Ўзбекистон | 09:29 / 28.08.2023
3666
2 дақиқада ўқилади

Бухоро давлат тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилади 

“Бухоро давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт университети сифатида қайта ташкил этилади.

Навоий вилояти, Навоий шаҳар, Садриддин Айний кўчаси, 1-уйда жойлашган Навоий Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ҳамда Навоий шаҳар, 7-даҳа, И.Каримов шоҳкўчасида жойлашган Болалар-ўсмирлар футбол академияси бинолари негизида Бухоро давлат тиббиёт университети Навоий филиали ташкил этилади.

Университет ҳузурида кўп тармоқли клиника ташкил қилинади.

Университет ва филиалнинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш;

клиника ва ўқув базалари фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;

фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини таъминлаш;

хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ташқи академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид