда «Барса» сафида барча турнирлар доирасидаги 51 ўйинда қатнашган, 10 гол уриб, тўрт голга узатма берган.

«Арсенал» ёш форвардини «Монако»га сотди

«Арсенал» ҳужумчиси Фоларин Балогун «Монако» аъзосига айланди. Америкалик 22 ёшли футболчи янги клуби билан беш йиллик шартнома имзолади (2028 йил июнига қадар). Аввалроқ Фабрицио Романо «Арсенал» Балогун учун бонуслар билан бирга 40 млн евро олишини ёзганди. Келишувга кейинги сотувдан улуш тўғрисидаги банд ҳам киритилган – агар форвард шартномаси тугашидан олдин бошқа клубга сотилса, «Арсенал» 17,5 фоиз улушга эга бўлади. Балогун ўтган мавсумда Франция чемпионатидаги бошқа бир жамоа «Реймс»да ижара асосида ўйнаб, барча турнирлар доирасидаги 39 ўйинда 22 гол урган ва учта голли узатмага ҳаммуаллифлик қилганди.

«Ливерпул» майдон марказини кучайтирмоқда

АПЛдаги асосий инсайдерлардан бири Давид Орнштейн хабар берди: «Ливерпул» «Бавария» билан яримҳимоячи Райан Гравенберҳ трансферини муҳокама қилмоқда. 21 ёшли нидерландиялик ҳам фаолиятини «Энфилд»да давом эттиришни истайди. Мюнхенликлар унинг ўрнига бошқа футболчи олишга улгуриш учун трансфер имкон қадар тезроқ амалга ошишини хоҳламоқда. Гравенберҳ ўтган мавсумда «Бавария» сафида Бундеслиганинг 24 ўйинида майдонга тушган. Transfermarkt унинг тахминий нархини 30 млн евро деб баҳолаган. Журналист Крис Баскомбанинг маълумотига кўра, «Ливерпул» Гравенберҳ учун 40 млн евро таклиф қилган.

«Бавария» Гравенберҳ ўрнига футболчи топган

Жоау Палиня. Фото: ANDREW REDINGTON/GETTY IMAGES

«Бавария» вақтни йўқотмаяпти ва Гравенберҳ ўрнига ўринбосар қидирмоқда. Вариантлар орасида: Жоау Палиня («Фулҳэм»), Эрик Дайер («Тоттенҳэм») ва Трево Чалоба («Челси»). Мюнхенликлар учун ҳозирда асосий вариант – Палиня. Журналист Кристиан Фалк маълумотига кўра, немислар 28 ёшли португал учун 60 млн евро атрофида маблағ тўлашга тайёр. Бу келишув амалга ошиши учун эса «Бавария» аввал Гравенберҳни сотиши керак. Журналист Керри Ҳау Палиняга мюнхенликлар жамоаси бош мураббийи Томас Тухел шахсан қизиқиш билдираётганини қайд этган.

«Челси» «Сити» тарбияланувчисини олиб кетмоқда

Фабрицио Романо хабарига кўра, «Челси» «Манчестер Сити» билан яримҳимоячи Коул Палмер трансфери бўйича келишувга эришган. Унинг маълумотига кўра, лондонликлар 21 ёшли футболчи учун 46 млн евро тўлайди. Яна 6 млн евро бонуслар сифатида ўтказиб бериши кўзда тутилган. Палмер яқин вақтлар ичида янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтади. Коул – «Сити» тарбияланувчиси ҳисобланади, у асосий жамоада 2021 йил июлида дебют қилган ва Риёз Маҳрез кетганидан кейин асосий таркибда унинг ўрнини эгаллаши кутилаётганди. Аммо «Сити» бу позиция учун 60 млн еврога «Ренн»дан белгиялик вингер Жереми Докуни сотиб олди.

Лукаку расман Моуринио жамоасида

Ромелу Лукаку расман «Рома» аъзосига айланди. Италянлар клуби ва «Челси» бир йиллик ижара шартномаси бўйича келишувга эришган. Қизиқарли детал: «Рома» хўжайини Дэн Фридкин ушбу белгиялик форвард минган самолётни шахсан ўзи бошқариб, Римга олиб кетган. Ўтган мавсумда Лукаку ижара асосида «Интер»да ўйнаганди ва барча турнирлар доирасида 37 ўйинда майдонга тушиб, 14 гол урган, етти голга узатма берган. Унинг «Челси» билан шартномаси муддати 2026 йил июнига қадар амал қилади. Агар у «Рома»да яхши ўйнаб кетса, мавсум якунида трансфер ҳуқуқи тўғри сотиб олиниши ҳам мумкин.

«Сити» Де Брюйнега ўринбосар топди

«Манчестер Сити» Матеус Нунес трансфери бўйича «Вулверҳэмптон» билан келишувга эришди, буни Фабрицио Романо тасдиқлаган. Томонлар сўнгги деталларни муҳокама қилмоқда. Тез орада трансфер тўғрисида расман эълон қилинади. Нунес 2022 йил августида «Спортинг»дан 45 млн евро эвазига «Вулверҳэмптон»га ўтганди. Ушбу португалиялик яримҳимоячи ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 37 ўйинда майдонга тушиб, бир гол урган ва бир голга узатма берган. Нунес «Сити»да оғир жароҳат олган Кевин Де Брюйне ўрнини эгаллайди. Белгиялик яримҳимоячи сафга кейинги йилгача қайтмайди.

«Интер» топ-ҳимоячини сафга қўшиб олди

Франциялик ҳимоячи Бенжамен Павар расман «Интер» аъзосига айланди. Фабрицио Романо маълумотига кўра, трансфер учун 30 млн евро тўланган, шунингдек 2 млн евро миқдоридаги бонуслар ваъда қилинган. Футболчи янги клуби билан 2028 йил июнига қадар амал қилувчи шартнома тузган. Павар 2019 йил ёзидан буён «Бавария» сафида ўйнаб келаётганди. У мюнхенликлар учун жами 163 ўйинда майдонга тушиб, 12 гол урган ва 12 голга узатма берган. Бенжамен «Бавария» билан 2019/2020 йиллар мавсумида ЕЧЛ ғолиби бўлган, 2020 йилда УЕФА Суперкубогини қўлга киритган, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган, шунингдек тўрт марта Германия чемпиони бўлган. Энди эса Милан жамоатчилигини хушнуд қилишда давом этади.

«Барса» балласт футболчидан қутулмоқда

Here We Go! Фабрицио Романо Клеман Лангле «Астон Вилла»га ўтаётганини тасдиқлади. Француз ҳимоячиси яна бир мавсум ижара асосида Англия клубида ўйнайди. Келишув мавсум охирида футболчининг трансфер ҳуқуқини сотиб олиш мажбуриятини олишини кўзда тутмаган. Бирмингҳемликлар Лангленинг маошининг 75 фоиз қисмини тўлайди. Ушбу ҳимоячиси «Барса» бош мураббийи Хавининг режаларидан ўрин олмаган ва ўтган мавсумда ҳам «Тоттенҳэм»да ижара асосида ўйнаганди.

Футболчилар «ПСЖ»га ўтиш учун ҳам исён қилишади

Коло Муани Бундеслигада ўтган мавсум кашфиётларидан бирига айланганди. Франциялик ҳимоячи мавсумнинг энг яхши тўпурарларига етиб олиш учун битта гол етмади – «РБ Лейпциг»даги Нкунку ва «Вердер»даги Фюллкруг 16 тадан гол уришганди (аммо уларнинг пеналтидан урган голлари сони Коло Муаникидан кўпроқ).

Аввалига у Левандовски кетганидан кейин амалда марказий форвардсиз қолган «Бавария»га ўтиши ҳақида гапиришганди, аммо мюнхенликлар Ҳарри Кейнни олишди ва ёз охирига келиб «ПСЖ» варианти ҳақида кўпроқ гапира бошлашди.

«Айнтрахт» ҳужумчиси Рандал Коло Муани ОАВга берган интервюсида «ПСЖ»га ўтишни истаётганини айтди. Франкфурт жамоаси спорт директори Маркус Крёше футболчи Париж клубига трансфер бўлиш учун жамоа машғулотларини бойкот қилгани ҳақида хабар берди. Рандал «ПСЖ»га ўтиш учун обрўсига путур етишига ҳам рози. Transfermarkt Коло Муанини 80 млн еврога баҳолаган. «Айнтрахт» эса парижликларнинг шунча миқдордаги таклифини рад этган ва 100 млн евро сўраганди. Бу вақтда эса Фабрицио Романо «ПСЖ» бошқа бир клуб билан ҳам янги футболчи трансфери борасида келишиб олганини хабар қилмоқда. Унга кўра, «Лион» форварди Брэдли Баркола учун 45 млн евро тўланади, яна 5 млн евро миқдорида бонус кўзда тутилган. Футболчи аллақачон янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтиш жараёнини бошлаган.

Мавзуга оид