Жамият | 18:25 / 29.08.2023
28092
5 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши иммуно-сут, кунига 25 литр сут берувчи сигирлар ва қимматбаҳо пишлоқ – Нукусдан “сутли” репортаж

Қорақалпоғистонда Темур Панаев асос солган корхонада 50 га яқин сут  маҳсулотлари ва 20 дан ортиқ хилдаги пишлоқлар ишлаб чиқарилади. Европадан олиб келинган наслдор чорва моллари кунига 25 литргача, эчки ва қўйлар эса 4-5 литргача сут беради. Айни вақтда корхона Инновацион ривожланиш агентлиги билан ҳамкорликда вакцина олган сигирлар сутидан коронавирусга қарши иммунли сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлади. 

2016 йил Нукус шаҳрида сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Panaev farms” корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Ўз сулоланинг ёш вакили, корхона раҳбари Темур Панаев Италия ва Европанинг бошқа давлатларида бўлиб, чорвачилик ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ тажрибаларни ўрганиб қайтган. Бугунга келиб, корхонанинг Европадан олиб келинган қиммат сигирлар, қўй ва эчкиларга эга ўз фермаси ҳам бор. Корхона табиий сутдан ўнлаб маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

“Бу соҳага қизиқиб қолишимга дадам сабабчи бўлган. Мени Италияга олиб борганларида ҳар хил фирмаларни, сутни қайта ишловчи корхоналарни кўриб, ўшаларга ҳавас уйғонган. У ерда ҳурматли киши саналар экан фермерлар. Италияда пишлоқ ишлаб чиқарадиган корхонада бир ой оддий ишчи бўлиб ишлаганман, мақсад технологияни ўрганиш, иш билан танишиш эди. Эндиликда ўзимиз 20-25 хилдаги пишлоқ маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз. Биринчи бошлаган пайтимизда 3-4 хил маҳсулот ишлаб чиқарганмиз, ҳозир эса умумий 50 хилдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз.

2016 йилда ўзимиз фирма қурдик. 2017 йилда Германиядан 60 бош қорамол олиб келдик, шундан бошлаб кўпайтириб, ривожлантириб келяпмиз. 2018 йиллардан эчки ва қўйларга ҳам қизиқиб бошладик. Президентимиз Нукусдаги учрашувда дадамга шуни тавсия қилганди. Ҳозир халқ шунга ўрганган, эчкилар 4-5 литргача сут беради.

Германиядан олиб келган молларимизнинг ҳар бирини 2500 евродан олганмиз. Бориб ўзимиз танладик ва энг яхшиларини саралашга ҳаракат қилдик. Танлаш жуда қийин бўлмади, чунки у ерда молларнинг зоти, қайси сигирдан туғилгани — барчаси рақамлаштирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Олиб келган молларимиз 20-22 литр сут беради, лекин Германиянинг ўзида 30-35 литр сут беради. Чунки уларда озуқа базаси яхши, бизда эса анча муаммоли бу, ерларимиз шўрлаган, қурғоқчилик бўлади.

Эчки сутининг таркиби она сутига жуда яқин бўлади. Шунинг учун чақалоқларга бемалол бериш мумкин. Эчкиларни Германиядан олиб келган бўлсак, сут берувчи қўйларимизни Испаниядан олиб келганмиз. Қўй сути жуда қуюқ бўлади. Бундай сутдан Италияда “Пикарино” пишлоғи тайёрланади, биз ҳам йўлга қўйганмиз буни. 420 евродан 300 бош қўй олиб келганмиз. Қўйлар иккитадан болалайди ва 3-4 литрдан сут беради”.

Корхонада бир неча ой олдин иммун сути ва ундан олинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа 2021 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази ҳамда Вена тиббиёт университети билан ҳамкорликда бошланган. Унинг асосини вакцина билан эмланган сигирларнинг сутидан коронавирусга қарши иммун сути олиш имконияти ташкил қилади. Пастеризацияланган сут ҳолидаги ушбу маҳсулот ҳақида Панаевнинг ўзи шундай дейди.

«6-7 ойлик бўғоз молларимизга ўзбек-хитой вакцинасини қилдик. Туғилган бузоқлар қонида антижисмлар пайдо бўла бошлаган эди, яъни онаси сутини истеъмол қилгандан сўнг. Коронавирус молларда ҳам бўлади. Эмланган сигирлар сутида 3 ойдан сўнг антижисмлар камая бошлади, сўнг яна вакцина қилиш кераклигини тушундик.

Бундай сутлар бошқа сутлардан фарқли равишда пастроқ, яъни 72 даража иссиқликда қиздириб, сўнг яна совитилади. Кейин қадоқлашда ҳар хил таъм берувчи воситалар қўшилади, чунки асосан болалар ёки иммунитети паст бўлган қария инсонларга берилади, шу сабабли ўзига тортувчи таъм бўлади. Бу сутни ичган одамда иммунитет ҳосил бўлади. Коронавирусни даволамайди, лекин олдини олади, иммунитетни кўтаради. Худди вакцинага ўхшайди. Бундай сутлар ёғли бўлса, таъсири камроқ бўлади, шунинг учун ёғини камайтирганмиз.

Бу турдаги сут ишлаб чиқаришда олдин 1 йил синов ўтказдик. Ҳозирча фақат Нукусда сотувда бор. Талабга қараймиз ҳали, чет элга экспорт қилиш ниятимиз ҳам бор. Ҳозирча Россия ва Исроилдан жиддий қизиқиш билдириляпти. Сўнг Европага экспорт қилишни ҳам режалаштиряпмиз”, — дейди Темур Панаев. 

Интервюнинг тўлиқ юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди
Тасвирчи: Шоҳруз Абдураимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид