Жаҳон | 13:30
1957
3 дақиқада ўқилади

ЗАЭС ходими автомобилда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлди

Энергодар «шаҳар кенгаши депутати» Андрей Короткий машинасида қўлбола портловчи қурилманинг портлаши натижасида ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Запорижжянинг россияпараст «ҳокимияти».

Фото: Alexei Konovalov/ITAR-TASS/IMAGO

Россия назорати остидаги Запорижжя атом электр станцияси хавфсизлик бошқармаси гуруҳи раҳбари Энергодарда машинасида қўлбола портловчи қурилманинг портлаши натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Telegramʼда 4 октябр, жума куни эрталаб Россия Федерацияси Тергов қўмитаси хабар берди.

Шу билан бирга, Запорижжя областининг Россия томонидан тайинланган «губернатори» Евгений Балицкий қурбон ким эканини очиқлади — «шаҳар кенгаши депутати» Андрей Юревич Короткий. У далил келтирмасдан, содир бўлган воқеаларда Киевни айблади.

РФ Федерацияси Тергов қўмитаси умумий хавфли усулда қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди.

Энергодарда ЗАЭС ходимининг машинаси портлаши

Тергов маълумотларига кўра, портловчи қурилма ўрнатилган машина Энергодар шаҳридаги Каштанов булварида тўхтаб турган. «Эркак машинага ўтирганида, у ишлаб кетди. Жабрланувчи олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этди», дейилади Россия идораси хабарида.

«Жиноят иши бўйича мазкур жиноятларни содир этишга алоқадор шахсларни аниқлашга қаратилган тергов-тезкор тадбирлари ўтказилиб, воқеа жойини кўздан кечириш чоғида олинган ашёлар, гувоҳлар бўйича суд-тиббий экспертизалар тайинланиб, ўтказилди. Ҳодиса гувоҳлари сўроқ қилинди. Тергов давом этмоқда», — дейилади РФ Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

«Энергоатом»: Россия қўшинлари Запорижжя АЭС электр таъминоти линиясига зарар етказди

2 сентябр куни Россиянинг Украинани навбатдаги оммавий ўққа тутиши натижасида эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станциясида (ЗАЭС) Украина энергетика тизимидан келувчи электр узатиш линияларидан бири шикастланган. Бу ҳақда 3 сентябр куни «Энергоатом» Украина компанияси матбуот хизмати маълум қилди. «Иккинчи линия шикастланган тақдирда, Запорижжя АЭСининг реактор ядролари ва ёнилғи сақлаш ҳавзаларини совитадиган насосларга ташқи қувват йўқолиши сабабли фавқулодда вазият юзага келади», дейилади хабарда.

Компания матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Россия қўшинлари томонидан объектни қайта-қайта ўққа тутиши таҳдиди туфайли украиналик мутахассислар ҳозирча шикастланган жойни кўздан кечириб, электр тармоғини таъмирлаш ишларини бошлай олмаяпти. «Мутахассисларга хавфсизлик кафолатлангандан сўнг, линия таъмирланади», - дея аниқлик киритди «Энергоатом» ва айни пайтда Запорижжяя АЭС Украина энергетика тизимига фақат битта электр линияси орқали уланганлигини таъкидлади, бу эса атом станцияси юқори хавф зонасида эканлигини билдиради.

Мавзуга оид