Жаҳон | 09:52 / 28.08.2023
4660
3 дақиқада ўқилади

«Яндекс» асосчиси Волож ЕИдан ўзига нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўради

Август ойи ўрталарида Аркадий Волож Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб, оммавий баёнот билан чиқди. 

Аркадий Волож Фото: Дмитрий Астахов / ТАСС

«Яндекс» асосчиси, миллиардер Аркадий Волож Европа Иттифоқидан Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли ўзига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишни сўради, деб ёзади Financial Times 27 август, якшанба куни вазият билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган суҳбатдошларига таяниб. 

Журналистларнинг эслатишича, Волож адвокатлари ЕИга юборган расмий сўров тадбиркор 10 август куни Россия томонидан қўшни давлатга қарши бошланган урушни қоралаганидан бир неча кун ўтиб юборилган. Уларнинг фикрича, Брюсселнинг муносабати энди ЕИ «Кремль билан алоқаларини бузган россияликларни рағбатлантириши ёки бундай қилмаслигини» кўрсатади. Бу масала сентябр ойида ЕИда муҳокама қилиниши кутилмоқда. 

Воложнинг Украинадаги уруш бўйича баёноти 

Аркадий Волож 10 август куни 2022 йил 22 февралдан бери биринчи марта Украинадаги уруш бўйича ўз позициясини билдирди. «Мен Россиянинг Украинага бостириб киришига қатъиян қаршиман, у ерда менинг ҳам дўстларим ва қариндошларим бор. Украиналикларнинг уйларига ҳар куни бомбалар учиб келаётгани мени даҳшатга солмоқда. 2014 йилдан бери мен Россияда яшамаган бўлсам ҳам, мамлакат ҳаракатлари учун менинг ҳам масъулиятим борлигини тушунаман», дейилади тадбиркорнинг The Bell нашрига тақдим этилган баёнотида. 

Волож Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ҳақида гапирмаганига «кўп сабаблар» борлигини таъкидлаб ўтди, аммо улар қандай эканини очиқламади. «Сиз менинг баёнотимнинг долзарблиги ҳақида баҳслашишингиз мумкин, лекин унинг моҳияти ҳақида эмас», - деди тадбиркор. 

Аркадий Волож 2000 йилда Иля Сегалович билан биргаликда «Яндекс» компаниясига асос солган. Сегалович 2013 йилда вафот этган. 2022 йилда Волож Европа Иттифоқининг санкциялари остида қолди, шундан сўнг «Яндекс»даги барча постларини тарк этди. 2022 йил март ойида Волож доллардаги миллиардер мақомини йўқотди. 

2022 йил ноябрь ойида «Яндекс» бизнесни бошқариш тузилмасини ўзгартириш ва активларни бўлиш ҳақидаги тахминий ниятини эълон қилди. Россия бизнеси алоҳида компаниялар гуруҳига бўлинади, улардан Нидерландиянинг Yandex N.V. ажралиб чиқиб, ўз номини ўзгартиради. Ўтган йилнинг охирида Волож «Яндекс» ходимлари билан хайрлашиб, «Яндекс ҳолдингидан ташқарида ривожланиши мумкин бўлган тўртта халқаро стартапга маслаҳат беришдан манфаатдор эканлигини» таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид