Жаҳон | 08:19 / 30.08.2023
12272
3 дақиқада ўқилади

Псковдаги ҳарбий-фуқаролик аэропорти дронлар ҳужумига учради

Псков аэропортига дронлар ҳужуми натижасида тўртта Ил-76 ҳарбий самолётига зарар етган, деб хабар беряпти ТАСС. Ҳаво бандаргоҳида 30 август куни барча рейслар бекор қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Псков халқаро аэропорти 30 август, чоршанбага ўтар кечаси учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) томонидан ҳужумга учради. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ гувоҳларнинг ҳаво бандаргоҳи ҳудудидаги ёнғин, шунингдек, отишма ва портлашлар акс этган видеоларга таяниб хабар берди. Кейинроқ ҳужум ҳақидаги маълумотни Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников ҳам тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, 30 август куни Псков аэропортидаги барча рейслар «учиш-қўниш йўлагига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг моҳияти аниқланмагунча» бекор қилинади. «Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жиддий нарса йўқ, аммо буни тунда текшириш қийин», деди Ведерников.

Аэропорт қўшма аэродром бўлиб, унда ҳарбий ва фуқаролик самолётлари жойлашган. ТАСС маҳаллий фавқулодда хизматларга таяниб хабар беришича, ҳужум натижасида камида тўртта Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти шикастланган. Агентликнинг таъкидлашича, Псков ва минтақа устидаги ҳаво ҳудуди парвозлар учун вақтинча чекланган.

Россия Мудофаа вазирлиги бошқа ҳудудларда дронлар йўқ қилингани ҳақида хабар берди

Россия Мудофаа вазирлиги хабар эълон қилинган пайтда воқеага изоҳ бермади. Бунинг ўрнига, Псковдаги воқеадан сўнг, идоранинг Telegram-канали Брянск, Орёл ва Калуга вилоятлари устидан «тўхтатилган» УУА ҳужумлари, шунингдек, Қора денгизда тўртта қайиқнинг «йўқ қилингани» ҳақида хабар берди. Псков аэропорти Украина чегарасидан 700 км узоқликда жойлашган.

64044-сонли ҳарбий қисм яқинидаги аэропортга ҳужум уюштирилгани ҳақидаги хабарлардан кўп ўтмай, вилоят марказида ёнғин содир бўлди, деб ёзади ASTRA интернет нашри. Унга кўра, бу қисм Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб киришида қатнашган РФ Қуролли кучлари Бош штаби Промежицидаги Бош бошқармасининг 2-махсус бўлинмалари бригадаси ҳудудига тегишли. Бундан ташқари, Псковда «Эдельвейс» режаси жорий этилган бўлиб, у Ички ишлар вазирлиги ходимларини йиғишни назарда тутади, дея хабар беради нашр. 

Россиядаги объектларга дронлар ҳужуми 

Ёз бошидан бери Россия ҳудудидаги объектларга дронлар ҳужумлари тез-тез содир бўляпти. Шу тариқа, май ойида Москвага иккита шундай ҳужум уюштирилди, июл ва август ойларида эса дронлар бир ой ичида беш мартадан ортиқ пойтахт объектларига зарба беришга ҳаракат қилди. Алоҳида ҳолатларда «Москва-сити» бизнес марказининг битта биноси учувчисиз учоқ ҳужумлари нишонига айланди.

Киев ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаяпти 

Россия расмийлари бир неча бор бундай ҳодисаларни Украина томонидан «террорчилик ҳужумларига уриниш» деб атаган. Шу билан бирга, Киев УУА ҳужумларининг бирортасига алоқадорлигини тасдиқламади, Украина президенти девонининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳатто ҳужумлар Россияда ишлаб чиқарилган дронлар ёрдамида амалга оширилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид