Жаҳон | 13:11 / 05.09.2023
10278
3 дақиқада ўқилади

2022 йилда кассетали бомбалардан 1172 киши жабрланди

Женевадаги ICBL-CMC ҳисоботига кўра, 2022 йилдаги юқори кўрсаткич асосан Украина уруши билан боғлиқ. Бундай ўқ-дорилардан ҳалок бўлган ва яраланганларнинг 95 фоизи - тинч аҳоли.

Фото: VPK.name

Ҳуманитар ташкилотлар дунёда кассетали ўқ-дорилардан жабрланганлар сони ортиб бораётганини қайд этмоқда. Пиёдаларга қарши миналар ва кассетали ўқ-дориларни тақиқлаш бўйича халқаро кампания (ICBL-CMC) 5 сентябр, сешанба куни Женевада маълум қилишича, 2022 йилда ушбу тақиқланган қуроллардан 1172 киши яраланган ёки ҳалок бўлган, бу 2010 йилда йиллик ҳисоботлар чоп этилиши бошлангандан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Тегишли ҳисоботга кўра, 2022 йилдаги юқори кўрсаткич, асосан, Украинада кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, ўтган йили Озарбойжон, Ироқ, Яман, Лаос, Ливан, Мянма ва Сурияда бундай снарядлардан жароҳат олиш ёки ўлим ҳолатлари қайд этилган. Ташкилотнинг таъкидлашича, барча ҳолатларнинг 95 фоизи тинч аҳолига тўғри келади. 

Кассетали ўқ-дорилардан қурбон бўлганларнинг аксарияти Украинада рўйхатга олинган бўлиб, улардан 890 киши жабрланган. Бу, биринчи навбатда, тақиқланган ракеталарнинг кенг қўлланишидан далолат беради, дея ишонч билдирган ICBL-CMC экспертлари. Кассетали ўқ-дорилар Россияга қарши ҳарбий амалиётларда Украина қуролли кучлари томонидан ҳам қўлланган, дея эслатилади. АҚШ маъмуриятининг Киевга 2023 йил июл ойида қабул қилинган бундай бомбаларни етказиб бериш тўғрисидаги қарори «хавфли прецедент» бўлиб, кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенциянинг барча иштирокчилари, шу жумладан Германия томонидан қораланиши керак, дея ҳисоблайди ICBL-CMC. 

«Ушбу ваҳший қуроллардан фойдаланишни тизимли равишда қоралаш керак»
 
Ташкилот жаҳон ҳамжамиятини «бу ваҳший қуроллардан фойдаланишни тизимли равишда қоралаб, улардан фойдаланишда айбдорларни жавобгарликка тортишга» чақирди. «Кассетали ўқ-дорилар тақиқланганидан 15 йил ўтгач, тинч аҳолининг бундай қуроллардан ҳалок бўлиши виждонсизликдир», деди ушбу ҳисоботни тузган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch вакили Мэри Уэрхем. Ҳуқуқ ҳимоячилари огоҳлантиришича, бу ўқ-дорилар фуқаролик ва ҳарбий нишонларни ажратмайди ва ҳатто ҳарбий можаро тугаганидан кейин ҳам кўп вақт ўтиб қурбонлар келтириши мумкин.

Портлаб, кассетали снарядлар кўп сонли ўқ-дориларни сочади. Кассетали бомбалардан омон қолганлар кўпинча оёқ-қўлларини йўқотади ёки ҳаётий органларида оғир, баъзан бир нечта жароҳатларга дуч келади. Ташкилотга кўра, 2022 йилда жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин қолган кассетали снарядлардан 185 киши яраланган ёки ҳалок бўлган. 

Бундай қуроллардан фойдаланиш, топшириш ва сақлашни тақиқловчи кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенция 2010 йил август ойида кучга кирган. Бугунги кунга қадар уни 124 давлат имзолаган ва 112 давлат ратификация қилган. Конвенцияга аъзо давлатларнинг навбатдаги конференцияси 11-14 сентябр кунлари Женевада бўлиб ўтади. АҚШ ва Украина конвенция иштирокчилари эмас. Handicap International дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади, унинг жамоалари жабрланганлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлайди. 

Мавзуга оид